Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:44

Ричард Ҳоугланд: АҚШ минтақани тарк этиш ниятида эмас


Ричард Хоугланд.
Ричард Хоугланд.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ричард Ҳоугланд Марказий Осиë сафарини давом эттирмоқда. Душанбега қилган икки кунлик ташрифи давомида Ҳоугланд Озодлик радиоси тожик хизматига эксклюзив интервью берди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ричард Ҳоугланд Озодлик мухбири билан суҳбатда Тожикистон раҳбарлари билан мулоқоти чоғида икки томонлама ҳамкорлик, сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда томонлар учун манфаатли бўлган бошқа қатор масалалар муҳокама этилганини айтди.

- Тожикистон расмийлари, айниқса, президент Имомали Раҳмон билан сўзлашувда биз кенг қамровли масалалар, жумладан, минтақага оид масалаларни ҳам муҳокама қилдик. Бизни, айниқса, CASA-1000 электр энергияси лойиҳаси қизиқтирди ва шу ҳақида сўзлашдик. Лойиҳа якунланишига жуда оз қолди. Фақат айрим майда масалаларни ишлаб чиқиш керак. Мен бунга ёрдам бераман, - деди АҚШ мулозими.

НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция кучларининг жанговар қўшинлари 2014 йил охирига қадар Афғонистондан олиб чиқилиши режаланган.

НАТО қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилиши Тожикистонга таъсир этиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан Ричард Ҳоугланд АҚШ минтақани тарк этиш ниятида эмаслигини айтди.

- Қўшма Штатлар бу минтақани (Марказий Осиёни) тарк этиш ниятида эмас. Биз минтақадаги дўстимиз ва ҳамкоримиз бўлган барча давлатлар, жумладан, Тожикистон билан ҳамкорликда иш олиб боришни давом эттириш ниятидамиз. Тожикистон жуда яхши ҳамкор. Биз хавфсизлик, наркотиклар ва экстремизмга қарши кураш ҳамда бошқа масалаларда бирга ишлаганмиз, - деди Ричард Ҳоугланд.

Тожикистонда Роғун ва Қирғизистонда Қамбарота ГЭСлари лойиҳаси минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларга соя солиб келаётган омиллардан бири ҳисобланади.

Озодлик мухбирининг "Тожикистон ва Қирғизистонда баланд тўғонлар қурилиши масаласига муносабатингиз қандай?" деган саволига Ричард Ҳоугланд бу борада Жаҳон банки хулососи эълон қилинишини кутиш жоиз бўлишини айтди.

- Бу ҳақда узил-кесил бир гап айтишга ҳозир вақт эрта. Чунки Қўшма Штатлар ва Тожикистон ҳамда бошқа донорлар мазкур лойиҳани амалга ошириш имкониятлари хусусида Жаҳон банки шу йил ўрталарида ўз ҳулосасини эълон қилишини кутмоқда. Ана шу хулоса эълон қилинганидан кейин биз қарор қабул қиламиз, - деди АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Ричард Ҳоугланд.

Қиймати қарийб бир миллиард АҚШ доллариини ташкил қиладиган CASA-1000 лойиҳаси Тожикистондан Афғонистон ва Покистонга йилига 6 миллиард киловатт соат электр энергияси экспорт қилишни назарда тутган.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон бир неча йилдан бери Тожикистон ва Қирғизистондаги ГЭС лойиҳалари амалга оширилишига қарши бўлиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG