Линклар

Россия Украинага қўшин киритилишини Янукович сўрови билан оқлади


Россия расмийларига кўра, Украинага рус қўшинларини олиб киришни Владимир Путиндан (ў.) Виктор Янукович (ч.) илтимос қилган.

Россия расмийларига кўра, Украинага рус қўшинларини олиб киришни Владимир Путиндан (ў.) Виктор Янукович (ч.) илтимос қилган.

Душанба куни Россия илтимосига кўра чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисида Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин ҳокимиятдан четлатилган президент Виктор Янукович томонидан президент Владимир Путинга 1 март куни йўлланган мактубини ўқиб берди.


Бу мактубда Янукович Россия президентидан одамлар сиёсий ва тил мансублигига кўра таъқиб қилинаётган Украинадаги аҳолини ҳимоя қилиш учун қуролли кучни ишга солишни сўраган.

- Россия Янукович ва мухолифат ўртасида 21 февраль куни эришилган келишувнинг бажарилишини талаб қилади, - дея билдирди Виталий Чуркин.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауер Виталий Чуркиннинг баёнотини “ҳақиқатни акс эттирмайдиган” баёнот деб атаб, уни Украинага қўшин киритилишини оқлаш уриниши ўлароқ баҳолади.

- Россия БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарини тамсил этувчи тезкор ҳаракат воситасига айланиб қолди, деган тасаввур пайдо бўлаяпти, - дея истеҳзо билан қайд қилди Саманта Пауер.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Россия қўшинларининг Украина ҳудудида бўлишини хавфли ҳарбий интервенция ўлароқ тавсифлаб, бунга зудлик билан чек қўйилишини талаб қилди.

Саманта Пауер Россия ва Украина ҳукуматлари ўртасида тезлик билан бевосита мулоқот бошлаш, Россия қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиш, Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва у ерга халқаро кузатувчиларни ошиғич жойлаштиришга чақирди.

Бу Хавфсизлик кенгашининг Украина муваффақ ҳукумати Россия қўшинлари тўрт кундан буён Қримга кириб келаётганини айтганидан буён ўтказилаётган учинчи ошиғич мажлисидир.

Кенгашнинг шанба куни ўтказилган ва Украинадаги вазиятга бағишланган аввалги мажлисида Виталий Чуркин Россия хатти-ҳаракатларини Виктор Янукович Украина президенти лавозимидан четлатилишига сабаб бўлган жараёнларнинг нолегитимлиги билан оқлашга уринганди.


Пентагон Россия билан алоқаларни музлатди

АҚШ Мудофаа вазирлиги Россия Мудофаа вазирлиги билан алоқаларни музлатиб қўйди. Бу икки мамлакат ўртасидаги барча ҳарбий алоқалар, шу жумладан, икки томонлама ва кўп томонлама машқлар, ўзаро музокаралар, бандаргоҳларга ташриф, қўшма конференция ва семинар уюштирилиши кабиларда ўз аксини топади.

Пентагон вакили Жон Кирби журналистларга бу алоқаларнинг барчаси шак-шубҳасиз катта аҳамият касб этса-да, Россиянинг Украинага қарши хатти-ҳаракатлари туфайли АҚШ уларни музлатиб қўйишга мажбур эканини билдирди.

- Биз Россияни Украинадаги бўҳронни юмшатиш ва россиялик ҳарбийларни Қора денгиз флоти базаларига қайтаришга чақирамиз, - деди Кирби.

Пентагон вакили АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига қарашли кемалар минтақада айланиб юргани ҳақида пайдо бўлган миш-мишлар асоссизлигини ҳам алоҳида таъкидлади.


Европа Иттифоқи Россияга санкциялар билан таҳдид қилди

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг душанба куни Брюсселда ўтказилган шошилинч мажлиси Украинадан рус қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетиш ва тинч мулоқотга ўтиш чақириқлари билан якун топди.

Бу Европа Иттифоқи Россияга қарши қатор санкциялар жорий этмаслиги учун Москвадан сўралаётган минимум талабдир.

- Бугунги кунда Европа ўз барқарорлиги ва хавфсизлиги борасида, эҳтимолки, 25 йил аввалги Совуқ уруш давридан буён илк бор энг жиддий таҳдидни бошдан кечираяпти. Биз ҳаммамиз, шу жумладан, Россия ҳам Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига нисбатан биздан ҳурмат билан ёндошувни талаб қиладиган шартнома ва меморандумларни имзолаганмиз, - деди Буюк Британиянинг Европа ишлари бўйича вазири Дэвид Лидингтон.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари қарорига кўра, агар пайшанбагача таранглик бартараф қилинмаса, Россия билан алоқалар тўхтатилади, виза бўйича музокаралар ва иқтисодий шартномаларга эса тўсиқ қўйилади.

Озодлик радиоси украин хизматининг хабар қилишича, Украина ўз дипломатлари орқали Европа Иттифоқи Кенгашига Россияга нисбатан сиёсий чоралар кўриш, шу жумладан, виза тартибини жўнлаштириш бўйича музокараларни тўхтатиб қўйиш илтимоси билан мурожаат қилган.

Киевнинг ЕИдан яна бир илтимоси Россияга нисбатан иқтисодий чекловлар жорий қилиниши, дейлик, қурол-аслаҳа етказиб беришга эмбарго қўйилишида акс этади.

Украина раҳбариятининг ЕИдан сўраётган бошқа бир илтимоси Россиядан 2018 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказиш ҳуқуқининг олиб қўйилишидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG