Линклар

Россияда сотилаётган GM Uzbekistan автомобиллари нархи 7 минг рублдан 20 минг рублгача ошди. Маълумотларга кўра, ўтган йилдан буён Россия бозорларида сотилаётган Daewoo Gentra автомобиллари баҳоси 15 мингдан 20 минг рублгача, Nexia ва Matiz нархи эса 7 рублгача кўтарилган.


- Нексиялар 7 мингга, Жентралар 20 мингга қимматлади, лекин бу ҳам комплектациясига қарайди. Матизлар ҳам ўртача 7 минг рублга қимматлади, - деди ўзбек автоларини сотиш билан шуғулланадиган Москвадаги “ДеоСити” МЧЖ вакиласи Нина.

Архангельск шаҳрида GM Uzbekistan автомобиллари савдоси билан шуғулланадиган “Авторитет” МЧЖ вакили Леонидга кўра, аввал 399 минг рублдан сотилган Daewoo Gentra эндиликда 414 минг рублдан сотилмоқда.

- [Daewoo Gentra нинг] энг қиммат комплектацияси 542 мингдан сотилаяпти. Нексия эса 289 мингдан 392 минг рублгача сотилаяпти, - деган Леонид аввал энг арзон комплектациядаги Нексия 282 минг рублдан сотилганини қўшимча қилди.

Леониднинг айтишича, шу кунда Архангельскда Матиз автомобили 254 мингдан 349 минг рублгача сотилмоқда. Аввалроқ энг арзон комплектациядаги Матиз, Леонидга кўра, 247 минг рублдан сотилган.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистонда чиқарилган Жентра, Нексия ва Матиз каби автомобиллар нархининг оширилиш сабаблари ўзи учун номаълумлигини айтди.

Uz-Daewooнинг Воронеждаги ваколатхонаси ходимаси Светлана ўзбек автомобилларининг нархини ишлаб чиқарувчи завод кўтарганини маълум қилди.

- 5 мартдан бошлаб ишлаб чиқарувчи завод автомобиллар нархини оширди. Бизда автомобиллар нархлари ҳар йили оширилади, - деди Светлана.

“Нархларнинг ошиши Россия рублининг АҚШ долларига нисбатан қурби пасайиши билан боғлиқ эмасми?” деган саволимизга ширкат вакиласи Светлана: “Бизда бунга оид маълумот йўқ, бунинг сабаблари ҳақида ширкат раҳбарияти бизга маълумот бермайди”, дея жавоб берди.

Аввалроқ Россияда GM Uzbekistan АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонаси томонидан чиқарилган автомобиллар савдоси ўтган йилга нисбатан 35 фоизга тушиб кетгани ҳақида хабар қилгандик.

Аммо, Москвадаги “ДеоСити” МЧЖ вакиласи Нинанинг айтишича, сўнгги пайтларда Россияда нафақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг, балки бошқа мамлакатларда ишланган автомобилларнинг ҳам савдоси сусайган.

- Савдоси унча сусаймаганлари фақат премиум классдаги автомобиллар ва Хитойда ишлаб чиқарилган автомобиллар бўлди. Масалан, БМВ, Мерседес, Ауди, Ягуар, Ланд Ровер каби автомобиллар савдоси унча сусаймади, - дейди Нина.

Россия автосалонларида ўзбек автолари нархи кўтарилган бир пайтда Божхона Иттифоқига аъзо бошқа бир мамлакат – Белоруссияда ҳозирча бу нархлар аввалгидек қолаётгани кузатилмоқда.

Аммо, ўзини “Уз-Дэу” автосалони ходими деб таништирган минсклик Кириллнинг айтишича, нархларнинг ошмай тургани вақтинча ҳолатдир.

- Ҳозирча бизда нарх ошгани йўқ. Бу 1 мартгача Белорусь Республикасига олиб кирилган автомобилларга дахлдор гап. 1 мартдан кейин олиб кириладиган автомобиллар қимматлайди. Ҳозир нарх қанча ошиши ҳақида аниқ бир гап айтолмайман, лекин автомобиллар нархи ўртача 500-600 долларга кўтарилиши кутилаяпти, - деди Кирилл.

Ашхободдаги “Туркмен-УзАВТО” қўшма корхонаси вакили Муратнинг айтишича эса, Туркманистонда ўзбек автомобиллари нархи аввал қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG