Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:54

Ўзбекистонликлар 8 мартни байрам қилишни унутишмайди


Ўзбекистонлик аёллар 8-март халқаро хотин қизлар кунида асосан рўмол, кўйлак, гул, уй-рўзғор бюмларидан иборат совға - саломлар оладилар. Эркаклар эса бу совғалар учун 20 мингдан 200 минг сўмгача пул сарфлашар экан.

65 ёшли Розия Абдиева шифокор бўлиб ишлаган, ҳозир нафақада. Онахонни нафақат оила аъзолари, балки у бир неча ўн йиллар аввал даволаган беморлари ҳам табриклашар экан.

-Болаларим соға олиб келишади. Мени кўнглимга қараб, мен ёқтирган нарсалардан олиб беришади. 8 март куни улар мени табриклашни сира канда қилишмайди.

Озодлик: Турмуш ўртоғингиз ҳам совға берадими?

-Мулла бувам топсалар тирик гул билан, тополмасалар мундайроқ гул билан табриклайдилар. 1975 йилда турмуш қурганмиз, айланай. Шундан бери совға оламан. Мен ўзим касалхонада ишлаганман. Даволаган беморларим ҳам мени унутмай 8 март билан табриклаб туришади. Ҳозиргина мен 1974 йилда даволаган Ёқубов Чори деган йигит табриклаб кетди. Мени унутмаган экан, “сизни қидирдим, телефонларингизни изладим” дейди. Келиб, табриклаб кетди, -дейди Розия опа.

Сурхандарёлик Ўрол ака ҳам 8 март куни оиласидаги аёлларни табриклашни канда қилмаслигини айтди.

-Гул билан табриклайман. Кўйлак, рўмол олиб бераман. Ишқилиб, бир совға бўлади-да.

Озодлик: Совға учун ўртача неча сўм сарфлайсиз?

-Ўртача ҳар бирига 20 минг-30 минг сўмдан сарфлайман. Мен шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги бутун опа-сингилларимизни, қизларимизни, оналаримизни табриклайман. Шу билан бир қаторда Озодлик радиосидаги аёлларни-Замира, Меҳрибон-ҳаммасини табриклайман.

58 ёшли Тошкентлик онахон эса саккизинчи мартни орзиқиб кутишини, бу куни унинг фарзандлари ва қариндошлари унга кўплаб совға саломлар ҳадя қилишини айтади:

-Хўжайиним менга ҳар доим гул совға қиладилар. Мен у кишининг менга берган меҳрларини тасаввур қилиб айтиб бера олмайман. Мана, бугун эрталабдан ўғилларим, келинларим, сингилларим келиб табриклаб кетишди. Ўғлим қимматбаҳо чонак олиб келибди, “Мазза қилиб чой ичинг” деб. Келинларим, сингилларим кўлаклар ва рўмиоллар совға қилишди. Буларнинг ҳаммасини қачон кийиб улгураман, билмайман.

Ҳасанбой ака эса хотини ва қизига асосан рўмол ва гул совға қилишини айтди. Бунинг учун у ўрта ҳисобда 200 минг сўм сарфлар экан.

-8 март куни бозорлик қилиб келамиз ва уйда дастурхон безаб, ош дамлаб байрам қиламиз. Хотинимга асосан гул, рўмол, кўйлак ва атир совға қиламан. Хотиним ва қизимни бирор марта 8 март куни совғасиз қолдирмаганман, -деди Ҳасанбой ака.

Айни пайтда Ўзбекистонда 8-март байрам эмас деб ҳисобловчилар ҳам мавжуд. Бундай фикрловчилар ўзбеклар фаол бўлган ижтимоий тармоқларда бу кунни байрам сифатида нишонламаслик тўғрисида чақириқларни қолдирмоқдалар. Аммо биз суҳбатга чорлаган 20 одам орасида бундай нуқтаи назардаги шахслар бўлмади.
XS
SM
MD
LG