Линклар

27 февраль куни Элликқалъа туман марказий касалхонасида чироқ ўчиб қолиб¸ бир соат давомида ҳам қайта ëнмагани оқибатида сунъий нафас олиш ускунасига уланган олти ойлик Жондорбек оламдан ўтди.

Элликқалъа туман марказий касалхонаси шифокорлари Озодлик билан суҳбатда Жондорбек ўлимини тасдиқлашди. Айни пайтда¸ касалхонанинг ўз исмини айтмаган раҳбарларидан бири чақалоқ ўлимига айнан свет ўчиб қолиши сабаб бўлганини инкор қилди:

- Ҳақиқатан ҳам Султонов Жондорбек бизда ётди. У туғма юрак нуқсони билан туғилди. Доим аппаратда ётди. Свет ўчиб туради бизда, лекин свет проблемасининг бунга алоқаси йўқ. Биз движок ҳам қилиб қўйибмиз, свет ўчса дарров қўшилади, деди Элликқалъа туман марказий шифокорларидан бири.

Касалхонада нобуд бўлган чақалоқнинг ота-онаси Озодлик мухбири билан суҳбатда бу воқеа тафсилотлари ҳақида гаплашишни истамади.

Ҳодисани ўрганган Озодлик манбаъсига кура, чақалок касал бўлгани билан унинг ҳаети айнан свет ўчиши туфайли узилган.

- Бизда кунда свет ўчаяпти. Юраги аппарат ёрдамида ишлаб турган бола бир соатга светни ўчирганида оламдан ўтди, дейди исмини айтмаган элликқалъалик аёл.

Элликқалъа туман Ички ишлар бўлими ходими Озодлик билан суҳбатда Жондорбек ўлими сабаблари ўрганилаётгани, ўлим сабаблари ҳақида хулоса қилишга ҳали эрта эканини айтишди:

- Бу иш билан ҳозир прокуратура ҳам шуғулланаяпти. Бола ўлимига свет ўчиши сабаб бўлганми ёки ҳақиқатан ҳам юрагидаги нуқсон сабаб бўлганми, буни ўрганаяпмиз, деди Элликқалъа милицияси расмийси.

Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, бу Элликқалъа туманида сўнгги уч ой ичида свет ўчиши билан боғлиқ иккинчи ўлим ҳолатидир.

Элликқалъа туман марказий касалхонасининг ўз исмини айтмаган шифокорларидан бири мунтазам электр узилишлари беморларга лозим тиббий муолажа қилинишига жиддий халал бераётганини эътироф этди:

- Масалан, операция бўлиб турганида бирдан свет ўчиб қолади. У пайтда дарров движокга улаб юборамиз. Ҳозир шунақа жуда кўп бўлaяпти. Авваллари мана шу вақтда свет ўчади, деб огоҳлантиришар эди. Ҳозир огоҳлантирмасдан, ўчириб қўяяпти. Нимага огоҳлантирмайсизлар десак, Нукусдан узиб қўйди, дейишади. Шу чатоқ бўлиб турибди, дейди элликқалъалик шифокор.

Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам совуқ кунлар бошланиши билан электр тармоғида узилишлар тез-тез рўй беради.

Қорақалпоғистон электр тармоқлари ташкилотидаги бирорта масъулдан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG