Линклар

logo-print

“Мулозимлар саëҳатини чеклаган Ўзбекистон полиция давлатига айланмоқда”


Ўзбекистон дунёдаги саноқли мутлақ тоталитар давлатлар қаторига кирмоқчи кўринади, дейди таҳлилчилар.

Ўзбекистон дунёдаги саноқли мутлақ тоталитар давлатлар қаторига кирмоқчи кўринади, дейди таҳлилчилар.

Ўзбекистондаги юзлаб мулозимларнинг четга чиқиши назоратга олинишини изоҳлаган ҳуқуқшуносларга кўра¸ мамлакат тизими янада ëпиқлик касб қилиб¸ полиция давлатига айланмоқда. 5 мартда имзоланган қарорга кўра, 25 номдаги мансабни эгаллаб турган амалдорлар Ўзбекистондан ташқарига чиқиш учун шахсан президент Каримовдан изн олиши зарур.



Чет элга махсус рухсатнома билангина чиқа оладиган амалдорлар рўйхати Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғриси”даги қарори билан тасдиқланган.

Бу қарорга кўра¸ Ўзбекистонда айрим давлат амалдорлари эндиликда хорижга фақат мамлакат президенти, Вазирлар маҳкамаси ва президент девонининг тегишли хизматларидан махсус рухсатнома олганидан кейингина чиқа оладилар.

5 март куни имзоланган бу ҳужжат мансабдор шахсларнинг чет мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш, хизмат сафарлари самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигини таъминлаш ва давлат сирларини сақлаш мақсадида қабул қилингани айтилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган мутахассис ва ҳуқуқшунослар бу ҳужжат Ўзбекистонни дунëдаги саноқли мутлақ тоталитар давлатлар қаторига кириши учун йўлланма эканини айтишди.

Давлат бошқаруви ва халқаро алоқалар бўйича мутахассис Абдусами Раҳмоновнинг Озодликка айтишича¸ “мулозимлар саëҳатини чеклаган Ўзбекистон полиция давлатига айланмоқда”:

-Ўзбекистон СССР пайтидан мерос қолган чиқиш визаси¸ прописка каби тоталитар давлатга оид тизимларни сақлаб, парвариш қилиб келмоқда. Аммо мулозимларнинг мамлакатдан ташқарига чиқишига шахсан давлат раҳбаридан изн олиши каби ҳолат Совет иттифоқида ҳам йўқ эди. Ўзбекистон ҳарбий-полиция режими ҳукм сурган Шимолий Корея типидаги дунëдаги саноқли ëпиқ мамлакатлар сафидаги ўрнини мустаҳкамламоқда¸ дейди Абдусами Раҳмонов.

Айни суҳбатдош дунëдаги баъзи мамлакатларда давлат сирига молик мулозимлардан бу сирни ошкор қилмасликка оид тилхат олиш амалиëти борлигини айтади:

-Ҳозир тобора глобаллашаëтган шароитда нодир давлат сирларини биладиган одамлар саноқли бўлади. Масалан, улардан давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тилхат олиб, махсус изн расмийлаштирилса, тушунарли бўлади. Аммо бунақа кенг кўламдаги тақиқ бефойда ва зарарли иш¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган ва исми айтилишини истамаган тошкентлик адвокатга кўра¸ кейинги 10 йил ичида юзлаб мулозимлар АҚШ тараққиëт дастурининг ”Мустақил ташриф” лойиҳаси доирасида АҚШ Давлат ҳомийлигида Америкага саëҳат қилишган.

-Бундай ташрифлар доирасида баъзи мулозимларда Ўзбекистон раҳбариятига нисбатан танқидий-тахлилий кайфият пайдо бўлгани Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик идорасидаги кураторлар тарафидан исталмаган ҳолат дея тақдим қилинганидан хабарим бор, дейди суҳбатдош.

Каримов ўз атрофидаги мулозимлардан қўрқмоқда

Қарорга мувофиқ, эндиликда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар, Олий Мажлис Сенати раиси ва Қонун чиқариш палатаси спикери, мамлакат Омбудсмани, Марказий банк раиси ва унинг ўринбосарлари, МХХ раиси, Бош прокурор, Марказий сайлов комиссияси раиси, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди раислари, Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори, вилоят ҳокимлари ва Тошкент шаҳри ҳокими – жами 25 та мансабни эгаллаб турган амалдорлар четга чиқиш учун шахсан Ўзбекистон президентидан изн олишлари зарур.

2000 йилга қадар “Ўздонмаҳсулот” ташкилотига раҳбарлик қилган ва ҳозир Парижда сиëсий қочқин сифатида яшаëтган 65 яшар Олим Отаев фикрича, Ўзбекистон президенти ўз атрофидагилардан қаттиқ ҳадиксирамоқда:

-Чунки айнан бу 25 та шахс жуда кўп маълумотларга ва қудрат салоҳиятига эга мулозимлардир. Улардан Каримов ҳайиқмоқда. Уларнинг мамлакат ташқарисига чиқиб, қайтиб келмаслигидан ҳайиқмоқда, дейди Отаев.

Отаевнинг айтишига кўра¸ ўзи ишлаган даврда мулозимларнинг ташқарига чиқиши сал эркинроқ бўлган:

-Биз бирор сафарга боришдан олдин Бош вазир ўринбосари Исмойил Жўрабековга ëки унинг ëрдамчисига ахборот тарзида маълумот бериб қўярдик холос, дейди собиқ мулозим.

20 мингдан зиëд мулозим сафар учун изн олиши керак

Тошкент шаҳар ҳокими хорижга чиқиш учун президентдан изн олиши лозим бўлса, Ўзбекистондаги бошқа шаҳарлар ҳокимлари Вазирлар маҳкамасидан рухсат сўрашлари керак бўлади. Улардан ташқари Вазирлар маҳкамаси ижроия девони масъул ходимлари ва ахборот-таҳлилий бўлимлари раҳбарлари, Миллий ахборот агентлиги бош директори, Миллий телерадиокомпания раиси ва унинг муовинлари, Бадиий академия раиси, туман ҳокимлари – жами 15 номдаги мансабни эгаллаб турган амалдорлар Ўзбекистондан чиқиш учун ҳукуматдан рухсат олиши керак бўлади.

Конституциявий суд ҳакамлари, Ўзбекистондаги умумий юрисдикция ва хўжалик судлари судьялари, ИИВ, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитасига дохил олий таълим муассасалари раҳбарлари (ректорлари) ва ўринбосарлари (проректорлари), шунингдек, Ташқи ишлар ваўирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий ва тузилмавий бўлинмаларининг масъул ходимлари эса халқаро ва минтақавий ташкилотлар (БМТ, ШҲТ, МДҲ ва ш.к.) томонидан ўтказилаётган расмий тадбирларда иштирок этиш учун ўз командировкаларини Президент девонининг тегишли хизматлари билан мувофиқлаштиришлари лозим бўлади.

Мансабдор шахсларнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар томонидан ўтказиладиган расмий тадбирларда иштирок этиши Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширилади.

Қарорда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонунида давлат сири ёки ҳарбий сир бўлган маълумотлар билан ишлаётган ёки ишлаган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ўзларининг ёзма розиликлари асосида чекланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

“Шу важдан давлат сири ёки ҳарбий сир бўлиб ҳисобланган маълумотлардан хабари бўлган мансабдорларнинг хорижий мамлакатларга чиқиши белгиланган тартибда махсус келишувга кўра амалга оширилиши лозим”, дейилади президент имзолаган ҳужжатда.

Ўзбекистондаги вилоят шаҳар ва туманлардаги изн олиб четга чиқувчи мулозимларни санаганимизда уларнинг сони 20 мингдан ошди.

Қарорда Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ноқонуний равишда хорижга чиққанлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилган.

Кейинги пайтда мулозимларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти ва электрон мактублашма тизими ҳам назоратга олинди.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра¸ мулозимларга фақат uz доменидаги электрон почтадан фойдаланиш буюрилган.

Шунингдек, мулозимларга иш пайтида ижтимоой тармоқларга кириш ва шахсий мактуб ëзиш ҳам тақиқлаб қўйилгани маълум бўлди.

Бу чеклашлар давлат сирларининг ташқарига сизмаслиги мақсадида амалга оширилгани ҳам билдирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG