Линклар

Тожикистонлик мухолифатчи аёл жасорати учун тақдирланди


Тожикистонлик Ойниҳол Бобоназарова АҚШнинг биринчи хоними Мишель Обама қўлидан мукофотни олмоқда, Вашингтон, 2014 йилнинг 4 марти.

Тожикистонлик Ойниҳол Бобоназарова АҚШнинг биринчи хоними Мишель Обама қўлидан мукофотни олмоқда, Вашингтон, 2014 йилнинг 4 марти.

АҚШ Давлат департаментининг "Жасоратли аёл" мукофотига бу йил тожикистонлик таниқли ҳуқуқшунос Ойниҳол Бобоназарова ҳам сазовор бўлди.


Жаҳондаги жасоратли аёлларни тақдирлаш маросими кеча Вашингтондаги АҚШ Давлат департаменти биносида бўлиб ўтди.

Ойниҳол Бобоназарова дохил афғонистонлик, грузиялик, ҳиндистонлик, малилик, украиналик, фижилик аёлларга мукофотни АҚШнинг биринчи хоними Мишель Обама топширди.

АҚШ Давлат котибининг “Жасоратли аёл” мукофоти 2007 йилдан буён тақдим этиб келинади. У тинчлик, адолат, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва аёллар эмансипацияси соҳаларида фавқулодда жасурлик ва лидерлик салоҳиятини намоён этолган аёлларга берилади. 2009 йили бу мукофотга “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам сазовор бўлганди.

Фуқаролик жамиятининг фаол аъзоси бўлган Ойниҳол Бобоназарова ўтган йилги президентлик сайловларида тожик мухолифатидан ягона номзод сифатида кўрсатилган, бироқ президентликка номзодини қўйишга журъат қилган илк аёл етарли имзо тўплай олмаганлиги учун сайловга қўйилмаган эди. Маълумотларга кўра, Бобоназарованинг штаби ҳар бир номзоддан талаб қилинган 210 минг имзо ўрнига 202 минг имзо йиға олган, холос. Таҳлилчилар фикрича, Ойниҳол Бобоназарова номзодининг рўйхатга олинмагани амалдаги президент Имомали Раҳмон учун сайловда ҳақиқий рақибсиз кураш олиб боришга имкон яратди.

65 ёшли ҳуқуқшунос Ойниҳол Бобоназарова ўтган асрнинг 80-йилларида тузилган Тожикистон Демократик партияси асосчиларидан бири эди.

1993 йили у давлат тўнтаришини тайёрлаганлик ва Ватанга хиёнатда айбланиб, ҳибсга олинган.

Ойниҳол Бобоназарова Тожикистондаги илк сиёсий маҳбус бўлиб ҳисобланади.

Озодликка чиққач, у ҳуқуқ ҳимоячиси ўлароқ фаолиятини давом эттирди ҳамда 10 йилдан ортиқроқ ЕХҲТнинг Душанбедаги ваколатхонасида инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлади.

Сўнгги бир неча йилдан буён у қамоқхоналардаги вазият мониторинги билан шуғулланувчи “Перспектива+” жамоатчилик ташкилотига раҳбарлик қилиб, қийноқларга қарши курашмоқда, аёллар ва меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG