Линклар

Толибон туркман чегараларига даф қилмоқда


Афғон-туркман чегараси 744 километрга узанган.

Афғон-туркман чегараси 744 километрга узанган.

Пайшанбага ўтар кечаси туркман-афғон чегарасини бузиб ўтган Толибон жанггарилари Туркманистон чегарачиларини ўққа тутди. Натижада чегарани қўриқлаётган уч аскар ҳалок бўлди.


Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, Толибон жанггарилари Бадгис вилояти томонидан келган.

Мазкур вилоят ҳокими матбуот вакили Мирвоис Мирзаквал Озодлик радиоси афғон хизматига берган интервьюсида туркман чегарачиларига ҳужум толиблар томонидан уюштирилганини тасдиқлади.

- Тўр Шайх туманидан келган Мавлавий Абдулла исмли Толибон қўмондони раҳбарлигидаги гуруҳ аввал ҳам Афғонистон хавфсизлик кучлари билан вақти-вақти билан тўқнашиб турарди. Улар бу сафар Туркманистон ҳудудига кириб, туркман чегарачиларига ҳужум қилдилар. Ҳодиса чоғида туркман чегарачиларидан уч киши ҳалок бўлибди. Биздаги маълумотларга кўра, ҳужум чоғида туркман чегарачиларидан яна бир неча одам яраланибди, - дейди Мирвоис Мирзаквал.

Афғон расмийлари мазкур воқеада Толибон ҳаракатини айблаётганига қарамай, ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ. Айни пайтда Туркманистоннинг Ҳиротдаги консулхонаси ҳам бу воқеа юзасидан сукут сақламоқда.

Айни пайтда Афғонистоннинг Марчақ қишлоғида яшовчи туркман миллатига мансуб оқсоқол Ҳожи Мулла Карим Озодликнинг туркман хизматига афғон-туркман чегарасида толиблар аллақачон ўз тартибларини ўрнатганини айтди. Шу ўринда эслатиб ўтсак, Афғонистоннинг Марчак қишлоғини Туркманистондан Мурғоб дарёси ажратиб туради.

- Ўртамизда бир дарё бор, бошқа ҳеч нарса йўқ, у ёғи Туркманистон, бу томони Афғонистоннинг Марчақ қишлоғи. Толибон гуруҳи туркман чегарасига чиқиб, бу ерда ўз тартибини ўрнатди. Масалан, улар биздан 35 чақирим олисликдаги туман марказигача бўлган йўлни ўз назорати остига олдилар ва қишлоқ аҳолисининг 10 фоизигагина озиқ-овқат ва мол олиб келишга рухсат беришди, қолганларнинг қишлоқдан чиқишини тақиқлаб қўйишди. Толиблар биздан ҳукуматга қарши чиқиб, уларга бўйсунишимизни талаб қилишаяпти. Улар ҳаётимизни қийинлаштириб юборишди. Куни кеча йўлга бомба ўрнатиб кетишган экан, аммо вақтида билиб қолдик ва ҳукумат кучлари ёрдамида зарарсизлантирдик. Хайриятки, ҳеч кимга зиён етгани йўқ, - деди марчақлик оқсоқол Ҳожи Мулла Карим.

Унинг айтишича, Марчақ қишлоғи қамал ҳолатида қолган.

- Толибон бизга шарт қўяяпти. Бизга қийин, чунки ҳар куни дори-дармон, чой, совун, гугурт дегандек нарсалар керак бўлиб туради. Зарур эҳтиёж молларини фақат толиблар қишлоққа киришга рухсат берган кишилардан ола оламиз. Қишлоқнинг ўзи эса деҳқончилик билан кун кўраяпти. Агар ҳукумат бизга ёрдам бериб, қамалдан қутқармаса, марчақликлар турмуши янада қийинлашиши мумкин, - деди Ҳожи Мулла Карим.

Оқсоқолга кўра, толиблар Марчақ томонидан Туркманистон чегарасига ҳеч ўтмаганлар. Улар қўшни давлатга дарёнинг юқорироқ қисмидан ўтмоқдалар.

- 20 кунча аввал бир воқеа содир бўлди: толиблар чегарадан ўтишди. Туркманистонлик чегарачилар чегара бузганлардан бири ўлдиришди, икки нафарини қўлга олишди. Толиблар ҳужум қилиш учун куч йиғиб туришганди, Туркманистон томони ўлдирилган одамнинг жасади ва қўлга олинган жанггариларни қайтариб берди. Икки кун аввал Мукур қишлоғи томондан толиблар яна ҳужум қилгани, ҳужумда туркманистонлик уч чегарачи ҳалок бўлгани ҳақида биз ҳам эшитдик. Жанггарилар бу билан аввалги отишмада туркман аскарлари ўлдирган биродарлари учун ўч олганларини айтаяптилар, - деди марчақлик оқсоқол.

Ҳожи Мулла Каримнинг айтишича, туркман-афғон чегарасида тўқнашувлар тез-тез бўлиб туради.

- Толиблар фақат Туркманистонгагина эмас, бизнинг Марчақ қишлоғи аҳлига ҳам хавф солиб турибди. Шунинг учун ҳам юзага келган вазият ҳақида ҳукуматдагилар билишини, бизни ҳимоя қилишларини истардик. Биз толиблар қуршовида яшаяпмиз, бироқ бу йил хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этишини билсак-да, улардан қўрқмаймиз. Ҳамма нарса Худодан. Биз Толибонга 24 соат қаршилик кўрсатаяпмиз ва ёшимиз ҳам, қаримиз ҳам - ҳаммамиз бундан кейин ҳам ўзимизни ҳимоя қилишда давом этамиз, - деди марчақлик оқсоқол Ҳожи Мулла Карим.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил охиригача АҚШ бошчилигидаги коалиция кучларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши кўзда тутилган. Аввалроқ бу ҳақда ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашган таҳлилчиларнинг аксарияти НАТО қўшинлари чиқиб кетганидан кейин Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги таранглик юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантиргандилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG