Линклар

logo-print

13 яшар синглисини туғдирган хоразмлик йигит устидан суд бошланди


Шовот туманидаги деворий расм.

Шовот туманидаги деворий расм.

27 февраль куни Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 13 яшар туғишган синглиси номусига тегиб, уни ҳомиладор қилган 25 яшар йигит устидан маҳкама жараёни бошланди. Озодлик манбаларига кўра¸ ҳозирда қиз ўқишни уйида давом эттираяпти¸ чақалоқ эса “Болалар уйи”га топширилган.

Ўз синглисини ҳомиладор қилган бўйрачилик йигит Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 118-моддаси¸ яъни "Номусга тегиш" жинояти бўйича айбланмоқда.

Бу ҳақда бўйрачилик ака-сингил воқеасини ўрганган Озодлик манбаси маълум қилди.

(13 яшар қизалоқ ва унинг акаси исм- фамилияси Озодликка маълум. Лекин ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатдан уларнинг исм- шарифини ошкор қилмаяпмиз.)

Бўйрачилик йигит¸ агар айбдор деб топилса, 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Жиноят Кодексининг 118-моддасида 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Бўйрачи қишлоқ фуқаролар йиғинидан олинган маълумотга кўра, воқеа ошкор бўлгач¸ қизнинг акаси ҳибсга олинган ва у Хоразм вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида сақланмоқда.

Ҳозирча ўз синглиси номусига теккан аканинг маҳкамаси билан боғлиқ тафсилотлар Озодликка маълум эмас.



Қизнинг ҳомиладор бўлганини ҳеч ким билмаган

Бўйрачилик ака-сингил воқеасини ўрганган Озодлик манбасига кўра, қизнинг ҳомиладор бўлганини унинг ойи-куни етмагунча ҳеч ким билмаган.

Қиз тўққиз ой давомида мактабда ўқишини давом эттирган, ҳатто туғишидан бир кун олдин ҳам дарсга борган.

“Қизча 18 январь куни ҳам дарсга борган. Ҳатто жисмоний тарбия дарсида ҳам иштирок этган. Лекин на ўқитувчиси, на синфдошлари унинг ҳомиладор эканлигини билмаган. Эртаси якшанба куни кечқурун уни шифохонага олиб кетишган”, дейди Озодлик манбаси.

Манбага кўра, қизнинг ҳомиладор эканлигидан нафақат мактабдагилар, ҳатто ота-онаси ҳам бехабар бўлган.

“Ота-онаси ҳам қизнинг ҳомиладор эканини билмаган. 19 январь куни қизчанинг тўлғоғи бошланган. Онаси қишлоқ амбулаториясидаги докторларни чақирган. Улар қизчани аппендицит деб ўйлаб, унга оғриқ қолдирувчи укол қилишган. Кейин уни Урганчга шифохонага олиб борган. Қизчани текшириб кўрган докторлар унинг ҳомиладор эканини айтиб, Шовот туғруқхонасига жўнатган. Эртасига 20 январь куни у туққан”, дейди Озодлик манбаси.

Манбамизнинг хабарига кўра, чақалоқ туғилиши билан Урганч шаҳридаги “Болалар уйи”га топширилган.

Ака-сингилнинг отаси¸ айтилишича¸ ногирон бўлиб, оёқ-қўли ишламайди, онаси эса¸ ишсиз¸ уй бекаси.

Қизча акаси билан бир хонада яшаган

13 ëшида¸ ўзи билиб-билмай она бўлган қиз ҳаëти тафсилотларини ўрганган Озодлик манбасига кўра, қиз акаси билан битта хонада яшаб келган.

“Бизда қишда жуда совуқ бўлади. Газ йўқ. Совуқда ҳамма битта хонага қамалиб ётишади. Булар акаси билан синглиси ҳам бир хонада ухлашар экан. Акаси синглиси билан неча марта жинсий алоқа қилгани номаълум. Бу энди судда маълум бўлади”, деди Озодлик манбаси.

Ҳозирда 13 яшар қиз ўқишини уйида давом эттираяпти.

“Унинг ўқитувчилари уйига бориб дарс бераяпти. Энди унинг адаптация қилиши учун шу ишни қилишган. Шунча воқеадан кейин мактабда синфдошлари ортиқча гап-сўз қилишса, ўзини бирор нарса қилиб қўймасин, деб шундай қилишган”, деди манбамиз.

Воқеа тафсилотларини ўрганган Озодлик манбасига кўра, бу воқеа ортидан вояга етмасдан туққан қиз ўқиган мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ишдан олинган.

Маълум бўлишича, сўнгги бир йил давомида ушбу мактаб директори ишда бўлмаган.

Шовот туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, мазкур мактаб директори устидан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, жиноят ишининг вояга етмасдан туққан ўқувчиси билан алоқаси йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG