Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:23

Чехия президенти инсон ҳақлари ҳимояси Ўзбекистон билан бизнесга халал беришидан хавотирда


Милош Земан Ислом Каримовни Прагада меҳмон қилиш умидидан ҳали ҳам воз кечмаган.
Милош Земан Ислом Каримовни Прагада меҳмон қилиш умидидан ҳали ҳам воз кечмаган.
Марказий Моравиядаги Papcel Litovel ширкатига пайшанба куни қилган ташрифи чоғида Чехия президенти Милош Земан инсон ҳақларини ҳимоя қилиш иддаоси чех ширкатларининг Ўзбекистон каби давлатларга экспорт истиқболини хатар остига қўймаслиги лозимлигини таъкидлади.

Papcel Litovel ширкати Чехиядаги қоғоз ишлаб чиқариш машиналарининг йирик экспортëри.

- Мен Ўзбекистон каби давлатларга киритилган сармояларимиз инсон ҳақларини ҳимоя қилиш деб аталаëтган сиëсат сабабли хатар остида қолаëтганидан анча хавотирдаман. Агар бу давлат раҳбарлари¸ хусусан¸ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бизнинг мамлакатимизга ташриф қилмас экан¸ биз инсон ҳуқуқлари ҳақидаги фикрларимизни уларнинг юзига айтиш имконидан маҳрум қоламиз¸ деди чех президенти Земан.

Милос Земаннинг бу гаплари 20 февраль куни давлат ташрифи билан Прагага келиши кутилган Ўзбекистон президенти сафарининг инсон ҳақлари ҳимоячилари босими остида номаълум муддатга қолдирилиши муносабати билан айтилди. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари¸ ўзини демократик қадриятлар ҳимоячиси деб атовчи Европа Иттифоқига аъзо бўлмиш Чехиянинг халқаро майдонда “диктатор” сифатида танилган Ислом Каримовни меҳмонга чақирганини жиддий қоралаб чиқди.

Каримов билан учрашишнинг ўз сайловчилари олдидаги эътиборига зиëн етказишидан чўчиган Чехия Бош вазири¸ қолаверса Каримов билан учрашиши белгиланган олти вазирдан бештаси ва Прага шаҳар ҳокими Ўзбекистон президенти билан учрашувга вақтлари йўқлиги баҳонасида¸ уни билвосита бойкот қилдилар.

Чехия ҳукумати расмийларининг бундай ҳаракати ўзбек томонининг Каримов ташрифини қолдиришига сабаб бўлди.

Земаннинг пайшанба куни афсус билан қайд этишича¸ Каримов Прага ташрифининг бекор қилиниши чех ширкатларига қимматга тушган – имзоланиши ҳозирланган 15 миллиард крона – 750 миллион долларлик бизнес келишувлари имзоланмай қолган.

Чех сиëсатчиларининг масъулиятсиз ëндашувлари оқибатида чех ширкатлари Ўзбекистонга ўз маҳсулотларини экспорт қилиш имконидан маҳрум қолди¸ деб ëзғирди президент Милош Земан.

- Эндиликда биз Ўзбекистон каби давлатларга киритилган сармоямизни ҳам йўқотиш таҳликаси остида қолдик. Мен Чехия Республикаси ўзини гўë супердавлат сифатида тутмаслиги керак¸ деб ўйлайман. Бунинг ўрнига ҳукуматимиз мамлакатда яшаëтган 630 минг ишсизга ҳурмат кўрсатиши керак. Бундай шошма-шошар ҳаракатлар оқибатида Чехиядаги ишсизлар сонини янада кўпайтирмаслигимиз керак¸ деди ўтмиши коммунист бўлган Милош Земан.

Пайшанба куни Земан зиëрат қилган Papcel Litovel ширкатининг ҳамкори бўлган Paper Mill Holding Ўзбекистондаги Angren Pack қоғоз фабрикасига кейинги уч йил давомида 8 миллион доллар (160 миллион чех кронаси) сармоя ëтқизган. Жорий йилда мазкур ширкат Ўзбекистон қоғоз фабрикасига 5 миллион доллар сармоя киритишни мўлжаллаган.

- Angren Pack фабрикасида Ўзбекистон ҳукумати вето ҳуқуқига эга акциядор бўлгани боис¸ ширкатга сармоя ëтқизишни давом эттириш учун унинг рухсатига муҳтожмиз. Каримов сафарига ҳозирлик жараëнида Тошкент ҳукумати бу масалада бизга имкон қадар ëрдам беришга уринди. Сафар қолдирилиши¸ бизнинг бу режаларимизга салбий таъсир қилмаслигига ҳали ҳам умид қилиб турибмиз¸ деди Papcel ширкати хўжайини ва Paper Mill Holding эгаларидан бири Давид Достал Земан билан учрашувда.

Пайшанба кунги учрашувда президент Земан нафақат Papcel бошқарувчилари¸ балки бошқа чех тадбиркорларига ҳам Чехиянинг Ўзбекистон каби Марказий Осиëдаги янги бозорларга нисбатан мувозанатли ëндашув тутиши учун имкон қадар ҳаракат қилишни ваъда берди.

- Зотан ишлаб чиқараëтган маҳсулотингизнинг 98 фоизини экспорт қилар экансиз¸ табиийки¸ сиз ўзингизни бу бозорлар қандай қабул қилиши¸ сизга қандай қарз ва нархлар берилиши ва қанча даромад қилишга қарам бўласиз¸ деди ўзини инсон ҳақлари эмас¸ чех бизнеси манфаатлари ҳимоячиси сифатида тақдим этган Милош Земан 6 март кунги учрашувда.

Ислом Каримовнинг 20-22 февраль кунларига режаланган Прага сафари бошланишига бир ҳафта қолганда номаълум муддатга кечиктирилиши ортидан Милош Земан Ўзбекистон президентини Прагада меҳмон қилиш умидидан ҳали ҳам воз кечмагани ва Каримовни яна қайта даъват қилганини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG