Линклар

Ўзбекистон автомобиль саноати вакиллари Қозоғистон расмийлари билан UzDaewoo машиналарига жорий қилинган тақиқни бекор қилиш борасида музокара қилмоқда. Ўтган ҳафта Қозоғистон саноат вазирлиги Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Daewoo Nexia ва Matiz машиналарининг мамлакатга импорти тақиқланишини эълон қилди. UzDaewoo ширкатининг Қозоғистондаги вакилларига кўра, Ўзбекистон томони машиналарга жорий қилинган тақиқни ҳеч бўлмаганда 2015 йилгача тўхтатиб туришни сўрамоқда.



Ўзбекистон автомобиль саноати вакиллари шу ҳафта бошроғида Қозоғистон Саноат ва янги технологиялар вазирлиги вакиллари билан музокара қилгани тўғрисидаги хабарни мазкур идоранинг метрология ва мувофиқлик бошқармаси мутасаддиси тасдиқлади. Лекин, деди исмини очиқламаган Қозоғистон расмийси, музокаралар натижасида бир қарорга келингани йўқ.

Қозоғистон Саноат ва янги технологиялар вазири ўринбосари Альберт Рау махсус хавфсизлик воситалари бўлмган ўзбек машиналарини мамлакатга экспорт қилиш тўхтилганини тасдиқлади.

Ундан аввал эса қозоқ матбуоти бу тақиқ Қозоғистоннинг Божхона иттифоқига қўшилгани билан боғлиқлигини хабар қилди.

Лекин Россия етакчилигида тузилган Божхона иттифоқи расмийлари Озодлик сўровига жавобан бу хабарни инкор қилди.

Россия, Беларус ва Қозоғистонни ўз ичига олган Божхона иттифоқи котибиятига кўра, ўзбек автомобилларига тақиқ Қозоғистон ҳукумати тарафидан, бир томонлама тарзда жорий қилинган.

Қозоғистон Саноат ва янги технологиялар вазирлиги мутасаддиси ҳам ўзбек машиналарини сотиб олиш мамлакатда амал қилаётган иккита регламентга кўра тўхтатилган. Улардан бири 2007 йилда, бошқаси 2008 йилда қабул қилинганини таъкидлади қозоқ расмийси.

Ўзбекистон автосаноати вакилларининг Қозоғистон ҳукумати билан музокараларида хавфсизлик талаблари масаласи кутилмаганда юзага келгани боис, Uzdaewoo автомобилларига мазкур талабларни тадбиқ қилишни 2015 йилгача қолдириб туриш масаласи муҳокама қилинган.

Қозоғистондаги UzDaewoo расмий дилери Озодлик билан суҳбатда бу масала ижобий ҳал бўлишига умид қилаётганини айтади.

- Ҳозирча бу борада, яъни мозокаралар ҳақида ёки тақиқ тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Лекин Nexia машиналарини Қозоғистонга 2015 йилгача тўсиқсиз олиб кирилишига рухсат беришлари мумкинлиги тўғрисида умидлар бор, деди UzDaewoo расмий дилери.

Қозоғистонда сотиладиган ўзбек автомобилларининг энг харидоргири Nexia автомобили ҳисобланади. Айнан Nexia ва Matiz машиналарида қозоқлар талаб қилаётган хавфсизлик ёстиқчаси, ABS тормоз тизими ва болалар ўриндиғи учун ISOFIX қулфлари йўқ. Масалан Chevrolet маркаси остида чиқадиган машиналарнинг экспорт вариантларига бу воситалар ўрнатилади.

Айни пайтда, МДҲда ўзбек машиналари билан савдо қилувчи ширкатлар Ўзавтосаноат вакиллари билан Ўзбекистон автомобилларини экспорт қилувчи давлатлар талабига мослаш тўғрисида музокара қилаётгани айтилмоқда.

Uz-Daewoo ширкатини Россияда тамсил қилувчи Узавторус компанияси ижрочи директори Игорь Давидов Озодлик билан суҳбатда бу масалада ўзбек автомобил ишлаб чиқарувчилар билан иш олиб борилмоқда, дея қўшимча қилди Узавторус ширкати раҳбари.

- Ҳозир бу автомобилларда уларни импорт қиладиган давлатлар талаб этадиган опциялар, яъни хавфсизлик воситаларини ўрнатиш борасида иш олиб борилмоқда. Шуни айтишим мумкинки, ўзбекистонлик автомобил ишлаб чиқарувчилари бу масалага жиддий қарамоқда, дейди Узавторус ширкати ижрочи директори Игорь Давидов.

Расмий маълумотларга кўра, 2013 йилда Россия ҳудудида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 23 мингдан ошиқ Matiz ва қарийб 29 мингта Nexia машинаси сотилган.

Айни даврда Ўзбекистон Қозоғистонга 10 мингдан зиёд Nexia ва 13 мингдан зиёд Matiz русумли астомашина экспорт қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG