Линклар

logo-print

Қрим ҳукумати ва парламентини эгаллаб олган қуролли гуруҳ бинолар томларига Россия байроқларини тикди


Украина муваққат президенти Олександр Турчинов Қримда ҳукумат ва парламент биноси қуролланган кишилар томонидан босиб олиниши муносабати билан чиқиш қилиб, жамоатчиликни босиқликка чақирди. Пайшанба куни ҳукумат биноларини эгаллаб олган гуруҳ бинолар томларига Россия байроғини тикди.

Украина Олий Радаси депутати, Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилевнинг Озодликка айтишича, биноларни эгаллаб олганлар ҳарбий кийимда бўлган, лекин ҳеч қандай белгилари йўқ.

Шу билан бирга, Жамилевнинг айтишича, қуролланган гуруҳ ичида Севастополдаги Россия Ҳарбий флоти аскарлари борлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.

“Қрим татарлари провокацияларнинг олдини олиш мақсадида ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядлари ташкил қилинди”, дея билдирди Жамилев.

Президент Турчинов Симферополдаги бинолар босиб олиниши ортида “ҳарбий киймдаги жиноятчилар” турибди, дея билдирди. У шунингдек, Россияни Қримда “ҳарбий агрессия” бошлашдан огоҳлантирди.

Қрим Бош вазири Анатолий Могилёвнинг айтишича, биноларни 50 чоғли эркакдан иборат гуруҳ эгаллаб олган, лекин ҳозирча ҳеч қандай талабни илгари сургани йўқ.

Президент Виктор Янукович ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан Украинанинг асосан этник руслар истиқомат қиладиган Қрим минтақасида айирмачилик кайфияти борасида хавотир билдирилмоқда.
XS
SM
MD
LG