Линклар

Украина парламенти Виктор Януковични президент лавозимидан четлатиш ва 25 майда муддатидан олдин сайлов ўтказиш ҳақидаги қарори ортидан 25 февраль куни президентлик сайловолди кампанияси бошланди. Харьков вилояти ҳокими биринчи бўлиб президентликка ўз номзодини қўйишини билдирди. Номзодларни рўйхатга олиш 4 апрелгача давом этади.

Украина парламенти Виктор Януковични президент лавозимидан четлатиш ва 25 майда муддатидан олдин сайлов ўтказиш ҳақидаги қарори ортидан 25 февраль куни президентлик сайловолди кампанияси бошланди. Харьков вилояти ҳокими биринчи бўлиб президентликка ўз номзодини қўйишини билдирди. Номзодларни рўйхатга олиш 4 апрелгача давом этади.


Украина Марказий сайлов комиссияси 25 февраль куни эрталаб президентлик сайловолди кампанияси бошланганини ва номзодларни рўйхатга олиш узоғи билан 4 апрель кунига қадар давом этишини эълон қилди.

Украина президенти лавозимига якка шахс ва партия аъзолари ўз номзодини қўйиш ҳуқуқига эга.

Президентликка даъвогар номзод рўйхатдан ўтиш учун 2,5 миллион гривна (280 минг АҚШ доллари) миқдоридаги пулни гаровга қўйиши керак.

Ҳозирга қадар Харьков вилояти ҳокими Михаил Добкин Украина президенти лавозими учун ўз номзодини қўйишини билдирган.

Украина Марказий сайлов комиссияси раиси РИА Новости агентлигига “Удар” партияси лидери Виталий Кличко ва собиқ Бош вазир Юлия Тимошенко президентликка ўз номзодини қўйиши учун тўсиқ йўқлигини айтган.

22 февраль куни Украина парламенти Киевдан номаълум томонга жўнаб кетган Виктор Януковични президентлик лавозимидан четлатиш ва 25 майда муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Душанба куни Янукович 20 февраль куни намойишчилар ва милиция ўртасида содир бўлган тўқнашувларда 82 киши ўлгани воқеаси бўйича “оммавий қирғин содир этганлик”да гумонланиб қидирувга берилди.

Айни пайтда, Украина парламенти миллий бирлик ҳукумати тузиш масаласини овозга қўйишни пайшанба кунига кечиктирди.

Бу масала сешанба куни парламентда муҳокама этилиши режаланган эди.

Украина парламенти раиси ва президент вазифасини вақтинча бажараётган Александр Турчинов овозга қўйиш кечиктирилганини маслаҳатлашиш учун кўпроқ вақт кераклиги билан изоҳлади.

25 февраль куни Украинада президентлик сайловолди кампанияси расман бошланди. Киевда Ғарб дипломатлари билан Украинанинг янги раҳбарлари ўртасида сешанба кунига белгиланган сўзлашувлар чоғида сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар жараёнини тезлаштириш муҳокама этилиши кутилмоқда.

Сешанба куни АҚШ Давлат котиби ўринбосари Вильям Бернснинг Киевга келиши режаланган. Украинага сафар қилаётган Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон сешанба куни эрталаб собиқ Бош вазир Юлия Тимошенко билан учрашди.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг яқин фурсатда Украинага сафар қилишини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG