Линклар

Самарқанддаги олтин конида милиция ходими калтаклаб ўлдирилди


Uzbekistan -- Uzbek newspapers, 11May2013

Uzbekistan -- Uzbek newspapers, 11May2013

Намангандаги газ қуйиш шахобчасида “Нексия” портлади. Дунёга машҳур ёзувчи Пауло Коэло ўзбек газетасига интервю берди. Сурхондарё ҳайвонот боғидаги Линда лақабли шер тўртта шербачча туғди. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Намангандаги газ қуйиш шахобчасида “Нексия” портлади”

Наманган вилоятининг шу номли туманидаги “Эзгу ният сари” жамиятига қарашли автомобилларга газ қуйиш шахобчасида 20 февраль куни портлаш рўй берди (“Диёнат”, 27 февраль).

Шахобчанинг 7-газ қуйиш колоннасидаги “Нексия” автомобили юқори босимга дош беролмай портлаб кетган. Оқибатда, машина тўлиқ яроқсиз ҳолатга келган.

Газета қурбонлар бўлгани ҳақида хабар бермаган. Наманган вилояти ёнғин хавфсизлиги идораси расмийси Одилбек Шарипов автомобил эгаларини газ баллон ускуналарини фақат махсус лицензияга эга устахоналарда, баллоннинг сифатли эканига ишонч ҳосил қилгандан кейингина ўрнатишни маслаҳат беради.

“Самарқандлик олтин ўғрилари милиция ходимини калтаклаб ўлдирди”

Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги Навоий кон металлургия комбинатига қарашли олтин конини қўриқлаётган милиция ходими босқинчилар томонидан дўппослаб ўлдирилди (“Ҳуқуқ”, 27 февраль).

Бош прокуратура вакили Бобур Камоловга кўра, етти нафар йигит Қорақўтон конига давлат рақами олиб қўйилган “УАЗ” машинасида бостириб кирган ва кондаги таркибида қимматбаҳо металл бўлган 10 қоп тошни ўғирлаб ортга қайтган.

Йўлда уларни милиция ходими Жўрамурод Қодиров тўхтатган. Олтин тош ўғрилари эса милиция ходимини дўппослаб ўлдирган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

Қайд этилишича, жиноятчилар қидирувдан кейин топилган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди исми ошкор этилмаган 6 нафар йигитга 19 йилу 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган. Милиция ходимини кўрган заҳоти қочиб кетган йигитга эса 3 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

“Тошкентда яшаш ғорда яшашга тенглаштирилди”

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги бир қатор кўчаларда, хусусан, Аброр Ҳидоятов номли кўчада яшовчи юзлаб хонадонлар электр энергияси кучсизлигидан азият чекмоқда (“Новий век”, 27 февраль).

Электр энергиясининг кучсизлиги туфайли электр жиҳозлари – музлаткич, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печлар ишламаяпти.

“Электр энергиясидан фойдаланганимиз учун мунтазам пул тўлаётган бўлсак-да, худди ғорда яшаётгандекмиз. Туманимизда электр энергияси соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун кимга мурожаат қилиш керак ўзи?” деб ёзади Юлдуз Раҳимова.

“Дунёга машҳур ёзувчи Пауло Коэло ўзбек газетасига интервю берди”

Бразилиялик машҳур адиб, асарлари 160 мамлакатда 100 миллиондан ортиқ нусхада сотилган Пауло Коэло Ўзбекистонда чоп этиладиган “Китоб дунёси” газетасига интервю берди. Ушбу суҳбат газетанинг жорий йил 3-сонида чоп этилган.

“Болалигимда ота-онам ёзувчи бўлишимни исташмаган. Улар Бразилияда ёзувчилик орқасидан қорин тўйғазиб бўлмаслигини қайта-қайта такрорлашар ва ҳақ эдилар. Ҳозир ҳам айтишим мумкинки, иқтисодий масалалар гирдобидаги одамдан яхши ижодкор чиқмайди” дейди машҳур адиб.

Коэло Шарқ адабиётига ва маданиятига муносабатини шундай изоҳлаган: “Лотин Америкасида “бразилиялик Румий” деган лақабим борлигини менга кўп айтишган... Шарқ адабиётига келсак, очиғи чуқур таниш эмасман. Аммо шарқона фалсафадаги некбинлик менга бегона ҳам эмас. Румийни кўп ўқийман, ундан кўп нарса топаман”.

“Сурхондарё ҳайвонот боғидаги Линда лақабли шер тўртта шербачча туғди”

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри ҳайвонот боғида парвариш этилаётган Линда лақабли шер биратўла тўртта шербаччани дунёга келтирди (“Даракчи”, 27 февраль).

Ҳайвонот боғи раҳбари буни кўп йиллардан бери кузатилмаган ҳодиса деб атаган. Айни пайтда шербаччалар карантин ҳолатида сақланмоқда.

Маълумотларга қараганда, ҳайвонот боғида ўтган йили ҳам иккита шербачча туғилган.

“Икки-уч ёшдан кейин булар вояга етган бўлади. Бу вақтда уларда ўзига яраша йиртқичлик хусусиятлари вужудга келади... Цирк билан ҳайвонот боғи ўртасида жуда катта тафовут бор. Шу боис ҳам бироз вақт ўтганидан сўнг шер болалари махсус қафасда сақланади”, деди ҳайвонот боғи ходими Дилбар Йўлдошева.

“Солиқчилар қуёш генератори ўрнатган фуқародан солиқ талаб қилди”

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи фуқаро Х.Бозоров уйига экологик тоза энергия ишлаб чиқаридиган қуёш генератори ўрнатган. Ҳудуд солиқ идораси эса фуқародан бунинг учун солиқ тўлашни талаб қилган (“XXI аср”, 27 февраль).

Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати ходими Музаффар Назаров ушбу ҳолатни изоҳлаб, қуёш генераторидан фойдаланганлик учун ҳеч қандай солиқ ундирилмаслигини маълум қилган. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакили ҳам қуёш генератори зарарли газ ёки буғ чиқармаслиги, шунинг учун ҳам бунинг учун бирор тўлов кўзда тутилмаганини айтган.

“Кран жўмрагида сув сизиши туфайли ойига 6 минг литр сув исроф бўлади

Кран жўмрагидан диаметри 1 миллиметр ҳажмда сув сизиб чиқиши натижасида бир ойда 6 куб метр ёки 6 минг литр сув исроф бўлади (“Инсон ва қонун”, 25 февраль).

“Сувсоз” корхонаси маълумотларига қараганда, унитазда жуда кам миқдорда сувнинг сизиши ҳам бир ойда 40 куб метр сувнинг исроф бўлишига олиб келади.

Хонадонда сув ҳисоблагич ўрганатилмаган бўлса, бир ойда киши бошига сув сарфи 9,9 куб метрни ташкил қилса, ҳисоблагич ўрнатилганида бу кўрсаткич 4,07 куб метрга камаяди. Душда 3 дақиқа чўмилиш пайти 36 литр сув сарфланса, ваннага сув тўлдириб чўмилганда 270 литргача кетади.

“Сувсоз” корхонасига кўра, бир кишига бир ойга белгиланган сув меъёри 330 литрни ташкил этади.

“Қўл ҳақининг урф бўлиши тамагирликнинг урчишига сабаб бўлмоқда”

Жамиятнинг турли соҳаларида “қўл ҳақи”, яъни бирор ишни битириш эвазига пул бериш одати тамагирликнинг урчишига сабаб бўлмоқда (“Ҳуррият”, 26 февраль).

Газетанинг ёзишича, шифокорга, ўқитувчига, назоратчига ва ҳоказо турли соҳа вакилларига қўл ҳақи бериш зарур деган нотўғри қараш ва одат шаклланиб улгурди.

“Ҳар қандай урфнинг пайдо бўлишига биринчи навбатда ўша муҳитнинг ўзи сабабчи. Турли соҳаларда мавжуд бўлган “қўл ҳақи”дан кўз юмолмаймиз. Бунга ҳам аввало ўзимиз сабабчи – “унинг ҳам бола-чақаси бор” деган андишага бориб, ўзимизни оқлаб ҳам қўямиз. Кимгадир “қўл ҳақи” бериб, “хизмат”ини қилиб уни тамагирликка даъват этамиз. Ваҳоланки, ҳар қандай ижтимоий қусур биринчи навбатда жамиятнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатади”, деб ёзади нашр.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG