Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:35

Россия Ўзбекистон сўраётган француз Эрик Кокини фаолиятига қизиқмоқда


Адвокатлар Ўзбекистон сўрови билан Москвадаги тергов изоляторида сақланаётган франциялик тадбиркор Эрик Кокинини 6 ой ҳибсда сақлаш қарори устидан шикоят қилди. Айни пайтда тадбиркорнинг ўзбекистонлик рафиқаси Дилдора Кокини турмуш ўртоғи ҳимоясига ижтимоий тармоқларда петиция бошлади. Тадбиркорга қўйилаётган айбловлар жиддий экани боис Москва суди уни суриштирув чоғида ҳибсда сақлашни афзал кўргани айтилмоқда.


Франция ҳукумати Кокини устидан Россия суди ишига аралашмайди

Жорий йилнинг 14 февраль куни Москва суди қарори билан суриштирув давомида 6 ойлик ҳибсда сақлашга қарор қилинган франциялик тадбиркор Эрик Кокинининг Москвадаги адвокатлари суд қарори устида шикоят аризасини киритди.

Адвокатлар Кокини Россия пойтахтига Плеханов номидаги Москва давлат университети ректори Владимир Маунинг шахсий таклифи билан Россия академик форумида иштирок этиш учун келганини гапирмоқда.

Москвадаги Франция элчихонаси вакиллари Озодлик билан суҳбатда 48 ёшли Эрик Кокини тақдирига оид бирор маълумот бера олмаслиги маълум қилди. Элчихона атташеси Алис Рено айни пайтда Кокини масаласида томонлар ўртасида музокаралар кетаётгани ҳақидаги хабарни тасдиқлаш билан чекланди.

Франциядаги Rue89 нашри Франция Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Кэ д`Орсэ тадбиркор Эрик Кокинининг Россияда қўлга олингани юзасидан “Франция ҳукуматининг хориждаги суд маҳкамаларига аралашишга ҳаққи йўқ”, деган расмий баёнот билан чиққанини ёзди.

Шу билан бирга, Франциянинг Москвадаги элчилиги расмийлари Эрик Кокинининг қаерда сақланаётгани ва унинг иши қайси судда кўрилаётганини ҳам сир сақламоқда.

Аммо, Озодлик ўз манбалари орқали Эрик Кокини Москвадан 30 км нарида жойлашган тергов изоляторларидан бирида сақланаётганини аниқлади.


Дилдора Кокини эри ҳимоясига петиция бошлади

Айни пайтда, Ўзбекистон прокуратураси томонидан оғир иқтисодий жиноятлар ва товламачиликда айбланиб, Москванинг Шереметьево аэропортида шу йилнинг 14 январида қамоққа олинган Эрик Кокини ҳимоясига Фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқларда махсус саҳифалар очилди.

Аниқланишича, Эрик Кокинининг асли ўзбекистонлик рафиқаси Дилдора Кокини турмуш ўртоғи ҳимояси учун Францияда ташкил этилган бу ҳаракатга бошчилик қилмоқда.



Франциянинг Côte d’Azur каналига берган интервьюсида Дилдора Кокини эрининг мутлақо айбсиз эканига ишониши ва Ўзбекистонга бериб юбормаслиги кераклигини гапирди.

- Кимлардир уни айбдор ҳисоблаётган бўлса-да, унинг мутлақо айбсизлигига ишонаман. Нима бўлганда ҳам, у французлигича қолмоқда ва биз уни озодликка чиқариш учун бирлашишимиз керак! Уни экстрадициядан сақлаб қолишимиз керак. Ўзбекистонда уни нима аҳволга солишларини тасаввур қилиш қийин! Уни бериб юборишса, мен уни бошқа кўрмаслигим мумкин, - деб кўз-ёш қилди Эрик Кокинининг рафиқаси Дилдора.

Эрик Кокини уч фарзанди ва рафиқаси билан Франция жанубидаги Мовий соҳил бўйида жойлашган Сэн-Жане шаҳарчасида истиқомат қилаётган эди.

Дилдора Кокини эрининг ҳимоясига Франция ҳукумати номига очиқ мактуб ёзди. Ижтимоий тармоқларда Кокини ҳимоясига бошланган петиция остида бугунга қадар 2 минг 700 дан зиёд одам имзо чекди.

Кокинининг адвокатлари Филипп Сусси ва Пол Соллакаролар ўз мижозининг қамоққа олинишини “сиёсий сабабларга кўра гаровга олиш”, деб атамоқда ва шахсан Франция Президентидан ёрдам сўрамоқда.

Юристлар эса Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси аъзоси эмаслиги туфайли унинг экстрадиция қилиниши эҳтимоли катта экани ва Франция ҳукумати маҳбуснинг кейинги тақдирига жиддий таъсир ўтказа олмаслигидан огоҳлантирмоқда.

Кокини Россиядаги бизнесини кенгайтираётган эди

Озодликнинг хавфсизлиги боис исмини ошкор этмаган Москвадаги манбаси Ўзбекистон томони Эрик Кокинига жиддий айблар қўяётгани боис Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари уни бирданига 6 ойлик ҳибсда сақлашга қарор қилганини айтмоқда.

- Менимча, унга қўйилаётган иқтисодий айбловлар жуда жиддий. Одатда, Россия Бош прокуратураси экстрадиция сўрови бўйича тафтишга айнан ярим йил сарфлайди. Россия Кокинини Ўзбекистонга бериб юборишига мен мутлақо ишонмайман, чунки ҳозир ҳатто қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароларини олиб қолишяпти, - деди Озодлик манбаси.

Манба Эрик Кокини сўнгги пайтларда Россиядаги бизнесини ҳам фаоллаштириб юборгани учун маҳаллий махфий хизматлар эътиборини ўзига қаратганини тахмин қилди.

Олинган маълумотларга кўра, Эрик Кокини Татаристонда Франциянинг “София Антиполис” жамғармаси раҳбари маслаҳатчиси сифатида бир қатор келишувларни имзолашда иштирок этган.

Жумладан, роппа-роса бир йил олдин Қозондаги “Иннополис Сити” ширкати билан ҳамкорликда французлар бир нечта янги компаниялар ва илмий-техник марказларни тузишни режалаштирган. Эрик Кокини Татаристон пойтахти биқинида 1200 гектар майдонда “Иннополис” технология шаҳарчаси қурилишига ҳисса қўшган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси эса Кокинини хориж давлатлари банклари ва тизимлари томонидан мамлакат инвестицион лойиҳаларига ажратилган пулларни ўмарганликда айбламоқда.

Эрик Кокини Гулнора Каримова билан ҳамкорликда Тошкентга парфюмерия маҳсулотларини етказишда иштирок этгани айтилади.

Тошкентда бу шахс 90 йиллар охирида пайдо бўлиб, Гулноранинг собиқ эри Мансур Мақсудий ёрдамида Ўзбекистон ҳукумати эшикларини очишга муваффақ бўлган.

Франциялик тадбиркор Кокини Ўзбекистонда парфюмерия савдосидан ташқари нефт ва газ экспорти, шунингдек бутун Марказий Осиё давлатларига Apple компьютерлари импорти билан ҳам шуғулланган.

Эрик Кокинининг махфий хизматларга алоқаси борлигини тахмин қилган Узметроном нашрининг иддао қилишича, бу шахс Ғарб ширкатлари ва Ўзбекистон ҳукумат аъзолари ўртасида воситачилик вазифасини бажарган.
XS
SM
MD
LG