Линклар

Путин Украинага ҳарбийлар ҳозирча киритмаслиги, лекин бундай ҳуқуқни сақлаб қолишини айтмоқда


Россия Президенти Владимир Путин.

Россия Президенти Владимир Путин.

Россия Президенти Владимир Путин 4 март куни Украина бўҳронига бағишланган матбуот конференциясини ўтказди. Путин Украинага ҳозирча рус қўшинларини киритиш ва Қримни қўшиб олиш ниятлари йўқлигини билдирди. Лекин сўнгги чора сифатида ҳарбий контингентни Украина ҳудудига киритиш ҳуқуқи сақланиб қолади, деди Кремль раҳбари.



Владимир Путин сешанба куни қилган чиқишида Украинада ҳарбий амалиётлар ўтказишга ҳозирча эҳтиёж йўқ, дея таъкидлади.

- Россия қўшинларини Украина ҳудудида ишлатиш масаласига келсак, айни дамда бундай эҳтиёж йўқ. Лекин шунга қарамай, бундай имконият сақланиб қолади, деди Путин.

Қримдаги амалиётларда Россия қўшинлари иштирок этмоқдами, деган саволга Путин “Йўқ, иштирок этмаяпти" деб жавоб берди ва минтақада фақат “ўз-ўзини мудофаа қилиш маҳаллий кучлари” Украина ҳарбий базаларини қуршовга олган, дея қўшимча қилди.

Путиннинг баёноти Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин душанба куни Украинанинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Виктор Янукович ўз мамлакатида қайта қонун устуворлиги ва тартиб ўрнатишни сўраб Москвага расман мурожаат қилганини айтганидан бир кун кейин янгради.

- Бу конституцияга зид бўлган давлат тўнтариши ва ҳокимиятнинг қуролли босиб олинишидир, деди Владимир Путин.


Украинадаги воқеалар ҳақида илк бор жамоат олдида чиқиш қилган Путин сайлов ўтказилгунига Виктор Янукович Украинанинг ягона легитим президенти бўлиб қолади, дея таъкидлди.

Украина янги ҳукумати легитимлигини савол остига олган Путин, шу билан бирга Москва ҳукумати Киев муваққат ҳукумати билан доимий контактда эканини таъкидлади.

- Мен уч кун аввал (Украина) ҳукуматининг мамлакат иқтисодини тиклаш уринишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, улар билан контактларни тиклаш тўғрисида топшириқ бердим. Ҳукумат етакчиси (Россия бош вазири Дмитрий Медведев) Яценюк (Украина бош вазири) билан алоқада. Наришкин (Россия парламенти раиси) Турчинов (Украина муваққат президенти ва парламенти раиси) билан алоқада, деди Путин.

Путин ҳокимиятдан ағдарилган Виктор Януковичнинг сиёсий келажаги йўқлиги ва ҳаётини сақлаб қолиш учун Россия унга бошпана берганини қўшимча қилди.

Путин ўзгаришлар бўлишини хоҳлаётган украиналикларни тушунишини, аммо “ноқонуний ҳатти-ҳаракат”лар рағбатлантирилмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Украинанинг янги раҳбарияти муддатидан аввал президентлик сайловини 25 май кунига белгилаган. Путин президентлик сайлови ўтказилмагунча Украина билан нормал муносабатларни қайта тиклаш имконсиздир, деди.

Сешанба куни эрталаб Россия раҳбари Украина чегаралари яқинида ўтказилган ҳарбий машқларда иштирок этган 150 минглик қўшинга базаларига қайтишни буюрди.

Путин бу машқ аввалдан белгилангани ва Украинадаги бўҳронга алоқаси йўқлигини айтди.


Россия Қримни ўз ҳудудига қўшиб олмоқчи эмас

Қримни Россия ҳудудига қўшиб олиш нияти йўқлигини таъкидлаган президент Путин Қрим келажагини қримликлар белгилаши лозимлиги, Москва бунга аралашмаслигини билдирди.

Россиянинг Қримдаги хатти-ҳаракатини “қонуний” деб айтган Путин мамлакат ҳарбий кучларининг ҳаракатини “гуманитар миссия” дея изоҳлади.

Айни пайтда, Путин Россия ўз фуқароларига қарши ҳужумлар уюштирилишига бефарқ қараб тура олмаслигини қўшимча қилди.

Путиннинг ушбу баёнотлари АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Киевга ташрифини бошлаган пайтга тўғри келди.

Сешанба куни эрталаб Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вльтер Штайнмайер Женевада россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашди.

Музокарадан сўнг Штанмайер Украина буҳронига ечим “яқин орада топилиши эҳтимолдан йироқ”, дея фикр билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG