Линклар

Ўзбекистонда туғилган ва ҳозир украин фуқаролигини олиб, Қримда оиласи билан яшаётган 41 ёшли Ризвон Қримнинг Россия таркибига киритилиши бўйича келаси ҳафта оҳирида ўтказилажак референдумни бойкот қилишини айтмоқда.

Ўн икки йил аввал Ўзбекистондан Қримга кўчиб келиб, оиласи билан Симферопол шаҳрида қўним топган 41 ёшли Ризвонни ҳам уруш хавфи тинчини бузди.

Лекин уч фарзанди ва рафиқаси билан Симферополда яшайдиган Ризвон ҳеч қаерга кетмоқчи эмас.

- Бўрон олдидан скунат, дейишадику, ҳозир Қримда худди шунақа вазият. Одамларда ваҳима кучли. Одамлар кўчага чиқишга қўрқади. Болалар боғчасидан айтишди "болаларингизни олиб келмай туринглар", деб. Уруш бўлишидан қўрқиб, Украинани ғарбий вилоятларига кўчиб кетаётганлар бор. Лекин, мени кетиш ниятим йўқ. Мени аждодларим шу тупроқда туғилган, - дейди Ризвон.

Ўтган асрнинг қирқинчи йилларида Қримдан Марказий Осиёга ярим миллион одам сургун қилинган. Ризвоннинг ақраболари ҳам Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятига бадарға қилинган эди.

Совет тузуми қулаганидан кейин икки юз мингдан зиëд одам Марказий Осиёдан ўз тарихий ватани бўлган Қиримга қайтди.

Уларнинг 100 мингдан кўпи Ўзбекистондан бошпана топган қрим-татарлардир. Ризвоннинг бувиси учун Қримга қайтиш насиб этмади. Лекин унинг ўзи 2002 йилда ярим оролга кўчиб келди. Ўзбекистондаги ишсизлик Ризвонни аждодлари туғилган Қримга етаклади.

-Бувим қрим татар бўлгани учун мен ҳам оилам билан Симферополга келдим, украин фуқаролигини олишим осон кечди. Кичкина фарзандимиз шу ерда туғилди. Катта фарзандларим шу ерда мактабда ўқийди, кичкинамиз боғчага боради. Қримда татарлар, руслар, украинлар ҳаммаси аҳил, ҳамжиҳат, бир тан, бир жон бўлиб яшаб келмоқда. Шу пайтгача “сен руссан” ёки “сен татарсан”, деган гапни эшитмадик. Одамларни тили ёки миллатига қараб биров камситганини кўрмадик. Лекин бу ерда ҳеч ким Россия билан бирга бўлишни хоҳламайди, Қрим Украинанинг таркибий қисми ва шундай бўлиб қолди. Бу ердаги кўпчилик, ҳатто мени дўстларим бўлган русийзабонлар ҳам шуни хоҳлайди, - дейди Ризвон.

Ўтган ой оҳирида Киевда президент Виктор Януковичнинг ағдарилишидан кейин Қримда вазият таранглашди.

Қримнинг янги бош вазири Сергей Аксенов Россиядан русийзабон аҳолини радикаллардан ҳимоя қилишга ёрдам сўради.

Сўнгги бир неча кун ичида Россия ҳарбий қисмлари Қримдаги гарнизонларни ўз назоратига олди.

Қримнинг Россияга қўшилиши бўйича референдум ҳам 16 феврал кунига сурилди. Қримнинг Россия таркибигига кириши керакми-йўқлигига оид референдум бир ҳафтадан кейин бўлиб ўтади.

- Мен савдогарман. Симферопол бозорида одамлар билан доим мулоқотдаман. Бу ҳаммаси сиёсий ўйин, сиёсий фитна эканини кўпчилик кўриб турибди. Россия каналлари бу ерда бўлаётган воқеаларни 180 градусга буриб, тескари қилиб беряпти. Биз Россия таркибида бўлишни хоҳламаймиз. Россия билан яшаш қийинлигини тарих кўрсатди. Россия империалистик амбицияли бир давлат, ҳаммани ўзига бўй сундиргиси келади. Атрофдаги ҳамма давлатларни ўзини соясида ушлаб туришни хоҳлайди. Мени бу ерда кўп рус танишларим бор. Украин бу ерда кам. Провакацияга учиб, Россия байроғини кўтариб юрганлар бу ерлик эмас. Қримликлар бунақа ишни қилмайди, улар Россия билан яшамоқчи эмасмиз. Украинанинг Европа Иттифоқи таркибида ривожланишини истаймиз, - дейди Ризвон.

“Россиянинг Қримни ишғол қилиш“га уринишлари ерли аҳолининг Москва ҳукуматига нисбатан норозилигини яна ҳам кучайтириб юборган.

Қрим ярим оролидаги бошқа элат вакиллари қатори Ризвон ҳам Украинанинг парчаланмаслигини хоҳлайди. Улар референдумни бойкот қилишларини айтишади.

- Қримни Россияга қўшиш бўйича референдум Украина Конституциясига зид ва автомат ўқталиб ўтказиладиган референдум халқ истагини акс эттирмайди, - дейди Ризвон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG