Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:12

Бир йилдан ошиқ хорижга чиққанлар ҳарбий хизматга олинмайди


Озодликка ҳарбий хизматга қўйилмаган ўзбекистонлик йигитдан келган бу хабарни Мудофаа вазирлигининг Қашқадарë вилояти бошқармаси расмийси тасдиқлади. Расмийга кўра¸ хориждан қайтган ёшлар бир йил мамлакат ичкарисида муқим яшаб¸ махсус текширувдан ўтгач ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин.

Россиядаги меҳнат муҳожирлигидан қайтган қашқадарёлик Маҳмуд бир йиллик ҳарбий хизматга олинмагани ҳақида Озодликка хабар йўллади:

“Мен Россияда бир йил ишлаб қайтдим. Олий ўқув юртига ўқишга кирмоқчи эдим, лекин имтиҳон баллари жуда баланд. Агар бир йиллик хизматни қилсам, менга балл имтиёзи бериларди. Ҳарбий комиссариатга борсам, паспортни кўриб четга узоқ муддатга чиққанларни бир йиллик ҳарбий хизматга олмаймиз, деб айтишди. Биз четга фақат ишлагани учун чиққандикку, лекин бизга шпиондай муносабатда бўлишди”, деб ёзади қашқадарёлик Маҳмуд.

Қашқадарё вилояти Мудофаа ишлари бўйича бошқармасининг овози ёзиб олинмаслик шарти билан Озодликка гапирган мулозими мамлакатдан узоқ муддатга чиқиб кетган ёшларнинг бир йиллик ҳарбий хизматга олинмаслигини тасдиқлади:

- Четга чиқиб келганлар режимний командага олинмайди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг махсус йўриқномаси бор. Бунинг сабаби шундай. Масалан, у Россияда нима ишлар қилиб келган, кимлар билан алоқада бўлган, буни ҳеч ким билмайди, дейди суҳбатдош.

Мулозим, четдан қайтган йигит камида бир йил Ўзбекистонда муқим яшаб¸ махсус текширувлардан ўтганидан сўнггина ҳарбий хизматга чақирилиши мумкинлигини билдирди:

- Масалан¸ бу йил Россиядан қайтган ёшлар 2014 йилга кетолмайди. У 2015 йилда чақирилиши мумкин. Бу муддат орасида у Ўзбекистонни бошқа тарк этмаслиги ва ҳозирдан тайёргарлигини бошлаши керак. Август ойида тестларга қатнашади, комиссиялардан ўтишни бошлайди. Тегишли органлар текшириб рухсатнома бергандан сўнггина¸ ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин, деди Мудофаа ишлари бўйича бошқарма мулозими.

Суҳбатдошнинг айтишича, четга чиқиб келган ёшлар сафарбарлик чақируви заҳирасидаги бир ойлик ҳарбий хизматга чекловсиз чақирилиши мумкин.

Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бўйича бошқарма мулозимининг айтишича, бир йилдан ошиқ хорижга чиққанларнинг ҳарбий хизматга олинмаслиги фақатгина меҳнат муҳожирларига эмас, балки хорижда ўқиб қайтган ёшларга ҳам тегишли.

Мулозимга кўра, хориж олийгоҳларини тугатиб қайтган ёшларнинг хориждаги фаолияти ҳам тегишли идоралар томонидан махсус текширилганидан сўнг, ҳарбий хизматга рухсат берилади.

Ўзбекистонда ҳарбий хизматнинг тўртта тури бор. Ёшлар муддатли ҳарбий хизмат, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат, контракт бўйича ҳарбий хизмат ва қуролли кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизматини ўташлари мумкин.

Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизмат вақти 12 ой, олий маълумотли шахслар учун эса 9 ой қилиб белгиланган.

Бир йиллик армияда бўлганларга олийгоҳлар кириш имтиҳонларининг умумий баллидан 27 баллик имтиёз берилади.

Кўпчилик ёшлар, айниқса МХХ ёки милицияга ишга кирмоқчи бўлганлар бир йиллик ҳарбий хизматни бир ойликдан устун қўяди.

Сафарбарлик чақирув резервидаги хизмат учун эса хизмат ўтовчи йигитлар давлат ҳисобига энг кам иш ҳақининг 25 баробари миқдорида ҳақ тўлаши лозим бўлади.
XS
SM
MD
LG