Линклар

Тошкент марказида, президент деъвони ёнида жойлашган ҳашаматли “Бархан” тунги клубида 8 март кунига ўтар кечаси "Қора ниқоблилар" рейд ўтказиб, ўттиздан зиёд аёлни автобусга босиб олиб кетди.

“Бархан” тунги қлубида 8 март хотин-қизлар кунини байрам қилиб ўтирганлар учун бу кутилмаган хол бўлди.

-Кечаси соат икки-учлар, 8 март, ҳамма байрам, ўйин-кулги. Мазза қилиб ўтирибмиз. Тақир-туқир қилиб маскалилар кириб, ҳаммадан ҳужжат сўраб бошлади. Кейин ўттиз-қирқтача аёлни босиб, учта панжарали “Otoyol” автобусида олиб кетди, - дейди жума оқшомида “Бархан” клубидаги базмда бўлган тошкентлик Эргаш.

Рейдлар нима мақсадда ўтказилгани ва олиб кетилган одамлар қандай жиноятда гумонланаётгани маълум эмас.

“Бархан” тунги қлубидан "Қора ниқоблилар" олиб кетган ўттиздан зиёд аёл орасида 27 ёшли Елена ҳам бўлган.

Еленанинг Озодликка айтишича, уларни Сергелидаги тери-таносил касалликлари диспансерига олиб боришган.

-Ҳозир ҳам бизни шу ерда ушлаб туришибди. Бизни ҳозир бу ерда палаталарга жойлаштиришди. Бугун шанба, эртага якшанба. Бошқа анализлар ҳам қилишар экан. Шуларга қараб кейин, душанба куни қўйиб юборишар экан. Бизни нимага ушлаб турибсизлар десак, ҳеч ким ҳеч нарса айтмайди. Мен билан бирга ушлаб турилаётган қизларни айтишича, бизни фоҳишаликда гумонлашаётган экан, - дейди Елена.

27 ёшли Елена дўконда сотувчи бўлиб ишлашини, “Бархан” тунги клубига дугоналари билан 8 март кунини байрам қилиш учун борганини айтади.

-Олдинига “Бразилия” клубида 11гача ўтирдик. Кейин “Бархан”га келдик. Бир-бир ярим соат ўтирганимиздан сўнг “Маски шоу”чилар келишди. “8 март, байрамку, нимага олиб кетяпсизлар бизни, десак 11дан кейин уйда ўтиришингиз керак эди, дейишди”. Клуб 11дан кейин ҳам ишлаяптику. Клублар ишласа нимага уйда ўтиришимиз керак, - дейди Елена.

Ўзбекистон қонунларига кўра, ресторан ва тунги клублар кечқурун ўн бирда ёпилиши керак. Бу қоидани бузган ресторан ва клублар жаримага тортилади.

Тошкентлик Еленанинг айтишича, кўпгина ресторанлар қоидага амал қилмайди.

- Нимага бизни олиб кетишади, 11дан кейин ҳам очиб қўйса, бу бизни айбимиз эмаску, уларга эътироз билдиришсин, -дейди Елена.

Ўзбекистонда ниқобли шахсларнинг дўкон ва бозорларда тўсатдан рейдлар ўтказиши охирги йилларда анъанага айланди.

Оддий халқ орасида бундай рейдлар "Маски шоу" номини олган.

- Ҳайронман, нимага керак экан бунақа “Маски шоу”лар. Сўнгги пайтда жуда кўпайиб кетди. Одам бемалол ўтириб байрам ҳам қилолмайдиган бўлиб қолди, - дейди тошкентлик Эргаш.

Тошкентлик Еленанинг эса 8 март байрамини Сергелидаги диспансерда ўтказишига тўғри келяпти.

"Бархан" тунги клуби раҳбарияти "Қора ниқоблилар" ҳаракати юзасидан изоҳ бермади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG