Линклар

АҚШ Путин ëлғонларини фош қилди; ЕИ Путинни нима қилишни маслаҳатлашмоқда


АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат департаменти ўз яқин тарихида илк бор хориж давлати раҳбари баëнотларидаги ëлғонни очиқчасига фош қилди. Путиннинг Украина ва Қримга доир баëнотларидаги 10 ëлғонни фош қила туриб Вашингтон¸ асл ҳақиқатни ҳам эълон қилди. Оқ уй Москвага қарши босимни кучайтираëтган бир пайтда¸ Россиянинг энг йирик савдо партнëри ЕИ раҳбарлари Путинга қандай чора қўллашни муҳокама қилмоқда.

АҚШ¸ Россия¸ Буюк Британия¸ Германия¸ Франция ва Украина Ташқи ишлар вазирларининг чоршанба куни кечқурун Парижда ўтказилган музокаралари натижасиз тугаганидан сўнг АҚШ Давлат департаменти мисли кўрилмаган ҳаракатга қўл урди. АҚШ дипломатик идораси Россия президенти Путиннинг Украинадаги вазиятга оид 10 ëлғонини фош этди¸ айни пайтда¸ ҳақиқий фактларни бу баëнотга илова қилди.

“Россия Украинадаги ноқонуний ҳаракатларини оқлаш учун ëлғон гирдобига тортилаëтган айни кунларда жаҳон аҳли Достоевский замонидан бери кўрилмаган қўрқинчли тўқимага гувоҳ бўлмоқда” деб бошланадиган ҳужжат Путиннинг 10 ëлғони ва унга илова қилинган асл факт билан давом этади.



Путиннинг эна катта ва биринчи ëлғони¸ Давлат департаменти таъкидича¸ Россия кучлари Қримда фақат Россия ҳарбий объектларини қўриқламоқда. Қримдаги инфраструктура ва ҳарбий иншоотларни қўлга олганлар Россия ҳарбийлари эмас¸ балки маҳаллий фуқароларнинг ўз-ўзини мудофаа қилиш гуруҳларидир”¸ деган баëнотдир.

Аслида¸ Давлат департаменти баëнотига кўра¸ Қримда Украинага қарши яхши уюшган кучлар марказида Россия хавфсизлик хизматлари аъзолари эканини тасдиқловчи жиддий далиллар бор. Қримдаги қуроллилар махсус нишонларсиз юрган бир пайтда¸ улар фойдаланаëтган ҳарбий техникага Россия номерлари осилган¸ қолаверса¸ халқаро журналистлар ва Украина ҳарбийлари билан суҳбатда улар ўзларининг Россия хавфсизлик кучлари ходимлари эканини очиқ айтишмоқда¸ дейилади АҚШ дипломатлари эълон қилган ҳужжатда.

Давлат департаменти эълон қилган ҳужжатда шунингдек¸ Россия президентининг Қримдаги этник руслар ҳаëти таҳдид остида¸ Россия ҳарбий базаларига таҳлика кучайди¸ Украина янги ҳукумати экстремист ва террорчилар таъсири остида Қримдаги вазиятни беқарорлаштирмоқда каби баëнотлари ҳам фактлар дастагида ëлғонга чиқарилган.

АҚШ Давлат департаментининг хориж давлати раҳбарини очиқчасига ëлғончига чиқариш акциясини баҳолаëтган мустақил таҳлилчилар буни Оқ уйнинг Путинга нисбатан босимни кучайтиргани ифодаси сифатида баҳоламоқда.

АҚШдаги Ҳадсон институти сиëсатшуноси Ричард Уайтс Озодлик билан суҳбатда бундай ҳаракатдан кўзланган мақсад бораëтган ахборот уруши билан боғлиқ эканини айтади:

- Айни кунларда дунëнинг муайян қисмидаги ижтимоий фикрни шакллантириш борасида жиддий кураш кетмоқда. Масалан¸ Хитойнинг Украинадаги воқеаларга реакцияси анчайин қарама-қарши. Давлат департаменти эълон қилган ҳужжат¸ аслида Украинадаги воқеаларга оид яхшигина фактлар силсиласи ва унда Ғарбнинг бу воқеаларга муносабати ўз аксини топган. Бу ëлғон ва фактлар рўйхати осонгина таржима қилиниб¸ хориж жамоатчилиги¸ хусусан¸ россияликлар диққатига етказилиши мумкин¸ дейди америкалик таҳлилчи.

АҚШ Давлат департаменти бу ҳужжатни эълон қилиши арафасида АҚШ¸ Франция¸ Британия ва Германия дипломатик идоралари раҳбарлари Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Парижда учрашиб¸ Украинадаги можарони мулоқот йўли билан ҳал этишга уриндилар. Жон Керри ва унинг француз ҳамкасби учрашувни “жуда конструктив” деб баҳолаганига қарамай¸ музокараларда томонлар ҳеч қандай келишувга эришмади.

Кузатувчиларга кўра¸ бундай музокараларда Путин топшириғини бажаришга мажбур Лавров позициясини ўзгартириш имкони йўқлигини тушуниб турган АҚШ¸ қолаверса ЕИ ҳукуматлари¸ вақтдан ютиш ва Қримдаги тарангликни юмшатиш ва қон тўкилиши олдини олишга уринмоқда.

Бундай музокараларни давом эттириш¸ Вашингтон Москванинг Украинадаги ҳаракатларига нисбатан ўз ëндашувини юмшатганини англатмайди¸ демоқда аксар кузатувчилар.

Вашингтондан Россияга нисбатан кескин чоралар қўллаш кутилаëтган пайшанба куни Европа Иттифоқига аъзо 28 давлат раҳбари Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига қандай чора кўриш масаласини муҳокама қилади.

Брюссел саммити арафасида ЕИ ҳукуматлари Украинанинг ҳокимиятдан қочиб кетган президенти Виктор Янукович ва унга яқин 17 нафар собиқ расмийнинг иттифоқ банкларидаги банк ҳисобларини музлатиш¸ кўчмас мулкларини муҳрлаш ва уларни иттифоқ ҳудудига киритмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Рўйхатда Украина собиқ Бош вазири¸ Бош прокурори¸ Хавфсизлик хизмати раҳбари¸ Ички ишлар ва Адлия вазирлари¸ шунингдек Януковичнинг ўғли Олександр бор.

Оқ уйнинг Россияга нисбатан молиявий ва иқтисодий санкция қўллаш ҳақида қарори эълон этилиши тахмин этилаëтган бир пайтда¸ кузатувчилар¸ ЕИнинг айни қарорга келиш эҳтимоли қийин эканини таъкидламоқдалар.

Айтилишича¸ АҚШнинг Росси билан йиллик савдо айланмаси 40 миллиард долларни ташкил қилгани ҳолда¸ ЕИ ва Россия ўртасидаги савдо ҳажми 460 миллиард - қарийб ярим триллион долларга етади.

ЕИнинг энг йирик иқтисоди саналган Германия¸ расмий рақамларга кўра¸ ўз ëнилғи эҳтиëжининг 40 фоизини Россиядан олинадиган газ ва нефть ҳисобига қондиради.

Россияга жорий этиладиган иқтисодий жазо чораларидан иттифоқ иқтисодига ҳам жиддий зарар етиши боис¸ ЕИ ҳукуматлари Путинни дипломатик мулоқот орқали Қрим можаросига тезроқ ечим топишга кўндиришга уринмоқда.

Айни пайтда¸ ЕИ ва НАТОга аъзо Полша ҳукуматининг ўз чегарасида юзага келган таҳликали вазият хусусидаги хавотири асосида НАТО Болтиқ ҳавзаси ҳаво ҳудудини қўриқлаëтган қирувчи учқичлари сонини икки бараварга кўпайтирди.
XS
SM
MD
LG