Линклар

logo-print

Европа Украинага 15 миллиард долларлик ёрдам берилишини эълон қилди


Қримда махсус нишонларсиз ҳарбий кийимда юрган аскарлар Россияга қарашли эканига оид тахминларни Путин инкор қилмоқда.

Қримда махсус нишонларсиз ҳарбий кийимда юрган аскарлар Россияга қарашли эканига оид тахминларни Путин инкор қилмоқда.

Европа Комиссияси чоршанба куни Украинага келаси бир неча йил давомида 11 миллиард евро (15 миллиард АҚШ доллари) миқдорида ёрдам кўрсатилишини эълон қилди.

Ёрдам пакетининг 1,6 миллиард евро миқдоридаги кредит, 1,4 миллиард евро миқдоридаги грант, Европа Сармоя банкидан 2014-2016 йилларга мўлжалланган қўшимча 3 миллиард евролик кредит ҳамда Европа Қайта қуриш ва тараққиёт банкидан 5 миллиард еврога тенг кредитни ўз ичига олиши айтилмоқда.

ЕИ комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозо ёрдам пакетининг берилиши Украинаннинг Халқаро валюта жамғармаси билан келишувни имзолашига боғлиқ бўлишини билдирди. "Ёрдам пулининг 1 миллиард евроси келаси бир неча ҳафта ичида Украинага берилади", деди Баррозо

Айни пайтда АҚШ, Британия¸ Германия¸ Франция Ташқи ишлар вазирларининг чоршанба куни Парижда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ўтказган учрашуви¸ гарчи Ғарб дипломатлари уни конструктив деб баҳолаган бўлса-да¸ натижасиз тугади. Лавров Украина муваққат Ташқи ишлар вазири билан учрашишни истамади.


Чоршанба куни Мадридда чиқиш қилган Лавров бўҳроннинг юзага келишида Украинада аксилҳукумат намойишларини қўллаб-қувватлаган Ғарб давлатларини айблади:

- Барча муаммоларнинг илдизи, Украинада қуролли одамлар тарафидан мамлакат қонунларининг қўпол бузилиши воситасида амалга оширилган аскилҳукумат норозиликларга халқаро ҳамжамият бир бўлиб муносабат билдирмаганида эканига аминмиз. Аскинча, бу норозиликлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди ва рағбатлантирилди, деди Лавров.

Унинг яна иддао қилишича, Қримда юрган, формасида махсус нишонлари бўлмаган қўшинлар Россияга қарашли эмас, “ўзини ўзи мудофаа қилиш” кучларидир ва Москва уларга базаларга қайтиш тўғрисида буйруқ бера олмайди.

- Биз уларга ҳеч қандай буйруқ бераётганимиз йўқ. Улар биздан ҳеч қандай буйруқ олишмайди. Россиянинг Қора денгиз флоти хизматчилари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар ўзларининг доимий дислокация жойларида қолмоқда. Тўғри, у ерда Қора денгиз флоти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча махсус чоралар кўрилди, деди Лавров.

Қримда махсус нишонларсиз ҳарбий кийимда юрган аскарлар Россияга қарашли экани тахмин қилинмоқда. Сешанба куни Россия президенти Владимир Путин Украина масаласида ўтказган матбуот анжуманида Қримдаги амалиётларда рус қўшинлари иштирок этмаётганини иддао қилди.

Журналистларнинг “бу аскарларнинг формаси Россия ҳарбийлариникига ўхшаяптику”, деган фикрларига жавобан, бундай формани “истаган жойдан сотиб олишингиз мумкин”, дея жавоб қайтарди Путин.

Айни пайтда чоршанба куни украиналик журналистлар Қримда махсус нишонларсиз ҳарбий кийимда юрганларнинг Россия аскарлари эканини тасдиқловчи видеони эълон қилди.

UkrStreamTV телеканали журналистлари Қримдаги бу аскарларнинг биридан олган интервьюсида, у ўзининг россиялик эканини тан олган ва амалда бир кун аввал Россия президенти Владимир Путин айтган сўзларни бутунлай инкор қилган.





UkrStreamTV телеканали эълон қилган видеода Қримдаги аскарлардан бири “Ҳа, биз Россия ҳарбий хизматчиларимиз”, дея эътироф этади. Журналистларнинг “нега формангизда махсус нишонлар йўқ”, деган саволига “Чунки формамиз шунақа”, деб жавоб беради Путинни ёлғончига чиқарган аскар.

Журналистлар аскарни яна қистовга олиб, "Украина ҳудудида Россия аскарлари нима қилиб юрибди?" дея сўради. Шунда ўзини ҳарбий бўлим бошлиғи дея таништирган аскар, “Сиз нима телевизор кўрмаяпсизми?” дея саволга савол билан жавоб беради.

Айни пайтда, чоршанба куни Украинанинг Севастополдаги ҳарбий флоти қўмондонлиги ҳам Қримда рус қўшинлари борлигини инкор қилган Путинни очиқ ёлғончиликда айблаб, баёнот эълон қилди.

Newsru.com агентлигига кўра, Украина денгиз флотига қарашли “Тернополь” ва “Славутич” ҳарбий кемалари қўмондонларининг қўшма баёнотида Севастополь бухтасида Россия ҳарбий флоти кемаларининг Украина кемалари йўлини тўсиб қўйгани айтилади. "Россия ҳарбий кемалари бортида денгиз пиёдалари бўлимлари жойлаштирилган", дейилади украин денгизчилари баёнотида.

Путиннинг "бундай формани исталган дўкондан сотиб олиш мумкин", деган иддаосига жавобан украиналик ҳарбийлар Россия раҳбаридан “Украина қонунчилигини бузган ҳолда, бунча миқдордаги автоматик қурол, жанговар тўппонча ва гранатомётларни қаердан сотиб олиш мумкин”, дея сўрайди.

Сешанба куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини истило, дея таснифлади. АҚШ президенти Барак Обама Москванинг Қримга бостириб киришини “агрессия акти”, дея атади.

Обаманинг чоршанба куни Германия канцлери Ангела Меркель билан телефон суҳбатида бўҳронни юмшатиш режаларини муҳокама қилгани хабар қилинмоқда. Бу режада Россиянинг Қримдаги қўшинларини базалар ҳудудига қайтариши ва минтақага халқаро кузатувчиларининг киритилиши кўзда тутилган.

Мадридда қилган чиқишида Лавров Қримга халқаро кузатувчиларни киритиш масаласини Украина ва Қрим ҳукуматлари ҳал қилиши керак, дея таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG