Линклар

logo-print

АҚШ президенти Барак Обама 28 февраль куни Оқ уйдан туриб қилган баёнотида Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларидан жиддий ташвиш билдирди ва бу ҳаракатлар учун албатта жавобгарлик бўлишидан огоҳлантирди.

“Украина халқи ўз келажагини ўзи белгилаш имкониятидан фойдаланишга ҳақлидир. Бутун инқироз давомида биз айнан шу тамойилга амал қилиб келдик”, деди Барак Обама.

Президент Обама бир неча кун олдин президент Путин билан мулоқот қилганини ва унга Украинани барқарорлаштириш учун биргаликда ҳаракат қилишни таклиф этганини айтди.

“Энди эса биз Россиянинг Украина ҳудудида олиб бораётган ҳарбий ҳаракатларидан жиддий ҳавотирдамиз. Украина суверенитети ва ҳудудий даҳлсизлигининг поймол этилиши ҳаддан зиёд беқарорликни келтириб чиқаради. Бу эса Украина, Россия ва Европа манфаатларига зиддир”, деди Барак Обама.



АҚШ президенти ўзининг бу қисқа баёнотини қилар экан, юзида ташвиш аломатлари сезилиб турарди.

“Дунё давлатлари Олимпиада ўйинлари учун Россияга келганидан бери саноқли кунлар ўтгач, Россия ҳаракатлари дунё бўйлаб кўплаб давлатлар томонидан қораланди. АҚШ ҳам улар билан ёнма-ён туриб Украина ҳудудига қилинган ҳар қандай ҳарбий интервенция учун оқибатлар бўлишини таъкидлайди”, деди Обама.

Президент баёнотидан сўнг CNN телевидениясига ўз муносабатини билдирган республикачи сенатор Жон МакКейн президент Обама авваллари президент Путин ва унинг мақсадлари борасида соддадил бўлгани ҳамда энди ниҳоят кўзи очилганини айтди.

“Биз гувоҳи бўлаётганимиз, Владимир Путин Украинани Россиянинг таркибий қисми деб билади ва уни шунчаки қўлдан бой бериб қўймайди”, деди сенатор МакКейн.

Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларига жавобан жаноб МакКейн АҚШ бир қаторн чоралар кўриши мумкинлигини айтди:

“Россияни G8 дан чиқаришимиз, бугунги ҳаракатларга масъул одамларни Магнитский актига қўшиб қўйишимиз, иқтисодий санкциялар қўллашимиз, Чехияда ракеталар ҳужумига қарши тизимни барпо этиш режамизни жонлантиришимиз, Грузияни НАТОга қабул қилиш жараёнини тезлаштиришимиз ва бошқа чораларни кўришимиз мумкин”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG