Линклар

АËҚШ эгалари намунали уй ва Captiva сотиб олишга мажбурланмоқда


Тадбиркорларга ўтказилаётган Captiva автомобили 90 миллион сўм туради.

Тадбиркорларга ўтказилаётган Captiva автомобили 90 миллион сўм туради.

Фарғона вилоятидаги бензин қуйиш шохобчаларининг эгалари янги қурилган намунали уйлардан бири ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Captiva 3 автомобилини сотиб олишга мажбурланмоқда.


Бу ҳақда хабар қилган Озодлик манбаларига кўра¸ Фарғона шаҳри ва туманларидаги АËҚШ эгаларига камида 100 минг долларга тенг ўлпон солинган.

АËҚШ соҳиблари вилоят солиқ идорасига чақиртилиб, 90 миллион сўм турадиган Captiva 3 автомобили ва нарҳи 200 миллионгача бўлган намунали уй сотиб олишга мажбурланмоқда.

Ўз исми айтилишини истамаган Қўқондаги бензин қуйиш шохобчаси хўжайини, Озодлик билан суҳбатда, тадбиркорларга ўлпон солиш механизмини гапириб берди.

-Солиқ идорасига чақиришди. Уларнинг қўлида менинг ширкатимнинг молиявий аҳволига оид барча маълумотлар бор эди. Улар менга 200 миллион турадиган намунали уйни сотиб олишни маслаҳат қилишди. Мен 148 миллион турадиган энг арзон уй олишга рози бўлдим. Кейин улар менга 90 миллион турадиган автомат коробка Captiva 3 машинасини сотиб оласан дейишди. Мен фақат уй оламан машина керакмас деб туриб олдим. Улар ҳозирча шунга рози бўлишди¸ дейди қўқонлик тадбиркор Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Фарғонадаги Озодлик манбаларининг айтишича, нафақат АËҚШ эгалари балки¸ ҳисобида пули бўлган барча бой ширкатлар намунали уй ва машина сотиб олишга мажбурланмоқда.

Озодликка келаëтган мактубларда “намунали уй қуриш” харажатлари маҳаллий тадбиркорлар ва оддий фуқаролар зиммасига юк бўлаëтгани ҳақида маълумотлар бор.

Жиззах вилоятида намунавий уй-жой қурилиши ва ободонлаштириш ишларини молиялаштириш мақсадида ўқитувчиларга ўлпон солингани ҳақида Озодликда мақола эълон қилинган эди.

Мақолада, хусусан, қурилиш ишлари учун мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларидан, шифохона ходимларидан пул талаб қилингани ҳақида айтилган эди.

Расмий маълумотларга кўра, Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистонга қишлоқ жойларида турар-жой бинолар қурилишини қўллаш учун 200 миллион доллар миқдорида кредит ажратган.

Бу маблағ асосида Ўзбекистонда 2015 йилгача вилоятларда умумий майдони 6 миллион квадрат метрга тенг 41,4 мингта намунали уйлар қурилиши режалаштирилган.

Айни пайтда намунали уйлар қурилиш жараëнида коррупция урчигани ҳам айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG