Линклар

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан йўллаган табригида ўзбек жамиятида аёлларнинг роли ортаётгани ҳақида гапирди.

Жаноб Каримовга кўра, ҳозирги кунда иқтисод ва ишлаб чиқаришнинг кўпгина соҳаларида ишловчиларнинг 62 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

- Умумтаълим мактабларида ўқитувчиларнинг тақрибан 70 фоизи, соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи тиббий персоналнинг эса 78 фоизи аёллардир, деди Каримов.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, мамлакат қишлоқ хўжалигида банд бўлган меҳнатчиларнинг қарийб ярмини ҳозирги кунда хотин-қизлар ташкил этмоқда.

- Мана шундай мураккаб, керак бўлса, эркаклар ҳам кўтаролмайдиган оғир вазифаларни ўзининг нозик елкасида кўтариб келаётган, нолимасдан, доимо шукроналик билан яшайдиган аёллар билан барчамиз ҳақли равишда фахрланишимиз, улардан ўрнак олишимиз лозим, - деди Каримов.

Кўпгина давлатларда 8 март куни хотин-қизлар ҳуқуқлари учун курашувчи фаоллар аёллар учун тенг ҳуқуқлар берилиши ва уйдаги зўравонликка чек қўйишни талаб қилиб намойишлар ўтказмоқда.

БМТ раҳбари Бан Ги Мун дунё бўйлаб ҳар беш аёлдан биттаси жинсий тажоввуз қурбони бўлаётгани, баъзи мамлакатларда эса ҳар уч аёлдан биттаси уйдаги зўравонликдан азият чекаётгани ҳақида ташвиш билдирди.

Ўзбекистонда ҳам кўплаб аёлларнинг оилада зўравонликдан азият чекаётгани айтилади.
XS
SM
MD
LG