Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:46

Мустафо Жамилов: Қримдаги ҳодисалар - провокация!


Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилев
Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилев
Қрим ҳукумати ва парламентини эгаллаб олган қуролли гуруҳ пайшанба тонгда бинолар томларига Россия байроқларини тикди.

Пайшанба тонгида юз берган бу ҳодиса ҳақида парламент мажлисида гапирган Украина муваққат президенти Олександр Турчинов Симферополдаги бинолар босиб олиниши ортида “ҳарбий кийимдаги жиноятчилар” турибди, дея билдирди.

У шунингдек, Россиянинг Қримда “ҳарбий агрессия” бошлаш эҳтимолидан огоҳлантирди.

Украина Олий Радаси депутати, Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамиловнинг Озодликка айтишича, биноларни эгаллаб олганлар ҳарбий кийимда бўлган, лекин ҳеч қандай белгилари йўқ.

Шу билан бирга, Жамиловнинг айтишича, қуролланган гуруҳ ичида Севастополдаги Россия Ҳарбий флоти аскарлари борлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.

Қрим мухтор республикаси прокуратураси бу ҳодиса юзасидан Украина Жиноят Кодексининг 258-моддасига асосланиб иш очди.

Қримда Россияга тарафдор ва қарши намойишчилар тўқнашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:43 0:00

Прокуратура биноларни эгаллаб олишни “ террорчилик амалиëти” деб баҳолади.

Прокуратура матбуот хизматининг Озодликка маълум қилишича¸ Қрим ҳукумати ва парламентини ҳар бирида 15 киши бўлган икки номаълум қуролли гуруҳ ишғол қилган.

Номаълум ишғолчилар бино эшикларини бузиб кириб¸ ўзларини ичкаридан қулфлаб олишган. Прокуратура матбуот хизматига кўра¸ ишғолчилар бирор бир талабни илгари суришмаган.

Қрим Бош вазири Анатолий Могилёвнинг айтишича, биноларни 50 чоғли эркакдан иборат гуруҳ эгаллаб олган, лекин ҳозирча улардан ҳануз бирор мужда чиқмаган.

Украина муваққат президенти Олександр Турчинов Қримда ҳукумат ва парламент биноси қуролланган кишилар томонидан босиб олиниши муносабати билан чиқиш қилиб, жамоатчиликни босиқликка чақирди.

Украина Олий Радаси депутати, Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилов Озодлик билан суҳбатда бу ҳодисани “сурбетларча провокация” деб атади.

“Қрим татарлари провокацияларнинг олдини олиш мақсадида ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядлари ташкил қилишди”, дея билдирди Жамилов.

Жамиловнинг айтишича¸ Қрим ярим оролидаги мусулмон ва татарлар Украинанинг парчаланмаслиги учун жиддий мужодалага киришган.

- Кеча Қрим татарлари "Яшасин бўлинмас Украина!" деган шиор остида кўпминг сонли митинг қилишди. Уларнинг бугунги вазифаси провокацияларга йўл қўймаслик учун оëқда маҳкам туриш¸ деди Жамилев.

Янукович ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан Украинанинг асосан этник руслар истиқомат қиладиган Қрим минтақасида айирмачилик кайфияти кучайгани борасида хавотир билдирилмоқда.

Украина хавфсизлик хизмати Қримга қараб келаëтгани кузатилган Россияга оид зирҳли техника йўли тўсилажагини билдирмоқда.

-Ходимларимиз жамоатчилик осойишталигини ҳимоя қилиш учун муяйан тадбирларни амалга оширади¸ деб билдирди Украина хавфсизлик хизмати вакили Озодлик билан суҳбатда.

ОАВ маълумотларига кўра¸ Севастополдаги Россия Ҳарбий флотини қўриқлаш иддаоси билан Россиянинг 7 БТРи мазкур ҳудудда турибди.

Украина муваққат президенти Олександр Турчинов Россия ҳарбий кучларининг ҳар қандай ҳаракатланиши ҳарбий агрессия дея баҳоланиши борасида Кремлни огоҳлантирди.

Турчинов бу баëнотни Олий Раданинг бугунги мажлисида билдирди.

Ўз нутқида Турчинов Россия мулозимлари ва ҳарбийларини Украина суверенитетини ҳурмат қилишга чақирди:

- Мен Россияни Қора денгиз флотининг Қримда жойлашувига оид тамал шартномаларга риоя қилишга чақираман. Россия Қора денгиз флоти раҳбарларидан талабим шу. Ҳарбийлар шартномада кўрсатилган чегараларда қолсинлар. Уларнинг бу чегарадан ташқаридаги ҳар қандай ҳаракатланишини биз ҳарбий агрессия дея баҳолаймиз¸ деди Турчинов.

Сўнгги хабарларга кўра¸ муваққат президентнинг бу огоҳлантирувидан сўнг Симферополь яқинидаги Укромний қишлоғидаги Россия БТРлари ўз мунтазам жойлашув базасига чекинган.

Норозилик нотаси

Куннинг иккинчи ярмида Россиянинг Украинадаги муваққат вакили Андрей Воробьев Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Андрей Воробьевга Россия Қора денгиз флотининг Қримдаги дислокацияси ва Қримдаги бинолар ишғоли юзасидан ҳавотир изхор қилинган норозилик нотаси топширилди.

Нотада Украина билан Россия ўртасида 1997 йили имзоланган ҳамкорлик шартномасининг еттинчи бандига риоя қилиш сўралган.

Ўз нотасида Украина ТИВ¸ Россия Федерацияси билан 1994 йил Будапештда имзоланган меморандум асосида Украина мустақиллиги¸ суверенитет ҳамда чегараларнинг бутунлигини хурмат қилиш мажбуриятида эканлигини эслатди.
XS
SM
MD
LG