Линклар

Калининградда Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган яна бир ўзбек муҳожири йўқолиб қолди. 33 ёшли Латиф Жалолбоев ҳимоячилари бу йигит Ўзбекистон махфий хизматлар томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкинлигини иддао қилаяпти. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Латифнинг яна икки акаси айни айбловлар билан Россия изоляторларида ётганини маълум қилди.

28 феврал куни эрталаб Калининграднинг Гвардейский туманидаги 7-сонли ахлоқни тузатиш колониясидан озодликка чиққан 1981 йилда туғилган ўзбекистонлик Жалолбоев Латиф Турсунович ўғирлаб кетилди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари маркази фаоли Баҳром Ҳамроев Латиф номаълум шахслар томонидан машинага солиб олиб кетилгани аниқлаганини айтди.

- Мен ҳозир Калининграднинг Гвардейский шаҳарчасидаман. Бугун саҳар соат 7:00-да 7-сонли колониядан уни озод қилишган ва кимлардир колония эшиги тагидан мажбуран машинага миндириб олиб кетишган. У менга телефон қилиб “Ака, мени ўғирлаб кетишяпти, тезроқ келинг!”, деди. Уни аслида бугун 11:00-да қўйиб юборишлари керак, уни эса эрталаб чиқариб юборишган. Мен “09:15-да Калининград аэропортида бўламан, вақтини чўзишга ҳаракат қилинг”, деб айтдим. У имкони йўқлигини айтди, олиб кетяпти, деди. Мана энди, ҳақиқатан гувоҳи бўлдим – бола йўқ, дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоли Латифни олиб кетилаётганига шу қамоқхонада жазо ўтаётган бошқа бир шахс гувоҳ бўлганини аниқлаган.

Баҳром Ҳамроев Латиф ва унинг яна икки акаси - 32 ёшли Жалолбоев Олим ва 29 ёшли Жалолбоев Ҳакимлар Ўзбекистонда қидирувда эканини гапиради.

- Уч ака-ука қамоқхонада ҳозир, Северний посёлкасидаги миграция марказида, чунки улар олдин 4-тергов изоляторида эди. Улардан бири (19 яшар Ўзбекистон фуқароси Абдусамад Фазлиддинов – таҳр.) ўзини осиб ўлдирган эди. Булар ҳаммаси Калининградда биргаликда қурилишда ишлашган. Латифни Ўзбекистон махфий хизмати олиб кета олмаган эди олдин: буни тўхтатиб қолган эдик, дейди 2 йилдан бери ака-ука Жалолбоевлар “Мемориал” ҳимояси остида эканини гапирган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

Суҳбатдошга кўра, Жалолбоев Латиф 2012 йилнинг ўрталарида ўз юртдошлари берган қалбаки пул билан дўкондан харид қилаётганида қўлга тушгани ва икки йиллик қамоққа маҳкум этилган.

Аниқланишича, Жалолбоевлар халқаро терроризм ва экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланмоқда.

Ҳамроев одам ўғирланиши юзасидан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилгани ва Латиф Жалолбоев полиция томонидан қидирилаётганини билдирди.

- Латифни ўғирлаб кетилгани юзасидан ариза бердим, у ҳозир қидирувга берилди. Гап шундаки, Ўзбекистон махфий хизматлари Россия махфий хизматларини ҳам алдашга ўтган. Ўғирланаётган одамларни посольство берган “Ватанга қайтиш ҳужжати” билан олиб кетиляпти: ҳар бир ўғирланаётган одам учун тайёр сертификатлар бор. Яъни ноқонуний йўллар билан, алдаб олиб кетишяпти. Ваҳоланки, Жалолбоевлар қочқинлик мақомини олиш арафасида турибди, деди Баҳром Ҳамроев.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг 15 ноябр куни Москванинг Внуково аэропортида Калининграддан Наманганга транзит билан учиб кетаётган беш нафар ўзбекистонлик ҳибс этилган эди.

Озодлик сўровига полиция бўлимида Дадаев Абдусамад, Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, Низомов Авазбек, Жалолбоев Олим, Жалолбоев Ҳакимжонлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-моддаси асосидаги айбловлар билан қидирувда эканини билдиришган.

7 декабрь куни наманганликлар сақланаётган СИЗО-4 тергов изоляторига уч нафар Ўзбекистон ички ишлар ходимлари келган ва уларни сўроққа тутган. Маҳбуслардан олинган маълумотга кўра, уларга Ўзбекистонда ҳибс этилган бошқа бир танишининг тирноқлари юлинган ва калтакланган юзи тасвирга туширилган фотолар кўрсатилган, улар аллақандай ҳужжатларга қўл қўйишга мажбурланган.

Маҳбуслардан энг ёши бўлган Абдусамад Фазлиддинов ўзбек милиция ходимларининг гап-сўзларидан кейин тушкунликка тушиб қолган ва икки кун ўтиб – 9 декабр куни ўз камерасида чойшабдан арқон ясаб ўзини осиб ўлдирган.

Озодлик 2012 йилнинг 27 декабрида 19 яшар Ўзбекистон фуқароси Абдусамад Фазлиддиновнинг жасади яқинлари томонидан Москвадан Наманган шаҳрига олиб кетилгани ҳақида хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG