Линклар

Тошкентда гўшт маҳсулотлари қимматлади


Тошкентдаги дўконлардан бирида сотилаётган колбаса-сосискалар нархлари.

Тошкентдаги дўконлардан бирида сотилаётган колбаса-сосискалар нархлари.

Тошкентда гўшт маҳсулотлари нархи қарийб 800-1000 сўмга қимматлади. Ишлаб чиқарувчиларга кўра, нархлар ошишига хориждан гўшт олиб келиш тўхтагани сабаб бўлган.

Тошкентнинг Ўрикзор даҳасида жойлашган “Карвон” улгуржи-савдо бозоридаги дўконларнинг бирида сотувчи бўлиб ишлайдиган Толиб Озодликка четдан колбаса ишлаб чиқаришда ишлатиладиган гўшт олиб келиш тўхтатилгани боис колбаса, сосискалар нархлари ошганини айтди.

- Гўшт маҳсулотлари нархи 1000–1200 сўмгача ошди. Варённий, копчённий колбасалар ҳаммаси ошди. Сабабини сўрасак, четдан бизага экспорт қилинадиган “блочний гўшт”ларнинг келиши тўхтабди. Шуни ҳисобига нархлар ошиб кетди,- дейди Толиб.

Толибга кўра, колбаса ва сосискалар нархи гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар томонидан оширилган.

- Ишлаб чиқарувчилар белгилайди нархни. Нархни ошириш учун ҳокимни ёки прокуратуранинг буйруғи керак эмас. Ишлаб чиқарувчи маҳсулот таннархига қараб нархни белгилайди. Ҳозир ҳамма нарса четдам импорт қилинадику, - дейди Толиб.

Тошкентдаги гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланувчи “Tegen Group” ширкатининг ўзини таништирмаган ходими февраль ойида маҳсулотлар нархини оширилганини тасдиқлади.

- Биз февраль ойида нархни уч фоизга оширдик. Шундан кейин нархни оширмадик, - деди “Tegen Group” ширкати ходими.

Пойтахт дўконларида аввал бир килоси 11500 сўм бўлган колбаса ҳозирда 12300 сўмдан, 17800 сўм бўлган сосиска эса 18500 сўмдан сотилмоқда.

Толибга кўра, колбаса, сосиска ва бошқа гўшт маҳсулотлари қимматлаганидан кейин 3-4 кун савдо суст бўлган.

Янги йил арафасида пойтахт бозорларида бир килограмм мол гўштининг нархи 23 минг сўмдан 27 минг сўмгача қимматлаган эди.

Озодлик мухбирига кўра, шу кнларда Тошкентдаги сюпермаркетларда бир кило мол гўшти 29 минг сўмдан сотилмоқда.

Пойтахт бозорларида бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи турғун қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG