Линклар

ИИВ "экстремист диндор"лар овини давом эттирмоқда


Рўйхатдагиларнинг аксари ҳозирда Афғонистон ва Покистонда жон сақлаëтган Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггариларидир.

Рўйхатдагиларнинг аксари ҳозирда Афғонистон ва Покистонда жон сақлаëтган Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггариларидир.


Ўзбекистон махсус хизматлари диний- экстремистик ва террорчи ташкилотларга мансубликда гумонланаётган қарийб 1500 одамни қидирувга бергани ҳақидаги махфий ҳужжат фош этилди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бош бошқармаси томонидан тузилган ушбу рўйхатга жами 1444 шахс киритилган.


Рўйхатни қўлга киритган ўзбекистонлик журналист Алексей Волосевичнинг Озодликка билдиришича, бу ҳужжатдан Ўзбекистонда экстремизмда гумонланиб, қидирилаётганлар миқёсини билиб олиш мумкин:

- 407 саҳифадан иборат ҳужжат ҳозир қўлимда. Расман “Фотоальбом” деб аталувчи бу рўйхатда қидирилаётган шахслар ҳақида маълумотлар, улар фотосуратлари билан келтирилган. Кўпчилигининг фотосуратлари паспорт бўлимларидан олинган, афтидан. Паспорт учун туширилгани билиниб турибди. Рўйхатдаги айрим эркак ва аёлларниннг фамилиялари бир хил, афтидан уларнинг кўпчилиги эр-хотин. Рўйхатда келтирилган шахсларнинг кўпчилиги таниш. Масалан, Обид қори Назаров, Абдували қори Мирзаев, қорақолпоғистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Абутов ва ҳоказолар. Рўйхатда, шунингдек, татарча ва ҳатто русча исмлар ҳам бор. Масалан, тошкентлик Самойлов Павел Евгеньевич деган шахс рўйхатда Жиҳодчилар гуруҳи аъзоси сифатида келтирилади, дейди Волосевич.

Рўйхат саҳифаларидан бири.

Рўйхат саҳифаларидан бири.

Қидирилаётганларнинг 633 нафари Ўзбекистон исломий ҳаракати, 298 нафари акромийлик, 295 нафари жиҳодчилик, 125 нафари Ҳизбут-Таҳрир, 62 нафари Исломий жиҳод иттифоқи, 25 нафари нурчилар, 4 нафари Таблиғи жамоат, 2 нафари эса Тавба гуруҳига аъзоликда гумон қилинмоқда.

Журналист Алексей Валосевич Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бош бошқармаси томонидан тузилган бу рўйхат ички фойдаланиш учун тайёрланган бўлиши мумкин, деган тахминда:

- Ҳали бу рўйxат ҳеч қаерда эълон қилинмаган. Афтидан Ички ишлар вазирлиги бу рўйxатни аэропорт, вокзаллардаги чегара xизмати ходимлари учун тайёрлаган. Мамлакатга кираётган одамларни мана шу рўйxат асосида текшириш, гумонланганларни ушлашга кўрсатма берган бўлиши мумкин, дейди Вoлосевич.

Журналистга кўра, экстремизмда гумонланиб, қидирилаётганларнинг кўпчилиги Фарғона водийсидан. Жумладан, рўйxатда Андижон вилоятидан 392, Наманган вилоятидан 228, Фарғона вилоятидан 122 нафар шахснинг исми келтирилган:

- Улар¸ асосан¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати, Жиҳодчилар, Акромийлар, Ҳизбут-Таҳрир, Нурчилар, Таблиғи жамоат гуруҳлари аъзолари экани айтилади. Лекин, улар ҳақақатан ҳам экстрмистик гуруҳларнинг аъзоларими, бу тамға уларга қайси мезонлар асосида урилганини билиш қийин, дейди ўзбекистонлик журналист Алексей Волосевич.

Тошкентлик диний фаол Мўътабар Аҳмедованинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда юқорида тилга олинган диний гуруҳлар аъзолари деярли қолмаган:

- Ҳаммасини териб олиб кетиб, қамашди. Мана шу жамоалар номидан қанча-қанча ёшлар, қанча-қанча аёллар қамалиб кетди. Лекин мен шу қамалганлардан, уларнинг яқинларидан "Шунақа ташкилотларни эшитганмизлар?" деб сўрасам, "Бунақани эшитмаганмиз, фақат давлатни телевидениесидан эшитганмиз", дейишади. Лекин Ҳизбут-Таҳрирга аъзолар бор. Улар ичкарига кириб кетган, ўзини ошкор қилмайди. Диндорларнинг қамалмаганлари таъқиблардан қочиб, бошқа давлатларга ҳам кетиб қолишган, дейди Аҳмедова.

Ўзбекистонда қидирилаётганлардан бири ҳозирда Швецияда бошпана топган қорақалпоғистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Абутовдир.

Абутовнинг айтишича, Ўзбекистонда қидирилаётган диндорларнинг кўпчилиги чет мамлакатлар фуқаролигини олишган:

- Бу рўйхатдагиларнинг кўпчилиги ҳозир швед фуқаролигини олган. Лекин Ўзбекистон шунга қарамай уларни ўз махфий рўйхатига бериб, излаб юрибди. Энг қизиғи, Ўзбекистон уларни Интерпол, Шанхай Ҳамкорлик ташкилотидаги тузилмалар орқали ушлашга ҳаракат қилади, буни иложи бўлмаса¸ уларни жисмоний йўқ қилишга уринади. Бунинг натижасини кўрдик, Ўзбекистон Обид қори акани Швециядан топширилишини талаб қилиб келган, сўраган, ололмаган ва охир-оқибат у кишига суқасд қилинди, дейди Абутов.

Қидирилаётганлар рўйхатида бўлган таниқли имом Обид қори Назаров¸ Швецияда бошпана олганидан тўрт йил ўтиб¸ 2012 йил 22 февраль куни ўз уйи йўлагида суиқасдга учради ва ҳозирда комада қолмоқда. Назаров Ўзбекистон "қора" рўйхатида Жиҳодчилар оқими раҳбари сифатида қайд этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG