Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:03

Давлат тест маркази абитуриентларни чув тушиб қолмасликка чақирди


Самарқандда туман ҳокими фермернинг ерини тортиб олмоқчи бўлди. Наманган боғчаларида болалар санитария-гигиена қоидаларига зид шароитда тарбияланган. Кутубхоналар хорижда тайёрланган диний материалларни рухсатсиз қабул қилиши ман этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Туман ҳокими фермернинг ерини тортиб олмоқчи бўлди”

Сармарқанд вилояти Пастдарғом тумани ҳокимининг “Сафарова Нодира” деҳқон хўжалигига қарашли ер майдонини тортиб олиш йўлидаги уринишлари чиппакка чиқди (“XXI аср”, 6 март).

Самарқанд вилоят хўжалик суди судяси Йўлдош Норбековга кўра, туман ҳокими деҳқон хўжалиги томонидан қурилган иншоотни бузиб ташлаш ва ер майдонини ҳокимлик ихтиёрига ўтказишни сўраб даъво аризаси киритган. Ҳоким деҳқон хўжалиги ноқонуний қурилиш қилганини иддао қилган. Аммо текширувда ҳокимнинг даъвоси асоссиз бўлиб чиқди.

Деҳқон хўжалиги қаровсиз ётган ерни олиб, жуда кўп куч сарфлаб уни обод қилгани маълум бўлган. Қайд этилишича, хўжалик суди ҳокимнинг даъвосини рад этган.

“Давлат тест маркази абитуриентларни огоҳлантирди”

Ўзбекистон Давлат тест маркази мамлакатда турли номларда чоп этилган тест саволлари кўпайиб бораётганидан хавотир билдирди (“Даракчи”, 6 март).

Республика бўйлаб кенг тарқалган аксар тест тўпламларидан ўрин олган саволлар экспертизадан ўтказилмаган, давлат таълим стандартига мос эмас. Энг ачинарлиси, бундай китоблар “Давлат тест маркази ҳамкорлигида тайёрланди”
деган ёлғон ахборот остида чоп этилмоқда.

“Сохта тадбиркорлар томонидан чоп этилаётган шакл, тузилиш ва ҳажм жиҳатдан Давлат тест маркази томонидан ўтказилаётган тест синовларида ишлатилаётган саволлар китобига ўхшаш бундай манбалар фойдаланувчини алдаши мумкин, холос” дейилади газета хабарида.

“Ўнлаб болалар боғчасида санитария ва овқатланиш меъёрлари бузилган”

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 39 та мактабгача таълим муассасаларида ўтказилган текширувларда санитария-гигиена ва овқатланиш меъёрлари қўпол равишда бузилгани аниқланди (“Диёнат”, 6 март).

4, 9, 17, 25, 33, 44, 45, 47 ва 49-боғчаларда тарбияланаётган болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний ривожланиш аҳволи ҳеч кимни қизиқтирмаган чоғи, даволаш-профилактика ишлари, санитария-гигиена меъёрлари, овқатланиш режими ва сифатига риоя этилмаган.

15-умумтаълим мактабида таъмирлаш ишлари бошлангач, 60 нафар ўқувчи 29-боғчага жойлаштирилган. Натижада муассасанинг 4 та гуруҳидаги 70 нафар бола 3 ой мобайнида битта хонада, санитария талабларига жавоб бермайдиган шароитда тарбияланган.

Бундан ташқари, 10 га яқин боғчада болалар берилаётган иссиқ овқат сифати қониқарсиз экани аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан қатор мансабдорларга жиноий иш очилган.

“Кутубхоналар хорижда тайёрланган диний материалларни рухсатсиз қабул қилиши тақиқланди”

Ўзбекистон ҳудудида диний материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга оид янги низом кучга кирди (“Адолат кўзгуси”, 6 март).

Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 20 январда қабул қилган қарорга кўра, Ўзбекистон ҳудудига фақат давлат диншунослик экспертизасидан ўтказилган диний мазмундаги материалларгина олиб кирилади.

Экспертиза чоғи диний материаллар тақиқланган деган хулосага келинса, улар божхона ёки давлат чегарасини қўриқлаш идораси томонидан мусодара қилинади. Янги низомга мувофиқ, мамлакатдаги кутубхоналар ва ахборот-ресурс марказлари Дин ишлари қўмитаси хулосасини олмай туриб, хорижда ишлаб чиқарилган диний материални қабул қилиши тақиқланади.

“Поезд ғилдиракларининг ишлаш муддати ўтиб кетгани маълум бўлди”

Оролбўйи ҳудудидаги темир йўл ва иккита аэропортда текширув ўтказган прокуратура қатор қонун бузилишларини аниқлади (“Ҳуқуқ”, 6 март).

Урганч, Ҳазорасп, Мискин темир йўл бекатларида дераза-эшиклари шикастланган, ғилдиракларининг ишлаш муддати ўтиб кетган вагонлардан фойдаланилган.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам меъёрий ҳужжатлар талабига риоя этилмаган. Темир йўл вокзаллари ва аэропортларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш борасида ҳам камчиликлар аниқланган.

Текширувлар чоғи 290 нафар масъул шахс хизмат вазифасини бажаришда масъулиятсизлик қилгани учун жазоланган.

“Истеъмолчилар буханка нон сифатидан нолимоқда”

Тошкент шаҳрида сотилаётган буханка нон сифат талабига жавоб бермаётир (“Новий век”, 6 март).

Иккинчи ёки учинчи кунга қолган нон елим каби ёпишқоқ бўлиб, ейишга яроқсиз ҳолга келмоқда. “Тошкент нон” бирлашмаси ўз маҳсулотлари сифатли эканини таъкидлаган.

Аммо газетага кўра, барча истеъмолчилар шаҳар бўйлаб сифатли буханка қидириб топиш имконига эга эмас.

“Тошкентлик нонвойлар сифатли маҳсулот тайёрлашни ўрганишмаган экан, жилла қурса бутун буханка нонни қисмларга бўлиб, яримтадан, чорактадан сотишни йўлга қўйишса яхши бўларди” деб ёзади газета.

“Мактабга 6 ёшдан чиқмоқчи бўлган болалар 2 бор комиссиядан ўтади”

Ўзбекистон мактабларига олти ёшдан кириш истагида бўлган болалар 1 февралдан 30 апрелгача тиббий текширувдан ўтказилади (“Оила даврасида”, 6 март).

Бу ҳақда республика Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги ташхис маркази раҳбари ўринбосари Камолиддин Жўрабоев маълум қилган.

Тиббий кўрикдан ўтган болалар туман (шаҳар) халқ таълими бўлими қошида тузилган болалар психологик-педагогик ташхис комиссиясига тавсия этилади.

Ўз навбатида мазкур комиссия 1 майдан 25 августга қадар боланинг психологик-педагогик жиҳатдан етуклигини ўрганади. Ушбу икки комиссиядан ўтган болаларга олти ёшдан мактабга боришга рухсат берилади.

Жўрабоевга кўра, ҳозирча республиканинг чекка, олис ҳудудларида яшайдиган болаларни тиббий текширувга тўлиқ қамраб олиш имкони йўқ.
XS
SM
MD
LG