Линклар

logo-print

Яценюк Украина рўбарў келган фожеадан баҳс этди


Украина Бош вазири Арсений Яценюк.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк.

Россия парламенти мамлакат қўшинларини Қрим мухтор республикасига киритишга рухсат берганига жавобан якшанба куни Украина ўз армиясини жанговар шай ҳолатга келтирди. АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО раҳбари Россияни Қримдан ўз ҳарбийларини олиб чиқишга чақирди.

Россия парламенти мамлакат қўшинларини Қрим мухтор республикасига киритишга рухсат берганига жавобан якшанба куни Украина ўз армиясини жанговар шай ҳолатга келтирди. АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО раҳбари Россияни Қримдан ўз ҳарбийларини олиб чиқишга чақирди.

2 март куни Киев шаҳрида журналистлар олдида сўзлаган Украина Бош вазири Арсений Яценюк “Биз фожиа бўсағасидамиз”, деди.

Яценюк Россия Президенти Владимир Путинни Қримдан рус қўшинларини олиб чиқишга чақирди.

- Бу хавф олдидаги жанговар ҳозирлик. Бу таҳдид эмас – бу менинг мамлакатимга қарши амалда уруш эълон қилишдир. Биз Президент Путинни ўз қўшинларини олиб чиқишга ва ўз халқаро мажбуриятларини, шунингдек, Украина ва Россия ўртасида имзоланган икки ва кўп томонлама келишувларни бажаришга чақирамиз, - дея баёнот берди Арсений Яценюк.

Яценюкнинг баёноти Россия парламенти президент Путинга Украинанинг Қрим мухтор республикасида Россия қуролли кучларидан фойдаланишга рухсат берганидан бир кун кейин янгради.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши бошлиғи Андрей Парубий Мудофаа вазирлигига “Украина бўйлаб заҳирадаги ҳарбий кучларга сафарбарлик эълон қилиш” ҳақида буйруқ берди.

Парубий Ташқи ишлар вазирлигига Украина хавфсизлигини кафолатлашда АҚШ ва Британиядан ёрдам сўрашга кўрсатма берди.

Россиядаги ахборот агентликларининг хабар қилишича, Қрим мухтор республикасидаги ўз-ўзини ҳимоя қилувчи кучлар Украина ҳарбий объектлари назоратини ўз қўлига олаётганини билдирди.

ИТАР-ТАСС хабарига кўра, Киев сиёсатидан норози бўлган ҳарбийлар истеъфога чиқиш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекмоқда ва баъзилар Қримни мудофаа қилиш кучлари сафига қўшилмоқда.

Қрим ярим оролига Россиянинг 15 минг ҳарбийси жойлаштирилгани тахмин қилинаяпти.

Хабарларга кўра, украиналик айрим қўмондонлар ўз тасарруфидаги базаларни топширишдан бош тортмоқда.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Россия Украинадаги хатти-ҳаракати орқали Европадаги тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солаётганини айтди.

Якшанба куни Брюсселда сўзлаган Расмуссен Россияни “вазиятни юмшатиш”га чақирди.

- Украина бизнинг қўшнимиз ва НАТО учун муҳим ҳамкор. Биз барча ҳамкорларимизни зудлик билан хавфли вазиятдан йироқлашиш йўлидаги уринишни давом эттиришга чақирамиз. Хусусан, мен Россияни “вазиятни юмшатиш"га чақираман, - дея баёнот берди НАТО Бош котиби.

Андерс Фог Расмуссен бу гапни Украинадаги вазият муҳокама этилиши режаланган НАТО фавқулодда йиғилиши бошланишидан олдин айтди.

Сиёсий қарорлар қабул қиладиган НАТО Кенгашининг йиғилиши Польша илтимосига мувофиқ ўтказилмоқда.

Варшава Россия кучларининг қўшни Украинага интервенциясини Польша хавфсизлигига таҳдид, дея баҳоламоқда.

Айни пайтда Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг 2 март куни Киевга боришни режалаган.

Қўшма Штатлар Россиянинг Украина ҳудудига қўшин киритганини қоралаб, Москвани Қримдан ўз ҳарбийларини олиб чиқишга чақирди.

Оқ Уй расмийларига кўра, шанба куни АҚШ Президенти Барак Обама Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали ўтказган 90 дақиқали мулоқоти чоғида Россия раҳбарига масалага ечим топишнинг мақбул йўли Украина ҳукумати ва халқаро воситачилар билан тўғридан-тўғри тинч мулоқот ўтказиш эканини таъкидлаган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатини “ақл бовар қилмас агрессия акти” деб, уни қоралади.

Якшанба куни эрталаб АҚШ нинг CBS телеканалида сўзлаган Керри Қўшма Штатлар ва бошқа давлатлар Россиянинг хатти-ҳаракатига жавобан бу мамлакатни иқтисодий изоляция қилиш учун санкциялар қўллаши мумкинлигини таъкидлади.

Жон Керри саноати тараққий этган Катта Саккизлик гуруҳига аъзо давлатлар июнь ойида Россиянинг Сочи шаҳрида ўтиши режаланган саммитга бойкот эълон қилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Давлат котибига кўра, виза чеклови жорий қилиш, банкдаги маблағларни музлатиш, савдо ва инвестиция жарималари жорий этиш каби масалалар ҳам муҳокама қилмоқда.

Керри Катта Саккизлик ва бошқа давлатлар Ташқи ишлар вазирлари билан сўзлашганини ва ҳамма Россияни иқтисодий изоляция қилишга тайёр эканини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG