Линклар

logo-print

Турчинов Қрим референдумини бекор қилди


Украина муваққаат президенти Александр Турчинов.

Украина муваққаат президенти Александр Турчинов.

Украина муваққат президенти Александр Турчинов Қрим Олий Кенгашининг референдум ўтказиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Турчиновга кўра, Украина Олий Радаси Қрим парламентини тарқатиш жараёнини ҳам бошлайди. Қрим Олий Кенгаши Турчиновнинг бу баёнотини ҳуқуқий асоссиз, дея баҳолади

Ҳозирда Москвада бўлган Қрим парламенти спикери Владимир Константинов қримликлар референдумдан сўнг бутун Украинани Россияга қўшиб олиш учун ҳаракат бошлашга тайёрлигини таъкидлади.

Жума куни Киевда ўтказилган брифингда сўзлаган Олий Рада расмийси Руслан Кошулинскийга кўра, Украина ҳукумати Россияга қарши ҳарбий қаршилик кўрсата олмаслигини тушунган ҳолда вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилаяпти.

Украина муваққат Бош вазири Арсений Яценюкка кўра, Киев расмий Москва билан музокаралар бошлашга тайёр, лекин Россия Қримдан ўз қўшинларини олиб чиқиши ва “Сепаратистлар ва террористлар”ни қўллашни тўхтатиши лозим.

- Биз Россия ҳукумати билан музокаралар бошлашга тайёрлигимизни аниқ-равшан айтдик. Лекин бунинг учун бизнинг россиялик ҳамкорларимиз бўлиши керак бўлган россиялик қўшниларимиз, биринчидан, қўшинларини олиб чиқишлари керак. Иккинчидан, Россия имзолаган иккитомонлама ва кўп томонлама мажбуриятларини бажариши лозим. Учинчидан, Қрим мухтор республикаси ҳудудидаги сепаратистлар ва террористларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши керак, деди Яценюк.

“Украина ҳақиқати”нинг Украина Мудофаа вазирлигига таяниб хабар қилишича, Россия Қора денгиз флоти Докузлав кўлида Украина ҳарбий кемалари йўлини тўсиш учун сув ости кемасини портлатиб чўктирган. Кеча ҳам худди шу жойда бошқа бир кема чўктирилгани хабар қилинган эди.


5 март куни ўғирланиб кейин қўйиб юборилган Украина чегара хизмати генерали Михаил Коваль уни Россия махсус хизмати ўғирлагании иддао қилиб чиқди.

Дума Қримнинг Россияга қўшилиш қарорини қўллашга тайёр!

Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг маълум қилишича, агар қримликлар референдум орқали Россияга қўшилишни қўллаб овоз берса, Россия парламентининг юқори палатаси бу қарорни қўллашга тайёр.

- Агар Қрим халқи референдум орқали Россияга қўшилишга қарор қилса, биз парламентнинг юқори палатаси бу қарорни сўзсиз қўллаб-қувватлаймиз, деди Матвиенко.

Давлат Думаси Сергей Наришкин буни тасдиқлаб, Россия “Қрим ва Севастополь аҳолисининг эркин ва демократик танлови”ни қўллашини айтди.

- Биз ушбу қарор Украинада давом этаётган кескин сиёсий бўҳрон натижасида қабул қилинганини тушунамиз. Буни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, инсонлар ҳаётини ҳимоялашга ҳаракат билан боғлаш мумкин, деди Наришкин.

Думанинг МДҲ масалалари бўйича раҳбари Леонид Слуцкийга кўра, Давлат Думаси Қрим референдуми натижаларини қисқа муддат ичида расмийлаштириши мумкин.

Пайшанба куни Қрим мухтор республикаси янги ҳукумати Россияга қўшилиш масаласи бўйича референдумнинг 30 мартдан 16 мартга кўчирилганини маълум қилди.

Украина ҳукумати Қрим референдумини ноқонуний деб эълон қилди.

Интерпол Януковични ҳибсга олишга сўровнома олди

Интерпол Украина ҳукуматидан собиқ президент Виктор Януковичга нисбатан қидирув эълон қилиш ва уни ҳибсга олиш бўйича расмий сўровнома олди. Бу ҳақда Интерпол матбуот хизмати маълум қилди.

Янукович 22 февраль куни ҳокимиятдан ағдарилгач, Россияга қочиб кетган эди. Ҳозирда ҳам у Россия ҳудудида қолмоқда.

Украинанинг янги ҳукумати Януковични Киевда норозиларни “оммавий ўлдириш” ва конституциявий тузумни ағдаришга чақириқ билан чиққанликда айблаяпти.

26 февраль куни Украина Бош прокуратураси Януковични халқаро қидирувга берди.

Украинанинг янги ҳукумати маълумотига кўра, Янукович президентлиги даврида 70 миллиард доллар Украина молиявий тизимидан офшор ҳудудларга олиб чиқилган ва 37 миллиард долларлик қарз нималарга сарфлангани ноаниқ қолмоқда.

Обама Путин билан Қримдаги вазиятни муҳокама қилди

АҚШ президенти Барак Обама россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан Қримдаги вазият бўйича суҳбатлашди.

Бу ҳақда билдирган Оқ уй маълумотига кўра, Путин билан суҳбатда Обама Россиянинг Қримдаги ҳаракатлари Украина суверенитетини бузганини ва бунга жавобан АҚШ мазкур ҳарбий интервенция ортида турган Кремль расмийларига нисбатан санкциялар қўллаганини айтган.

Шунингдек, Обама суҳбат давомида АҚШ расмийлари илгари сураётган дипломатик ечим шартларига қисқача тўхталган.

АҚШнинг дипломатик ечим таклифида Россия ўз ҳарбийларини Қримдаги базаларига қайтариши, ҳудудга халқаро кузатувчиларнинг киришига рухсат бериши ва Украина ҳукумати билан бевосита мулоқотни бошлаши кўзда тутилган.

Барак Обама ва Владимир Путин сўнгги олти кун ичида иккинчи бор телефон орқали сўзлашди.

Обама Япония Бош вазири билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилди

Пайшанба куни кечқурин АҚШ президенти Барак Обама Япония Бош вазири Синздо Абэ билан телефон орқали Украинадаги вазиятни муҳокама қилди.

Оқ уй маълумотига кўра, икки давлат лидерлари Россия Украинага нисбатан ҳаракатлари орқали халқаро хавфсизликка таҳдид солаётганини айтишган.

Обама билан Абэ Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сақлаш зарурлигини таъкидлашган.

Икки давлат лидерлари Россия юзага келган бўҳронни дипломатия йўли билан ҳал қилиш имконига эгалигини айтиб, Украина ҳукуматига кўмак кўрсатишга АҚШ ва Япония тайёрлигини билдиришган.
XS
SM
MD
LG