Линклар

Тақирбошлар ҳужумига учраган болакайни даъволаш учун маблағ йиғилмоқда


Диёрбек Абдуллаев.

Диёрбек Абдуллаев.

Ўтган йилнинг октябр ойида Москва метросида тақирбошлар ҳужумига учраган ўшлик 1,5 яшар Диёр Абдуллаев бир кўзидан ажраши мумкин. Болакай шифохонада ётганида унинг онаси регистрациясини янгилагани Украинага чиққанида Россияга қайта киритилмади. Ҳозирда Диёрнинг отаси Москвада беш нафар фарзанди билан бир ўзи болакайнинг операциясига маблағ йиғмоқда.

Тақирбошлар ҳужумига учраган ўзбек болакайи Диёр Абдуллаевнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти фаоллари унинг операциясига ёрдам жамғармасини уюштирди.

“Фуқаровий кўмак” қўмитасининг муҳожирлар масалалари бўйича лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова Озодликка бола қандай жароҳат олганини гапириб берди.

“2013 йилнинг октябрида полиция зачисткаси авж олган пайтда яшаётган квартирасидан чиқариб юборилган ўшлик 43 ёшли Ўктамхон янги яшаш жой қидириб, қўлида боласи билан Москва метросининг Замоскворецкий линияси станциясига тушади”, дея бошлади Анастасия.

- Ўшанда бола бир ёшу бир ойлик бўлган. Метронинг бекатларидан биридан чиқаётганида аёлга тўсатдан бир гуруҳ рус ёшлари ташланган. Улар “Ҳайда уларни! Йўқолинглар!”, деб бақириб, бир нечта бошқа кўринишидан рус бўлмаган аёлларни қувиб келаётган экан. Ўктамхон боласини қўлига олиб, аёлларга қўшилиб қочиб қолган. Қуваётганлар “Чурка! Чёрние!”, деб бақирган, дейди ҳодиса тафсилотларини Озодликка гапириб берган ҳуқуқ фаоли.


"Фуқаровий кўмак" мутахассислари она- болага ҳужум айни Бирюлёво мавзесидаги метро бекатида содир этилганини тахмин қилмоқда.

Ўктамхон ҳужум қилган рус йигитларининг қўлида қанақадир шиша идиш бўлгани ва улар бу идишдаги суюқликни устига сепиб кетганини айтди.

Аввалига ўзбек аёли улар сув сепиб кетди, деб ўйлаган.

- Боланинг кўзига нимадир тушган кўринади, чунки у бир бекат ҳам юрмасдан бола чинқириб йиғлашни бошлаган. Кейинги бекатда тушиб у ташқарига чиққан ва тез ёрдам чақиртириб, болани шифохонага олиб борган. Шифохонада боланинг чап кўзи тўр пардаси куйиб кетгани аниқланган. Врачлар тақирбошлар буларнинг устига сирка эссенциясини сепган бўлиши мумкинлиги тахмин қилди. Шифокорлар ташҳис қўйиши керак. Ҳозирча Диёрнинг кўзи тикиб қўйилган, деди Анастасия Денисова.

“Фуқаровий кўмак” мувофиқлаштирувчисининг айтишича, бола шифохонада даволанаётганида Ўктамхоннинг Россияда қайдга туриш муддати тугаб қолгани сабабли уни янгилаш учун жорий йилнинг 15 февралида Украинага чиқиб кетган ва Россия чегарасида ортга киритилмаган.

Чегарачилар Ўктамхон миграция қайди муддатини ўтказиб юборганини иддао қилиб, 2018 йилгача унга Россияга кириш таъқиқланганини билдирган, дейди Анастасия.

Ҳуқуқ фаоли Абдуллаевлар оиласи 2010 йилги Ўш воқеаларида уйи куйиб, Россияга қочиб келганини айтди.

Ҳозирда Диёрбекдар ташқари яна тўрт нафар бола билан Москвада қолган боланинг отаси Қирғизистон элчихонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Лекин у ерда уни Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотига юборишган.

Врачлар 10 кунлардан кейин Диёрбек Абдуллаев кўзини диагностика қилиш зарурлигини маълум қилган.

- Болалар бу ерда, она Қирғизистонда куну-тун йиғлайди. Ўзини қўярга жой топа олмайди. Биз ҳозир Ромодановский муовинларидан бирига мурожаат қилдик – шу кунларда Ўктамхонга чегарани очиб беришларини ваъда қилишди – кутяпмиз, деди “Фуқаровий кўмак” қўмитасининг муҳожирлар масалалари бўйича лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова Озодликка.

Ўшлик Диёрбек тақдирига бефарқ бўлмаган фуқаролар ёрдамида Қўмита ходимлари диагностикага зарур бўлган 15 минг рубл йиғилгани маълум. Ташҳис қўйилгандан кейин, врачлар кейинги жарроҳлик амалиётларига керак бўлган маблағ миқдорини эълон қилади.

Диёрбек Абдуллаевга ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган саҳоватпеша инсонлар Яндекс- Кошелек орқали 410011006052189 рақамига “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина номига ўтказишлари мумкин. Банк карталари эгалари эса қуйидаги линк орқали маблағ ўтказиш имкониятига эга: https://money.yandex.ru/topup/card/carddetails.xml

Шунингдек, Москвадаги Олимпийский проспекти, 22- уйда жойлашган “Фуқаровий кўмак” қўмитасига шахсан мурожаат қилиб, Анастасия, Ирина ёки Григорийга Диёрбек масаласида мурожаат қилишаётганини билдиришлари мумкин.

Хориждан маблағ жўнатмоқчи бўлганлар ташкилотнинг мана бу реквизитларига "Диёрбек Абдуллаевга", деб жўнатишлари мумкин.

Қўмита ходимлари Диёрбекка сарфланган ҳар бир тийин бўйича расмий сайтларида ҳисобот берилишини маълум қилишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG