Линклар

"Катта пора" жанжали Эрдўғон ва оиласини ҳам домига тортмоқда


Эрдўғон интернетда эълон қилинган телефон суҳбатини "монтаж" деб атади

Эрдўғон интернетда эълон қилинган телефон суҳбатини "монтаж" деб атади

Жорий ҳафта Туркия Бош вазириЭрдўғоннинг ўз ўғли билан уйда сақланаëтган бир неча ўнлаб миллион нақд еврони қандай қилиб яшириш ҳақидаги телефон суҳбати экани иддао этилаëтган аудиоëзувлар Интернетда пайдо бўлди.

Телефон суҳбатида Эрдўғон гўёки ўғли Билол билан йирик миқдордаги пулларни қаерга яширишни муҳокама қилди.

Бу аудиоëзувларни монтаж ва тажовуз деб атаëтган Эрдўғон¸ уни март ойига белгиланган маҳаллий сайловлар ва август ойига белгиланган президент сайлови арафасида ўз ҳукуматига қарши уюштирилган фитнанинг бир қисми деб баҳолади.

Туркия Миллий мажлиси (парламент) депутатлари олдида чоршанба куни гапирган Эрдўғон аудиоёзувлар "уятсизлик билан монтаж" қилингани ва бу унинг шахсигина эмас¸ балки Туркия Бош вазирига қарши ҳужум эканини айтди.

"Бу аудиони ўртага чиқарганлар Туркия Бош вазирини нишонга олмоқда ва улар қонун олдида жавоб берадилар," дея таъкидлади ўз нутқида Эрдўғон.

Ҳаққонийлиги расман исботланмаган телефон суҳбати гўёки декабрь ойида бўлиб ўтган.

Бу суҳбатлар Туркиядаги бир-биридан мустақил иккита мутахассис тарафидан тахлил қилиниб¸ ҳақиқатга яқин деб топилди.

“Чўнтагимда бор йўғи 30 миллион еврогина қолди”

Душанба куни Youtube порталида Туркия Бош вазирининг ўғли билан суҳбати дея ишонилган бешта аудиëзув пайдо бўлди.

17 ва 18 декабрь кунлари бўлиб ўтгани иддао қилинаëтган бу телефон сўзлашмаларида овози Эрдўғонники деб билинган шахс ўз ўғлига уйидаги миллионлаган нақд пулларни бекитишни сўрайди.

Овоз эгаси 17 декабрь куни уч нафар вазирнинг ўғиллари уйида прокуратура тинтув ўтказгани боис¸ ўз ўғлига уйни нақд пулдан холи қилишни маслаҳат беради.

Айни ўша кунлари Туркиядаги уч вазирнинг ўғли пора бериш ва олишга алоқадорлик айбловлари билан ҳибсга олинган эди.

Овози Эрдўғонники деб билинган шахс "уйдаги нақд пул сонини нолга тушир" дея топшириқ беради ўз суҳбатдошига.

Кейинги ëзувларда “ўғил” отасига қилинган иш ҳақида ҳисобот бериб¸" уйни пулдан тозаладим" дейди. Отаси ўғлидан “ Ëнингда пул қолдими?¸деб сўрайди .

“Ўғил” эса “Чўнтагимда бор-йўғи 30 миллион еврогина қолди” деб жавоб беради.

Чоршанба куни Youtube порталига қўйилган Билол Эрдўғон билан Амина Эрдўғон ўртасидаги суҳбат дея иддао қилинган яна бир аудиокомпроматда 30 миллион евро масаласига қайтилади. Онаси ўғлига уйда қолган 30 миллион еврони иккита лойиҳа ичига “чўктириш”ни таклиф қилади.

Миннатли “Хизмат”

Туркиядаги икки газета - "Yeni Safak" ва "Star"га кўра, телефон суҳбатлари АҚШда истиқомат қилувчи диний пешво Фатҳуллоҳ Гуланга яқин прокурорлар топшириғи билан ёзиб олинган.

Бу газеталар мухбирларига кўра¸ Эрдўғон ўзининг коррупцияга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни мўътадил мусулмонлар ҳаракати - "Хизмат" томонидан уюштирилган фитна, деб ҳисоблайди.

Фатҳуллоҳ Гулан Туркия ичкарисида "параллел давлат" қуришга уринаётганликда айбланади.

Кузатувчиларга кўра¸ Эрдўғон ҳукумати билан АҚШда яшаётган исломий уламо Фатҳуллоҳ Гулан ўртасида ҳокимият учун кураш кетмоқда.

"Нурчилар" номи билан ҳам билинган "Хизмат" ҳаракати раҳбари Гуланнинг турк полиция ва адлия тизимида кўплаб тарафдорларга эга экани айтилади.

Айни кузатувчилар Фатҳуллоҳ Гулан Эрдўғоннинг яқин ўтмишдаги собиқ иттифоқчисидир¸деган фикрда ҳам якдил. Уларга кўра¸ Тақсим майдонида ўтган йил юзага чиққан оммавий норозиликлар¸ уларга нисбатан Эрдўғон ҳукумати муносабати иккаласи ҳам исломий мафкурага таянадиган Эрдўғон ва Гулан ўртасига зиддият солган ва иттифоқчилик бузилган.

Фатҳуллоҳ Гулан 1999 йилда ўша пайтдаги ҳукумат томонидан исломий давлат қуриш ҳаракатларида айбланганидан хабар топган куни Туркияни тарк этган эди.

Гулан кейинроқ маҳкама томонидан оқланишига қарамай, Туркияга қайтмаган ва ҳозирда АҚШнинг Пенсилвания штатида яшайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG