Линклар

Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонликларга кўра¸ айрим маҳаллий муллалар¸ республика диний идорасидан келган қандайдир ҳужжат борлигини иддао қилиб¸ никоҳ ўқиш учун 50 мингдан 100 минг сўмга қадар пул талаб қилмоқда. Озодлик боғланган Ўзбекистон Мусулмонлар идораси мутасаддиси¸ бундай ҳужжат йўқлиги ва никоҳ учун бериладиган ҳақ ихтиëрий белгиланишини билдирди.

Сурхондарëлик Бахтиëр бундан икки ой муқаддам уйланган. “Расмий никоҳдан ўтиш учун олинадиган ҳар хил қоғозлар ва уларга кетган пуллар бир томон бўлдию¸ домланинг таъмагирлиги бир бўлди. Дашнободдаги саноқли лицензияли домлалардан эканини рўкач қилган мулла¸ шунча пул берасан¸ деб туриб олди”¸ дейди бундан оғринганини яширмаган сурхонлик куëв:

- Мулламиз битта қоғоз кўрсатди. Мулланинг ўзига 52 минг сўм тўладим. Уйга келди. Қўлидаги битта қоғозни кўрсатиб¸ 52 минг сўм менга¸ 52 минг сўм мачитга берасан¸ деб туриб олди. Расмий қоғоз бўлса¸ менга ҳеч қандай квитанция бермади. Шунча берасан¸ ками йўқ¸ деб талаб қилиб туриб олди. Қишлоқнинг энг катта¸ лицензияси бор мулласи битта шу¸ ҳаммага шунча нарх қўяяпти. Мен ҳайрон бўлсам¸ яқинда шунақа қонун чиқди¸ Ўзбекистон диний идорасидан шунақа қонун келди¸ деди. Лекин ҳеч қанақа қонунни кўрсатгани йўқ. Ҳозирги нархи 104 минг сўм экан¸ дейди Озодликка сим қоққан сариосиëлик йигит.

Ўрол ака Сурхондарëнинг Жарқўрғонидан. Ўтган йил келин олган бу суҳбатдошга кўра¸ маҳаллий муллаларнинг олдиндан белгиланган прейскуранти борлиги кўпчилик учун янгилик эмас:

- Бизда ҳам белгиланган нархи бор. Ҳар бир жамоа хўжалигида никоҳ ўқиши мумкин фақат битта домла бор. Бошқалар ўқиса жуда катта штраф солади¸ қўймайди. Рухсати бор домла никоҳ нархи шунча¸ дейди шуни тўлайсиз¸ бошқа иложи йўқ. Ўтган йили келин олганимда 50 минг сўм берасан деди¸ бердим¸ нима қиламан. Қанақадир қонун бор эмиш¸ дейди жарқўрғонлик Ўрол ака.

Ўзбекистонда исломий никоҳ ўқитиш учун расмий идоралар томонидан белгиланган аниқ прескурант борми¸ деган саволга ойдинлик киритиш мақсадида Озодлик мухбири Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво бўлими раҳбари Шайх Абдулазиз Мансурга мурожаат қилди.

Диний мутасадди¸ маҳаллий имомлар халққа рўкач қилаëтган қонун ва ҳужжатнинг Ўзбекистонда йўқлигини таъкидлади:

- Йўқ¸ унақа қонун ҳам йўқ¸ унақа кўрсатма ҳам йўқ. Бу ихтиëрий нарса. Бунақа ҳолга дуч келаëтганлар Тошкентга¸ диний идорага шикоят ëзишсин¸ вақтида жавоб қилинади. Никоҳ нархи ҳеч қаерда белгилаб қўйилмаган¸ мана бунча берсин¸ деб. Бу хайриялар ихтиëрий иона ҳисобланади. Менга бунча берасан¸ деган домла нотўғри гапирган бўлади¸ унинг чорасини кўриш керак бўлади. Агар биз билсак шундайларни¸ уларга¸ албатта¸ чора кўрилади.

Бирорта домланинг бунча пул бер¸ дейишга ҳаққи йўқ¸ дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво бўлими раҳбари Шайх Абдулазиз Мансур.
Исломий мутасаддига кўра¸ Ўзбекистоннинг ҳар туманида камида 10 та масжид бор ва бу масжид имомлари¸ ҳамда улар ноиблари никоҳ ўқишга ҳақли; махсус лизенцияси бўлмаганларнинг никоҳ ўқишига эса рухсат йўқ.

Озодлик билан суҳбат давомида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмийси¸ ҳатто расман никоҳ ўқишга ҳақли деб топилган муллалар савияси ҳам баъзан талабга жавоб бермаслигини таъкидлади:

- Лицензияси борларни ҳам имтиҳон қилиб кўрдик. Ўшалар ҳам никоҳ ўқишни яхши билмас экан. Ҳаммасини тўплаб¸ қайта ўргатдик биз. Энди лицензияси йўқлар¸ умуман тескари никоҳ ўқишлари мумкин. Ҳозир битта районда 10-15 та мачит бор. Ҳар бир масжид имомига никоҳ ўқишга¸ диний маросимларни ўтказишга рухсат берилган. Лицензия дегани мадрасини битириб олган дипломдир аслида¸ дейди Шайх Абдулазиз Мансур.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG