Линклар

Қозоғистон ва Қирғизистон Россия ТИВ дан Жириновский баёноти бўйича тушунтириш беришни талаб қилмоқда


Россия Либерал-демократик партияси лидери В.Жириновский.

Россия Либерал-демократик партияси лидери В.Жириновский.

Қирғизистон Россия Либерал-демократик партияси раиси Владимир Жириновскийнинг баёноти бўйича Россия Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси йўлламоқчи.

Сешанба куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев Жириновскийнинг сўнгги баёноти “Қирғизистоннинг (Россия етакчилигидаги) Божхоналар Иттифоқига қўшилиши масаласини хавф остига қўйиши мумкинлигини” билдирди.

Қирғизистон парламенти депутатлари Абдилдаевдан Жириновский баёнотига расмий тушунтириш беришни Россиядан талаб қилишни сўради.

23 февраль куни Москвада ўтган йиғилишда Владимир Жириновский маркази Верний шаҳрида бўлган “Ўрта Осиё федерал округи”ни тузиш кераклигини таъкидлаган. Верний ҳозирги Олмаота шаҳрининг эски номи ҳисобланади.

Олмаотада туғилган Жириновский ўз чиқишида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Россиянинг субъектлари ўлароқ битта федерал округга жамланиши кераклиги”ни урғулаган.

24 февраль куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Жириновскийнинг баёноти юзасидан норозилик билдирган эди.

Вазирлик Россия Ташқи ишлар вазирлигидан ЛДПР лидерининг баёноти бўйича тушунтириш талаб қилинган нота тайёрлади.

Ҳужжатда Қозоғистон ТИ вазирлиги томонидан Жириновскийга нисбатан дипломатик чоралар қўлланилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

Владимир Жириновскийнинг “Ўрта Осиё федерал округи”ни тузиш тўғрисидаги баёнотига расмий Тошкент ҳозирча муносабат билдирмади.
XS
SM
MD
LG