Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:20

“Ўзбекнаво” раҳбари Азамат Ҳайдаров танқидлар ортидан ишдан олинди


"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси собиқ директори Азамат Ҳайдаров.
"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси собиқ директори Азамат Ҳайдаров.
Ўзбек қўшиқчилари учун "вазир" мақомида бўлган "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси раҳбари Азамат Ҳайдаров ишдан олинди. Ишдан олинган Ҳайдаров даврида кўплаб ашулачилар "Пахтага бормадинг!"¸ "Мустақиллик майдонидаги репититцияга кеч қолдинг!"¸"Очиқ-сочиқ юрдинг!" деган важлар билан лицензиядан маҳрум қилинган эди.


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан¸ “Ўзбекнаво”эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

“Ўзбекнаво”эстрада бирлашмасидаги Озодлик манбаларига кўра¸ Азамат Ҳайдаров қўққисдан ва сабаблари кўрсатилмасдан ишдан бўшатилган.

Бирлашма матбуот хизматининг Озодликка хабар беришича, ҳозирча ушбу лавозимга ҳеч ким тайинланмаган.

Вақтинча раҳбарлик “Ўзбекнаво”эстрада бирлашмаси мулозими Музаффар Акрамов зиммасига юклангани билдирилди.

“Ўзбекнаво”эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаровни яқиндан билган тошкентлик журналистнинг исмини айтилмаслик шарти билан билдиришича¸ Ҳайдаров қўшиқчиларни қаттиқўллик билан бошқарган ва уларни жонли ижро қилишга рағбатлантирган.

- Айни талабчанлик баъзи қўшиқчилар тарафидан салбий холат, деб билинган. Бу аснода Ҳайдаровнинг лавозимига ишқибоз бўлган кучлар Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов кўмагида Азамат Ҳайдаровни ишдан бўшатишган¸ - дейди журналист.

Суҳбатдошга кўра¸ мулозимни ишдан олиш ўта ҳақоратомуз бир тарзда, кутилмаганда амалга оширилган:

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Хайдаров расман бу лавозимдан ўз аризасига кўра бўшади. Бўшаган куни у мусиқий мактабдаги "мастер-класс" тадбирини бошқараëтган эди. Аммо охиригача қатнаша олмади. Вазирлар Маҳкамасига зудлик билан чақириб қолишди. Шу тариқа унинг ишдан бўшаш аризасига қўл қўйдиришгани маълум бўлди. Ўз хоҳиши билан бўшашга мажбур бўлди, - дейди маҳаллий журналист.

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий журналист Азамат Ҳайдаров лавозимдалиги пайтида қўшиқчилик ривожига ҳисса қўшгани ва хусусан жонли ижро қилмасдан фонограммада айтадиган ясама қўшиқчиларга қарши жиддий кураш олиб борганини урғулади.

Айни суҳбатдош Азамат Ҳайдаровнинг қўшиқчилик соҳасини қаттиққўл авторитар раҳбар ўлароқ бошқарганини ҳам қўшимча қилди.

- Қаттиққўл бўлгани учун ҳам интизомга эришилди. Азамат Хайдаров бошчилик қилган даврда қаттиққўллик сезиларли даражада бўлди. Ҳаддан ошиб босар-тусарини билмаган қўшиқчилар айнан Азамат Ҳайдаров бошчилик қилган даврда эси жойига келтирилди, - дейди журналист.

Ўзбекистонлик журналист Шароф Убайдуллаевга кўра, бу қатиққўл бошқарув самара бермаган ва айнан Азамат Ҳайдаров бошқаруви пайтида қўшиқчиларнинг эл орасида обрўси тушиб кетган.

Ўтган йили “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Хоразм вилояти бўлими директори лавозимида ишлаган Ўктам Аҳмедов лицензия бериш эвазига санъаткорлардан бир милллион сўмдан уч миллион сўмгача пора талаб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган эди.

Азамат Ҳайдаров бошчилик қилган пайтда "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ашулачиларнинг пахта теримчиларига хизмат қилиши учун "Сафар муборак, пахтакорлар!” деган мажбурий режани амалга оширди.

Бу тадбирда иштирок этмаган қўшиқчилар лицензиядан мосуво қилинган эди.

“Ўзбекнаво” эстрада концерт бирлашмасининг ўз исмини айтмаган мулозими, Озодлик билан суҳбатда Азамат Ҳайдаров бирлашма тарихига ашулачилар учун тарбиявий соатлар ташкил қилган раҳбар сифатида кирганини ҳам айтди.

Суҳбатдошга кўра, "Ўзбекнаво" ашулачиларни лицензиядан мосуво қилишдан олдин улар билан тарбиявий соатлар ўтказишни иложи бўлса уларнинг мажлисда изза қилинишини йўлга қўйган.

Масалан, жорий йил бошида “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмаси ўтказган мажлисда ашулачиларнинг "очиқ-сочиқ кийиниши¸ беҳаë турмуш тарзи" танқид қилинган эди.

Кекса журналист Шароф Убайдуллаев Шерали Жўраев¸ Юлдуз Усмонова¸ Озода Нурсаидова каби қўшиқчиларнинг ярим норасмий тақиқланиши ҳам айнан Азамат Ҳайдаров даврига тўғри келди, деб ҳисоблайди.

- Ўзбекистонда Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Абдулазиз Каримов, Феруза Жуманиёзова сингари таниқли санъаткорларнинг ҳам катта санъат саройларида концерт бериши тақиқланган ва телевидение эшиклари улар учун ёпиқ. Менимча, Азамат Ҳайдаров тепадагиларнинг буйруғи билан бу запретни амалга оширди¸ - дейди ўзбекистонлик кекса журналист.

Ўзбекистон қўшиқчилари ҳақида мақолалар муаллифи¸ тошкентлик ëш журналист Озодлик билан суҳбатда мамлакатда тақиқ қўйилган камида 11 қўшиқчи борлигини айтди.

- Фаррух Зокиров¸ Шерали Жўраев¸ Фаррух Соипов¸ Шахзода Матчонова¸ Отабек Мадраҳимов¸ Шохруҳ рэп¸ Обид Асомов¸ Феруза Жуманиёзова¸ Озода Саидзода¸ Севара Назархон¸ Юлдуз Усмонова. Рўйхатдаги бу ҳофизларнинг миллий телеканалларда кўринмаслиги ва катта залларда концерт қўймаслиги борасида "ҳеч ким кўрмагану, аммо эшитган” буйруқ бор¸ - дейди суҳбатдош.

Тақиқ қўйилган қўшиқчилардан бири бўлган Озода Нурсаидованинг онаси Гулираъно опа Озодлик билан суҳбатда айнан Азамат Ҳайдаров даврида қизи катта саҳнадан мосуво қилингани айтади:

- Қизим Озодани катта саҳнага яқинлаштирмай қўйди “Ўзбекнаво”нинг каттаси. Аммо, мен қизимни запрет қилиш уни тепасидагилар буйруғига кўра амалга ошганини ҳам биламан. Шу боис, Азамат Ҳайдаров кетди, деб суйинганимиз ҳам йўқ. Янги келгани ҳам эскисининг ишини давом эттиради, дейди. Тақиқ қўйилган қўшиқчилардан бири бўлган Озода Нурсаидованинг онаси.

Ўзбекистонлик бир қатор таниқли санъаткорлар Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ишидан қониқмаётганини айтадилар.

Таниқли кулгу устаси Обид Асомов Озодлик билан ўтган йили қилган суҳбатлардан бирида бу ҳақда шундай деган эди:

- Биласизми, бизда раҳбар жойларга номуносиб одамлар келиб қолган. Масалан¸ “Ўзбекнаво”ни вазифаси санъаткорларни санъат даражасини баҳолаб, уларга рухсатнома, яъни лицензия бериш. Мен энг катта лицензияга пул тўлайман. Лекин бир йилдан бери пул тўлайман, булар мени саҳнага чиқаришмайди. Нима эмиш, Обидни концерти мумкин эмас, нима учун мумкин эмас деган саволга ҳеч ким жавоб бермайди. Чунки, “Ўзбекнаво”га ўн йил давомида қурувчи раҳбарлик қилган. Санъатни қурувчи бошқаряпти. Бу абсурд, бу нонсенс. Радиода ҳам телевидениеда ҳам шунақа, уларни ҳазилни тушунмайди, фақат косани тагидан нимкоса қидириб юришади, - деган эди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов.
XS
SM
MD
LG