Линклар

Киевда Европа Иттифоқига қўшилиш тарафдорлари президент Януковичнинг ҳокимиятдан қувилганини байрам қиларкан, кўпчилик Украина Москванинг таъсир доирасидан буткул чиқди, деган хулосани илгари сурмоқда. Евромайдончилар собиқ президент қасрларини кезиб юрган бир пайтда Украина ва бошқа собиқ иттифоқ республикаларини ўз таъсирида сақлаб қолишга уринаётган Кремль ҳам ўз навбатида иддаоларидан осонликча қайтмаслигига пайдар-пай ишорат қилмоқда.


Украинада ҳар сафар собиқ совет етакчиси Владимир Лениннинг ҳайкали ағдарилганда, Кремль ҳукмдори Владимир Путин ана энди Украинадан “айрилди” деган фикрни илгари сурувчилар кўпаяди.

АҚШ Президенти Барак Обама ўтган ҳафта (19 февраль куни) қилган чиқишида Совуқ уруш даври руҳидаги бундай гап-сўзлар ҳароратини пасайтиришга уринди.

- Қўшма Штатларнинг бу масалага ёндашуви ўлароқ бу воқеаларга худди биз Россия билан шахмат тахтаси устида рақиблик қилаётган деб қарашни истамаймиз. Мақсадимиз Украина халқининг ўз келажаги ҳақида ўзлари қарор бера олишларини кафолатлашдир, деди Обама 19 февраль куни Мексикага қилган сафари чоғида.

Лекин геосиёсий реалликнинг “аччиқ ҳақиқати” бироз бошқачароқ. Бошқа республикалар каби 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери Украина бир томондан ғарбга интилишга ҳаракат қилди, иккинчи томондан Россия собиқ иттифоқ ҳудудида ўз таъсир доирасини сақлаб қолишга ҳаракат қилди.

Пост-совет Украинанинг илк президенти Леонид Кравчук Россия учун Украинани ўз таъсир доирасида сақлаб қолиш эканини айтади.

- Россия, Украинасиз Европа сиёсий саҳнасида аввалгидай катта ўринга эга бўлмаслиги ҳамда Қўшма Штатлар билан рақобат қила оладиган янги ва қудратли тузилмани ярата олмаслигини сезган ҳолда, Украинани ўз қучоғида сақлаб қолишни стратегик вазифа деб билади, дейди Кравчук.

АҚШнинг Уқраинадаги собиқ элчиси Стивен Пайфер ҳам айни фикрни илгари суради.

- Россиянинг бу борада жиддий мотивлари бор. Менимча, бу Владимир Путин учун жуда катта масаладир. Божхона Иттифоқи бу мақсаднинг асосий қисмига айланиши керак. Украина Европа Итифоқига яқинлашган тақдирда, Россия ўз томорқаси, деб ҳисоблайдиган маконда катта бўшлиқ пайдо бўлади. Ва менимча, Владимир Путиннинг ички сиёсати учун ҳам муҳим аҳамияти бор. Украинани ушлаб қолиш ғояси Россиянинг ичида ҳам муҳим маъно касб қилади. Украинани йўқотиш ички сиёсатда ҳам катта мағлубият, деб қабул қилинади, дейди собиқ дипломат.

Лекин Украинанинг аҳамияти Россия учун шунчаки имиж масаласи эмас. “Украинанинг Зарғалдоқ инқилоби” номли китоб муаллифи 23 февраль куни “The Independent” газетасида эълон қилган мақоласида “Украинада ҳақиқий демократиянинг ўрнатилиши Владимир Путин 2000 йилдан бери яратиб келаётган тузум учун жиддий таҳлика туғдиради”, деган фикрни илгари сурди.

Авторитар Россия учун клептократ ҳокимиятнинг ағдарилиши таҳлика бўлибгина қолмай, Украинанинг Москва учун иқтисод ва хавфсизлик жиҳатидан ҳам аҳамияти катта.

Россиянинг Қора Денгиз флоти Украинага қарашли Қрим минтақасининг Севастополь шаҳрида жойлашган. Россия Европага сотадиган газнинг катта қисми Украиндан ўтадиган қувурлар орқали оқади. Бундан ташқари, рус олгархларининг кўпчилиги Украинада, айниқса, мамлакатнинг шарқий қисмида катта бизнес манфаатларга эга.

Таҳлилчилар Россиянинг Украинада ҳарбий интервенцияни бошлаши эҳтимоли йироқ эканини айтади. Бундай интервенция Россия учун 2008 йилда Грузияга қилинган босқиндан кўра анча мураккаб ва қимматроқ бўлиши аниқ.

Лекин, Россия ҳокимияти Украинани “федераллаштириш” ғоясини рағбатлантираётганини кўриш мумкин. Бу тактика Киев ҳукуматига нисбатан босим воситаси ва Москва учун Украинанинг Европа билан интеграциялашуви йўлига ғов қўйиш имконияти сифатида кўрилади.

Кремль очиқ айта олмайдиган позицияларни дағал оҳангда баён этиши билан танилган Россия Давлат думаси раиси ўринбосари, ЛДПР партияси етакчиси Владимир Жириновский якшанба куни Москвада ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида Евромайдон инқолобига муносабат билдириб, Россия нафақат Украина бошқа пост-совет республиклари, жумладан Марказий Осиё мамлакатларини ҳам босиб олиши керак, деган иддаони илгари сурди.

- Ўрта Осиёда ҳеч қандай республикаларнинг кераги йўқ. Ўрта Осиё федерал округи бўлади. Унинг асосий шаҳри Верний менинг ота шаҳрим. Уни ҳозир Олмаота деб қўйишган. Бу ўйлаб топилган ном. Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ҳаммасини ўйлаб топишган. Бу Ўрта Осиё федерал округи бўлади. Малороссия учун эса Малороссия федерал округи тузилади, унинг пойтахти Харьков бўлади, деган иддаони илгари сурди Жириновский.

Дарвоқе Жириновскийнинг бу баёнотига Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон билан Қирғизистонгина норозилик билдириб, Россия ҳукуматига нота юборди.

Айни пайтда Украина иқтисоди қийин аҳволга тушиб қолган. Муваққат ҳукумат мамлакат 35 миллиард долларлик ёрдамга муҳтож эканини билдириб, донорларнинг халқаро конференциясини ўтказиш кераклигини айтмоқда. Украина Россиянинг арзон нархдаги газига жуда муҳтож ва Москва бундан восита сифатида фойдаланган ҳолда, агар истаса Украинада халқ норозилиги ва сиёсий кучлар ўртасида мунозараларни келтириб чиқариши мумкин.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев эса 24 февраль куни қилган чиқишида Украина муваққат ҳукумати легитмлигини шубҳа остига олди.

Вашингтондаги Стратегик тадқиқотлар халқаро институтининг Россия ва Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси Самуэль Шарап, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тортишувлар гирдобида бўлиш Украина учун мустақилликка эришганидан бери оғриқли кечмоқда, дейди. Шу ой бошроғида “Foreign Policy” нашрида эълон қилган мақоласида, таҳлилчи Украинада узоқ муддатли сиёсий ва иқтисодий барқарорликнинг ягона йўли Россия ва Ғарб ўртасидаги Украина масаласида муросага эришишдир, дея ёзди.

“Мавжуд қарамақаршиликлар вазиятида бу масалада муросага келиш амалга ошириб бўлмайдиган орзу бўлиб туюлиши мумкин. Лекин бундан бошқа йўл бўҳроннинг муддатсиз давом этишига сабаб бўлиб қолаверади”, дея хулоса қилади таҳлилчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG