Линклар

logo-print
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Тошкент шаҳар Ҳамза тумани номини ўзгартириш бўйича қонун лойиҳасини тақдим этмоқчи.

Қонун лойиҳасига кўра, пойтахтнинг тарихий топономик номларини тиклаш, қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш жараёнида туманнинг номи ўзгаради. Бу ҳақда Озодликка Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги манба маълум қилди.

Манбага кўра, қонун лойиҳасида Ҳамза тумани номининг “Яшнобод”га ўзгартирилиши кўзда тутилган. Ҳамза тумани ҳокимлиги мазкур ўзгариш юзасидан ташкилий ишларни бошлаб юборган.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий XIX аср охири XX аср бошларида яшаб ижод этган ўзбек шоири, драматурги, педагоги ва театр арбоби бўлиб ҳисобланади. Совет даврида Ҳамза совет мафкураси ҳукмронлик қилган даврда ўзбек совет адабиёти ва театрининг асосчиси сифатида кўкка кўтарилган. Айни пайтда унинг жадидчилик ҳаракати намоёндаси бўлгани ҳамда миллиятчилик руҳидаги асарлар ёзгани ҳам қайд этилади.

Туман ҳокимлиги вакили мобиль мухбирларимиз билан суҳбатда ҳозирги кунда ном ўзгариши юзасидан директив актларни тайёрлаш, тумандаги маҳаллалар оқсоқоллари ва жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш ишлари бошланганини айтди.

- Ҳозирча конкрет битта номни айтишгани йўқ. Бир неча версиялар бормиш. Айримлар “Толариқ”, дейишяпти. Аммо бизга “Яшнобод” дейишган, - дейди ҳокимлик ходимаси.

“Яшнобод” туркий “яшна” ва форсий “обод” сўзларининг умумлашмаси бўлиб, моҳиятан пойтахт туманларида тарихий номларни тиклаш жараёнига алоқадор эмасдек. Боиси, яқин йилларда пойтахтнинг Акмал Икромов тумани “Учтепа”, Собир Раҳимов тумани эса “Олмазор” сингари тарихий атамаларга алмаштирилган.

Тошкентлик тилшунос Абдулла Отабоевга кўра, “Яшнобод” ибораси қадимги сўғд тилида учрайди. Аммо ундан кўпроқ ўзбек совет топонимияси луғатида фойдаланилган. Бу эса Ўзбекистон ҳукуматининг советча топонимик номларга қарши бошланган кампанияси моҳиятига зиддир.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрининг Ҳамза тумани 1968 йилда ташкил қилинган. Ҳудуди 3,46 минг гектарни ташкил қилувчи мазкур туманда 2004 йилда ўтказилган сўнгги саноқ бўйича 208,7 минг киши истиқомат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG