Линклар

Москванинг Поклонная майдонидаги масжид имоми Шамил Аляутдиновлар оиласига тегишли уйларни таъмирлаган ўзбек муҳожири ўз ҳаққини талаб қилиб, судга мурожаат қилди. Имомнинг онаси Аделя Аляутдинова 34 ёшли ўзбекистонлик Нозимжон Ниёзовни ишни сифатсиз бажарганликда айблаб ҳаққини бермаган.


“Имомнинг онаси меҳнат ҳақимизни бермади”

Ислом мавзусига оид кўплаб асарлари ва ваъзлари билан Россияда танилган Москвадаги Хотира масжиди имом-хатиби Шамил Аляутдиновлар оиласи квартираларида ўз усталари билан таъмирлаш ишларини олиб борган ўзбекистонлик муҳожир имомнинг онасини 250 минг рубль ҳақини бермаганликда айблаб судга берди.

6 йилдан буён Москвада уйларни таъмирлаш билан шуғулланиб келган уста 34 ёшли Нозимжон Ниёзов Озодликка имомнинг онаси уларнинг ҳаққини бермаслик учун асоссиз айбларни қўяётганини айтади.

- 17 октябрда иш бошладик ва икки кунлик ишимизни кўрсатдик, қай даражада ишлашимизни. Кейин Аделя Аляутдинова билан договор имзоладик. Кейин 8 кишилик бригадам билан ишга киришдик. Бу йигитлар билан бир нечта квартираларни битирганмиз. Мен жавобгар шахс бўлганман. Оғир ишларни ҳаммасини тугатган эдик, кечалари ишладик. Мақсадимиз, тезроқ ишни тугатиб, уйга пул жўнатиш эди, дейди Нозимжон.

Меҳнат муҳожири Москванинг Тёплий стан мавзесида жойлашган элитали уйда Аляутдиновларга тегишли 75 ва 135 метр квадрат майдонига эга иккита квартирани таъмирдан чиқаришгани, учинчи – 130 метр квадрат квартира ремонти тўғрисида ҳам пешаки келишув борлигини маълум қилди.

“Битта подъездда жойлашган биринчи квартирани Аделя ўзига, иккинчисини - катта ўғли имом Шамилга, учинчи квартирани ўғли имом Элдор Аляутдиновга олган эди”, дея давом этади Нозимжон.

- Бир ойдан кўпроқ вақт – 40 кунларча ичида қора ишларни тугатдик. Пулни талаб қилишни бошлаганимда улар тўнини бошқача кийди: “Менга сенинг ишинг ёқмаяпти!”. Мен уларга “Сизлар обрўли хонадонсизлар, ҳар куни келиб ишимни кўряпсизлар, менга қанақа претензия бўлиши мумкин?” Имом Шамил келди ва қўлига шайтонни (сатҳни ўлчайдиган махсус мослама-таҳр.) бердим, кўринг дедим. Мен математика соҳаси бўйича институтни битирганман. Ҳар бир ҳисоб-китобни ўзим қўйганман. “Менга ишинг ёқди. Агар онам билан можаро бўладиган бўлса, сен мени квартирамда давом эттиришинг мумкин”, деди ва ишимни тасдиқлаб берди. Шунда, онаси айтибдики, гўё мен уларни “масжиднинг закот пулларидан, йиғимларидан ўғирлаб туриб квартира сотиб олади”, деб айтганмишман,- дейди уста.

“Куни кеча, учинчи квартирани ўзининг қариндошлари билан таъмирлаётган Алишер менга телефон қилиб, Аделя уларга ҳам пул бермаганини маълум қилди”, деди Аделя Аляутдиновани Москва судига берганини гапириб берган Нозимжон Ниёзов.

Нозимжон кейинроқ шахсий суҳбатда Шамил Аляутдинов онаси билан бўлаётган можарога уни аралаштирмаслик ва ўзлари келишиб олишни тавсия қилгани маълум бўлди.

Судга мурожаат қилиш учун Нозимжон ёллаган биринчи адвокат 35 минг рублни олиб, бирор натижа бўлмаган. Шунда у москвалик бошқа адвокат Жабраил Чўпоновга ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Адвокат Озодликка Аделя Аляутдинова ўзбек устасидан олдинроқ судга мурожаат қилганини маълум қилди. У Аделяни номаълум мутахассисни олиб келиб “квартираларнинг нобоп таъмирдан чиққани” тўғрисида экспертиза хулосасини олганликда айблади.

- Ҳозир икки квартира бўйича суд давом этяпти. 6 мартга суд маҳкамаси тайинланган. Алдов йўли билан у тарафдор мутахассисни олиб келиб хулоса олибди. Бундай экспертларга ким пул тўласа - ўшанинг тарафини олади. Улар ўйлаяптики, меҳнат муҳожири ҳақини бермасдан осонлик билан кўчага отвориш мумкин. Ишонсангиз, Аделя Нозимни бригада олиб келиб ишлатганликда айблади. Зеро, Россия қонунларига кўра, ҳақиқатан, патент билан ишлайдиган одамнинг бошқаларни ёллашга ҳаққи йўқ. Лекин одамгарчилик нуқтайи назаридан олиб қарасангиз, бу йигитлар унинг талаби билан ишни тезоқ тугатишга ҳарақат қилган, дея ўз муносабатини билдирди адвокат Жабраил Чўпонов.

Ўзбекистонлик муҳожирни ўз ҳимоясига олган адвокат бу вазиятга эътибор қаратиш мақсадида ҳатто Россия муфтийсига хат юборилганини билдирди.

“Сифатсиз қилинган ишга ҳақ тўланмайди”

Маълум бўлишича, Ниёзовнинг судга мурожаат қилишини билган 60 ёшли Аделя Аляутдинова ўтган йилнинг декабр охирларида ўзи Черемушки туман судига мурожаат қилиб, носозлик ва сифатсиз иш учун муҳожирдан 1 миллион рубль ундириб беришни сўраган.

У ўзбек муҳожири Россияда “ноқонуний меҳнат фаолияти” билан шуғулланиб келаётганига суд ҳакамлари эътиборини қаратган.

Озодлик билан суҳбатда Аделя Аляутдинова Нозимжон Ниёзов ва унинг ҳимоячиси сўзларини “ёлғон ва сафсата”, деб атади.

- Мен айтяпманки, Худога шукур, уларнинг ёлғонларини кўриш, тасдиқлаш мумкин. Мен ҳақимда газеталарда бўлар-бўлмас гапларни тарқатаётган экан. Мен ўқитувчиман, оилали ва обрўли оила вакили сифатида улар иддао қилаётган ишга қўл урмас эдим, агарда ҳақлигимни билмаганимда. Улар ремонтини сўз билан таърифлаш қийин, поллар ёрилиб кетган... Судда эксперт хулосаси тингланади. Мен уста билан тинч ҳал этишга уриниб кўрдим: истамаяпти! Уларнинг бундай шов-шув кўтариши биринчидан одамгарчиликка тўғри келмайди. Агарда суд мени ноҳақлигимни исботласа, мен тўлаб бераман, деди ҳақ-ноҳақни суд аниқлаши кераклигини гапирган Аделя Аляутдинова.

Суҳбат сўнггида Аделя бўлаётган ҳодисага унинг ўғли – имом Шамил Аляутдиновнинг мутлақо алоқаси йўқлиги, у ҳатто можаро тўғрисида хабарга ҳам эга эмаслигини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG