Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:46

Жиззахда мусодара қилинган товарлар эҳтиёжманд фуқароларга тарқатилгани иддао қилинмоқда


Тахминларга кўра юк машиналари тожикистонликларга қарашли бўлган.
Тахминларга кўра юк машиналари тожикистонликларга қарашли бўлган.

Жизах вилоятининг Тожикистон билан чегарадош Янгиобод туманида чегарадан ноқонуний олиб ўтилган товарлар Ўзбекистон ҳудудида қўлга олинди. Мусодара қилинган товарлар тумандаги кам таъминланган оилаларга тарқатилгани айтилмоқда.



Ўзбекистон Божхона хизмати ва Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари Жизах вилоятининг Тожикистон билан чегарадош Янгиобод туманида чегарадан ноқонуний олиб ўтилаётган иккита КамАЗ юк машинасидаги товарларни қўлга туширди.

Мусодара қилинган товарлар Янгиобод туманида яшовчи кам таъминланган оилаларга тарқатилаётганини маҳаллий расмийлар Озодлик билан суҳбатда билдиришди.

Жиззах вилояти Янгиобод тумани Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари Зулайхо Назарқулова Озодликка тумандаги кам таъминланган оилаларга ёрдам Баланчақир маҳалласида тарқатилганини таъкидлади.

- Кам таъминланган оилаларга ёрдам 20 февраль куни тарқатилди. Тадбирда ўзим ҳам қатнашдим,- деди Зулайҳо Назарқулова.

Унга кўра, эҳтиёжманд фуқароларга ёрдам туман ва вилоят ҳокимияти расмийлари бошчилигида тарқатилган.

Ҳодиса тафсилотлари ҳақида 27 феврал куни ёзган Uznews.net нашрига кўра, ноқонуний юклар ортилган машиналарни Тожикистон фуқаролари экани тахмин қилинаётган ҳайдовчилар бошқарган. Улар чегарачиларни кўргач транспорт воситаларини ташлаб воқеа жойидан қочиб кетган. Интернет нашрига кўра, мусодара қилинган товарлар орасида қишки кийим-кечак, пойафзал ва бошқа кенг истеъмол моллари бўлган.

Лекин маҳаллий расмийлар Озодлик билан суҳбатда воқеа қачон рўй берганини аниқ айтиб бера олмади.

Жиззах вилояти Янгиобод тумани Маънавият тарғибот маркази раҳбари Сабоҳат Абдураҳмонова Озодликка вилоят ва туман расмийлари олиб келган ёрдам юздан ортиқ фуқарога тақсимланганини билдирди.

- Тарқатилди, тўғри. Қаердан келганини билмайман. 110 нафар фуқарога кийим кечак, идиш-товоқ, матолар ва бошқа буюмлар тарқатдик,- деди туман ҳокимияти расмийси.

Озодлик радиоси расмийлар ёрдам сифатида тарқатилганини иддао қилаётган молни қўлига олган маҳаллийларнинг бирортасини топа олмади.

Сабоҳат Абдураҳмонова эҳтиёжманд фуқароларга ёрдам тарқатиш тадбирида биринчи марта иштирок этгани ва ёрдам маҳалла фуқаролар йиғинлари тақдим этган рўйхат асосида тақсимлангани қўшимча қилди.

- Бизда ҳамма ночор яшамайди. Нисбатан кам таъминланган оилаларга тарқатилди. Эҳтиёжманд фуқаролар рўйхати маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан Маҳалла жамоат фондига берилади. Маҳалла жамоат фонди эса умумий рўйхат қилади. Шу орқали ёрдам 110 кишига берилди, деди туман ҳокимияти расмийси.

Ўзбекистонда давлат ҳисобига мусодара қилинган товарларнинг эҳтиёжманд фуқароларга тарқатилгани тўғрисида шу пайтгача маълумотлар тарқатилмаган.

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими Озодликка давлат ҳисобига мусодара қилинган товарлар тақдирини суд ҳал қилишини айтди.

- Одатда товар тақдирини суд ҳал қилади. Суд қандай қарор чиқарса, ўша қарор амалга оширилади, деди Божхона қўмитаси ходими.
XS
SM
MD
LG