Линклар

logo-print

Украинада украинпараст ва россияпараст кучлар ўртасида қарамақаршилик кучаймоқда


Украинанинг шарқида россияпараст намойишлари кунда уюштирилмоқда.

Украинанинг шарқида россияпараст намойишлари кунда уюштирилмоқда.

Украина шарқида янги ҳукумат тарафдорлари билан россияпарастларнинг чиқишлари давом этаётгани бутун мамлакатдаги вазиятни кескинлаштирмоқда. Москва Украинада аксилрус "қонунсизлик" авж олганини иддао қилмоқда. Айни пайтда рус истилосига қарши чиққан журналист ва фаоллар бедарак йўқолди.



Россия Ташқи ишлар вазирлиги, ўз таъбири билан айтганда, Украина шарқида Россия фуқаролари ва русийзабонларга қарши авж олган “қонунсизликдан” хавотир билдирди.

Вазирлик баёнотида айтилишича, шанба куни Харьковда ультрамилатчи Ўнг Сектор гуруҳига алоқадор кишилар тинч намойишчиларга қарата ўт очган.

Харьков полицияси кичик можаро чиққанини эътироф этди, лекин ўт очган шахсларнинг Ўнг Секторга алоқадорлигига доир хабар аноним манбага асосланганини таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги шунингдек Днепропетровскда етти нафар россиялик журналистнинг ҳибсга олинганидан шикоят қилди. Вазирлик бу ҳодислар юзасидан Ғарб давлатлари ва ҳуқуқ ташкилотлари сукут сақлаётганидан таассуф билдирди.

Украина ҳукумати ва Ғарб давлатлари Москвани собиқ президент Виктор Януковични ҳокимиятдан ағдарган намойишчиларни зўравон экстремистлар, дея кўрсатиб, воқеаларни бузиб ёритаётганликда айбламоқда.

Душанба куни пайдо бўлган хабарларга кўра, эртага, икки ҳафтадан бери кўриниш бермаган Янукович яна матбуот анжумани ўтказишни режалаштирмоқда.

Янукович ўтган ойда Украина президентлигидан қувилганидан бери иккинчи матбуот анжуманини яна Ростов Донда ўтказади. 28 февраль куни Россия жанубидаги бу шаҳардан туриб қилган чиқишида собиқ президент ўзини Украинанинг ягона легитим раҳбари, деб билишини иддао қилган ва янги ҳукуматни “фашист бандитлари” дея атаган эди.

Айни пайтда, Украинанинг янги ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида, АҚШ Президенти Барак Обама чоршанба куни Украина Бош вазири Арсений Яценюкни Оқ уйда қабул қилишини эълон қилди.

Обама якшанба куни кечқурун Украинадаги вазиятни Хитой раҳбари Си Цзипинь билан телефон суҳбатида муҳокама қилди. Оқ уй мутбуот вакилига кўра, икки президент Украина суверенитети ва ҳудудий яҳлитлигини сақлаб қолиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Баёнотда шунингдек, Қрим Россия кучлари тарафидан эгаллаб олиниши ортидан юзага келган тарангликни тинч йўл билан ҳал қилиш борасида икки давлат раҳбарининг манфаатлари мос келиши айтилади.

Украинанинг ўзида, россиялик собиқ олигарх Михаил Ходорковский Киевда университет талабалари олдида чиқиш қилди. ЮКОС нефть ширкатининг собиқ хўжайини Москванинг Шарқий Украинада амалга ошираётган ҳаракатлари икки халқ ўртасидаги анънавий дўстона муносабатларга путур етказмоқда, дея таъкидлади.

Ходорковский Украинанинг янги ҳукуматини қўллаб-қувватлаб, уни “адолат инқилоби” иқтидорга келтирди, дея баён қилди.

“Украина Европа давлатига айланиши керак”, деди Ходорковский. Бунинг учун, деди у, мамлакатга хорижий сармоя олиб кирилиши, коррупция йўқ қилиниши ва халқаро ёрдам олиниши лозим.

Якшанба куни Ходорковский Киевнинг Мустақиллик майдонида минглаб украиналик олдида қилган чиқишида “Россия пропагандаси ҳар доимгидек йўлғон тарқатмоқда”, дея таъкидлаб, Россия ҳукуматини фашистлар ва нацистлар тўғрисида уйдирмалар ва Украинадаги вазиятдан ўз мақсадида фойдаланаётганликда айблади.

Россияда Қримнинг эгаллаб олинишига қарши бўлганлар жуда кўп, деди Ходорковский.

- Сизга бир нарсани айтмоқчиман – мутлақ ўзгача Россия ҳам бор. Москвада урушга қарши кўплаб одам намойишга чиқди. Улар ҳибсга олиниши ва кўп йилга қамоққа ташланиши мумкинлигига қарамасдан, бунга қарши туришди. Россияда украина ва рус халқи ўртасидаги дўстликни ўз шахсий эркинлигидан устун қўйядиган одамлар кўп, деди Ходорковский.

2003 йилда ҳибсга олинган ЮКОС нефт ширкатининг собиқ хўжайини ўтган йилнинг декабрида озодликка чиққан эди.

Айни пайтда, Украина шарқидаги минтақаларда янги ҳукумат тарафдорлари билан россияпараст намойишчиларининг чиқишлари давом этаётгани бутун мамлакатдаги вазиятни кескинлаштирмоқда.

Қрим пойтахти Севастополльда россияпараст намойишчилар украинапараст намойишчиларга ҳужум қилглани хабар қилинмоқда.

Украина шарқидаги Донецк шаҳрида минглаб россияпараст намойишчилар якшанба куни вилоят ҳокимлиги томон юриш қилиб, бинодан Украина байроғини олиб ташлаб, ўрнига Россия байроғини тикишди.

Муддатидан аввал ўтказилаётган президентлик сайлови номзодларидан бири Виталий Кличко қатнашиши кутилган намойиш россияпарастлар томонидан ҳужум қилиниши мумкинлигига доир хавотирлар боис қолдирилди.

Россиянинг Қримни босиб олишига қарши чиққан украиналик фаол ва журналистлардан камида беш нафари бедарак йўқолгани хабар қилинди
XS
SM
MD
LG