Линклар

Россия Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базаларини кучайтиради


Россиянинг Қирғизистондаги Қант ҳарбий базаси.

Россиянинг Қирғизистондаги Қант ҳарбий базаси.

Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга таянган ҳолда бир қатор ахборот агентликлари хабар тарқатди. Таҳлилчилар фикрича, Россия минтақадаги ҳарбий базаларини кучайтириш билан ўзининг геосиёсий вазиятини мустаҳкамлашга ҳаракат бошлаган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу рус матбуотига Қирғизистондаги Қант ҳарбий ҳаво базасига қўшимча кучлар киритилишини билдирган. Хабарларда айтилишича, Россиянинг Қирғизистондаги Қант ҳаво базасига янги ишлаб чиқарилган МИ-8 вертолётлари ва тўртта СУ-25 русумидаги қирувчи самолётлар олиб келинади.

Бундан ташқари Россия мудофаа вазири Тожикистондаги 201-рус ҳарбий базасига ҳам қўшимча ҳарбий кучлар киритилишини эълон қилган.

Ахборот агентликлари Россия Мудофаа вазири минтақадаги ҳарбий базаларини кучайтирилишига қандай сабаблар борлигини ошкор этмаганини ёзмоқда.

Қирғизистонлик хавфсизлик бўйича эксперт Тўқтўғул Қақчикеев фикрича, Россия 2014 йилда АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан чиқарилиши ортидан минтақадаги ҳарбий базаларини кучайтириш режасини амалга ошира бошлаган.

-Қирғизистон ва Тожикистондаги ички вазият бир-бирига жуда ўхшаш. Бу икки мамлакат ўта оғир вазиятларни бошдан кечирган. Қирғизистон ва Тожикистонда ички сиёсий кучларнингг ўзаро келишмовчиликлари оқибатида турли низоларнинг пайдо бўлиши хавфи жуда кучли. Иккинчидан, бу мамлакатлар Афғонистонга жуда яқин. Россия хавфсизликни таъминлаш мақсадидида мана шундай ишларни амалга оширмоқчи, -деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов эса Россия минтақадаги ҳарбий базаларини кучайтира бошлаганини геосиёсий вазият билан боғлайди. Унинг фикрича, айни дамда Марказий Осиё минтақаси учун йирик давлатлар ўртсаида геосиёсий кураш бошланган.

-Йирик давлатлар ўртасида Марказий Осиё учун кураш 2-3 аср муқаддам бошланган. Ҳозирги кунда минтақани ўз таъсирига олиш учун геосиёсий кураш энг кучайган бир палладир. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё геосиёсий курашларнинг асирига айланиб қолиш таҳдиди остидадир. Бундай шароитда минтақа давлатлари ўз миллий хавфсизлигини кучайтириш билан бир қаторда, усталик билан дипломатик музокараларни олиб бориши зарур. Минтақа хавфсизлигини мустаҳкамлашга қайси давлат ёрдам беришидан қатъий назар, энг аввало бу ёрдамнинг ортида қандай сиёсий мақсадлар борлигини илғаб олиб, кейин қарор чиқаришимиз шарт бўлади, -деди Аликбек Жекшенкулов.

2001 йилда Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги “Манас” аэропортида АҚШ ҳарбий базаси ташкил қилинган эди. Қирғизистон ҳукумати АҚШ базасининг ҳозирлик муддати юзасидан имзоланган шартнома узайтирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилгач, Америка ҳарбийлари Бишкекни тарк эта бошлади. АҚШ ҳарбийлари Бишкекдан шу йилнинг июл ойигача тўлиқ олиб чиқиб кетилиши эълон қилинган.

Айни пайтда Россия расмий Бишкек билан Қант шаҳридаги ҳарбий ҳаво базаси ҳозирлиги муддатини яна 49 йилга узайтириш тўғрисидаги шартномани имзолаган. Мазкур шартнома 2012 йилда қабул қилинган.

Россия президенти Владимир Путин 2012 йилнинг 5 октябрида Душанбеда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан Россияга қарашли 201- ҳарбий базанинг Тожикистон ҳудудидаги ҳозирлиги муддатини яна 30 йилга, яъни 2042 йилгача узайтириш тўғрисидаги шартномани имзолаган эди.

201- ҳарбий базанинг Тожикистон ҳудудидаги ҳозирлиги муддати 2014 йилда якунланиши кутилаётган эди. 201-ҳарбий база Россиянинг ҳориждаги энг йирик объектларидан бири ҳисобланади. Базада 7000 аскар ҳарбий хизмат ўтайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG