Линклар

logo-print
28 февраль куни Россиянинг Ростов шаҳрида Виктор Янукович Украина президентлигидан қувилганидан сўнг ўзининг илк матбуот анжуманини ўтказди. Янукович ўзини ҳануз легитим президент эканини айтиб, Украина ҳукумати тепасига келган шахсларни экстремистлар дея атади.

Виктор Янукович Ростовдаги анжуман пайти ўзини ҳануз легитим президент экани ва Украинани таҳдид хавфи боис тарк этганини айтди.

- Мени ҳеч ким ағдаргани йўқ. Мен ўз ҳаётим ва яқинларим ҳаётига бўлган таҳдид туфайли Украинани тарк этишга мажбур бўлдим, деди Янукович.

У Украинани фашистпараст кучлар эгаллаганини даъво қилиб, бу кучларга қарши курашишини таъкидлади.

- Мен Украина келажаги учун курашни давом эттириш ниятида эканимни айтиш фурсати етди. Мен террор ва қўрқув орқали мамлакатни эгаллаш ниятида бўлганларга қарши курашаман. Мен буни жамоатчилик олдида маълум қиламан, деди Янукович.

Иқтидордан ҳайдалган Янукович ушбу кураш учун Россиядан ҳарбий ёрдам сўрамаслигини айтди. Айни пайтда Янукович ўз ҳаёти ва оиласи хавфсизлиги учун кафолат олган тақдирда Украинага қайтишини айтди.



Янукович Украинадаги янги ҳукумат, Олий Радани нелегитим дея атаб, украиналиклар зўравонлик ва хунрезлик хавфи остида эканини айтди.

Шунингдек, у Украинадаги инқилобий ўзгаришларда "радикал мухолифатни қўллаб-қувватлаган ғарб мамлакатлари"ни айблади.

- Бу Майдонни рағбанлантириб турган Ғарбнинг маъсулиятсиз сиёсати маҳсули. Лекин Украина кучли давлат. Биз албатта вазиятдан чиқиб кетамиз. Киев ва бошқа шаҳарлардаги қуролланган шахслар кўчаларни бўшатиши шарт. Украина фуқаролари нормал ҳаёт билан таъминланиши лозим. Украинанинг ушбу бўҳрондан чиқиши анча қийин бўлади. Қурбонлар ва кўрилган талофатлар ушбу сиёсий бўҳрон туфайли юзага келди, деди Янукович.

У мамлакатдаги бўҳрон пайти барқарорликни таъминлаш имконига эга эмаслигидан “уялиши”ни айтиб, украиналиклардан кечирим сўради.

Шунингдек, Янукович Россия президенти Владимир Путин билан учрашмагани, у билан фақат телефон орқали гаплашганини айтди.

Киевда эса сиёсий ўзгаришлар давом этмоқда. Янукович ҳукуматига қарши чиққан мухолифат лидерларидан бири Арсений Яценюк янги ҳукуматга Бош вазир этиб тайинланди.

Яценюкнинг айтишича, Янукович президентлиги даврида 70 миллиард доллар Украина молиявий тизимидан офшор ҳудудларга олиб чиқилган ва 37 миллиард долларлик қарз нималарга сарфлангани ноаниқ қолмоқда.

Халқаро валюта фонди молиявий қийинчиликларга дуч келган Украинанинг янги ҳукуматига қарз бериш масаласини муҳокама қилиш учун Киевга ўз мутаҳассасисларини юбораётганини маълум қилди.

Қримда аэропорт қамал қилинди

Қримда қуролли шахслар "Кримаэрорух" авиация ташкилотини қамал қилишди.

Озодлик радиосининг Украин хизмати маълумотига кўра, самолётда ташланган Россия Қуролли кучларининг махсус хизмати ҳарбийлари Симферополь аэропортини қамал қилган.

Қрим ахборот агентлиги –КИАнинг Симферополь аэропорти хавфсизлик хизматига таяниб хабар қилишича, аэропорт ходимлари ичкарида йўловчиларни қўриқлаяпти, бино ташқарисини эса қуролланган ҳарбийлар эгаллаган.

Хабарларга кўра, Россия Қора денгиз флотининг ҳарбий кемалари Севастополь яқинига жойлашиб, Украина давлат чегара хизмати кемаларининг ҳаракатланишига имкон бермаяпти.

Интернетда пайдо бўлган видеоларда, Россиянинг 10 та вертолёти Севастополнинг Бельбек аэропорти томон учаётгани тасвирлангани хабар қилинди.

Украина Ички ишлар вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Арсен Аваковга кўра, аэропорт номаълум ҳарбийлар томонидан ишғол қилинган.

Аввалроқ Қора денгиз флоти Белбек аэропортининг қамал қилинишига алоқаси йўқлигини билдирган эди.

Айни пайтда Украина парламенти АҚШ, Буюк Британия ва Россияни Украина суверенитетини кафолатлашга чақирди.

Сергей Аксёнов Қрим Бош вазири бўлди

Украинанинг Қрим мухторияти Бош вазири этиб “Рус бирлиги” партияси лидери Сергей Аксёнов тайинланди.

Аксёнов журналистлар билан учрашувда ҳуқуқий жиҳатдан Виктор Янукович ҳануз Украина президенти сифатида қолаётганини таъкидлади.

У шунингдек, Россиянинг молиявий кўмагига умид қилаётганини айтди.

Пайшанба куни эрталаб Қрим парламенти амалдаги ҳукуматга ишончсизлик билдириб, Анатолий Могилёвни лавозимидан бўшатган эди.

Маҳаллий депутатлар ҳам мухторият ваколатларини кенгайтириш бўйича референдум ўтказишни 25 майга белгилашди.


Қуролли гуруҳ Симферополь аэропортига бостириб кирди

Бир гуруҳ қуролланган кишилар 28 февралга ўтар кечаси Украинанинг Қрим маъмурий маркази бўлмиш Симферополь шаҳри аэропортига бостириб киришди.

Бу ҳақда хабар берган Украинанинг “Интерфакс” ахборот агентлигига кўра, аэропортга кирганлар Қримдаги ҳукумат ва парламент биносини эгаллаб, у ерда Россия байроғини тиккан кишилар каби кийинган ва қуролланган.

“Украинская правда” газетасининг воқеа жойидаги манбасига асосланиб хабар қилишича, 150га яқин қуролланган кишилар аэропортнинг ички қатновлар терминалида туришибди. Ҳозирча улар ўз талабларини билдирмаган.

Симферополь аэропорти оддий тартибда ишлаётгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG