Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:55

Қирғизистонда имомлардан тилхат олинмоқда


Жалолобод вилояти қозияти масжид имомларидан “Ҳанафий мазҳабига риоя қилган ҳолда ишлаймиз” қабилида тилхат ёздириб олмоқда. Қозият фикрича, бу чора диндорларни турли диний оқимлар таъсиридан сақлаб қолишга қаратилган.

Жалолобод вилоят қозиси Абдулазиз Закиров масжид имомларидан “Ҳанафий мазҳабига риоя қилган ҳолда ишлаймиз” қабилида тилхат ёздириб олинаётганини тасдиқлади. Унга кўра, вилоятдаги 600 масжидда хизмат қилаётган барча имомлар тилхат ёзиши шарт.

-Мен Абу Ҳанифа мазҳабига риоя қилган ҳолда ишлайман, деб тилхат олаяпмиз. Бундан ташқари ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам имомларни бир қатор текшириб, уларнинг судланмагани, турли бошқа экстремистик диний оқимларга алоқадор эмаслги ҳақида справка беришади. Биз муллаларни 24 соат давомида назорат қила олмаганимиз учун ҳам, масъулиятни уларнинг зиммасига юклаяпмиз, –деди вилоят қозиси.

Қирғизистон муфтияти Жалолободда имомлардан тилхат ёздириб олиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирмоқда. Қирғизистон муфтийси вазифасини бажарувчи Мақсад хожи Токтомушевнинг айтишича, бир неча ҳафта олдин диний вазият муҳокма қилинган Мудофаа кенгаши йиғинида ҳам Ҳанафий мазҳабини тарғиб қилиш ишлари кучайтирилиши лозимлиги қайд этилган.

-Бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб хориж ташкилотлари фаолият кўрсатаяпти. Улар ёрдам берамиз деса, ёрдамни икки қўллаб оламиз ва миннатдорчилик билдирамиз. Аммо уларнинг бирортасига диний жабҳада ўз мафкурасини, сиёсатини тарғиб қилишига йўл бермаймиз. Покистон, Туркия, Миср ва бошқа давлатларда диний таълим олган уламолар ҳам Қирғизистонда фақат Ҳанафий мазҳабини тарғиб қилиши шарт, -деди Қирғизистон муфтийси.

Бироқ диншунос Самаган Мирзаибраимов имомлардан Ҳанафий мазғаби талаблари асосида ишлаш тўғрисида тилхат олиниши мамлакатдаги тақиқланган диний оқимлар тарғиботининг сусайишига сабаб бўлади, деган фикрдан узоқда эканини билдирди:

- Муфтият ва қозият мана шундай йўл билан ўзини-ўзи ҳимоя қилмоқчи бўлаётир. Имомларнинг бирон бир бошқа оқимга алоқадорликда айблаб қўлга олишса, улар тилхатни кўрсатиш билан ўзларидан масъулиятни соқит қилиш ниятида шундай йўл тутишмоқда. Бундай йўл билан зарарли диний оқимларнинг тарғиботи сусайишига ишонмайман, -деди Самаган Мирзаибраимов.

Сўнгги бир ой ичида Ўшда камида етти киши диндорларни Сурияда жиҳод қилишга даъват этганликда ва террорчи гуруҳга аъзоликда айбланиб қўлга олинди.

Жалолобод вилоят қозиси Абдулазиз Закировнинг айтишича, Қорасувдаги мажид имомининг ноиби Ўшда олти одамни жиҳодга даъват қилиб, Сурияга кетишга ундаганликда гумонланиб қўлга олингач, мана шундай қарор қабул қилинган.

Қорасув тумани Қизил меҳнат қишлоғи масжиди ноиби Баҳром Мамасодиқов 16 февраль куни қўлга олинган эди. Ўш шаҳар Ички ишлар бўлимида ҳибсда сақланаётган Баҳром Мамасодиқов 20 февраль куни Озодлик мухбирига берган интервьюсида ўзига билидирлган айбловларни кесин рад этишини айтган эди.
XS
SM
MD
LG