Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:25

"Chevrolet Orlando"нинг нархи ва қандай валютага сотилиши номаълум


"Chevrolet Orlando" автомобилининг тақдимотга қўйилган нусхаси.
"Chevrolet Orlando" автомобилининг тақдимотга қўйилган нусхаси.

General Motors O’zbekiston ширкати Тошкентда янги "Chevrolet Orlando" оилавий минивэнининг тақдимот маросимини ўтказди. Бироқ ҳозирча мазкур русумдаги автомобилнинг қачон сотувга чиқарилиши, нархи ва қандай валютага сотилиши номаълум.



"Chevrolet Orlando"нинг тақдимот маросими Тошкентдаги "Driver`s Village" автосалонида ўтказилган. Автосалон расмийсининг айтишича, автомобилнинг қачон сотувга чиқарилиши ҳозирча номаълум.

-Қачон сотувга чиқарилишини мен, ростини айтсам, билмайман. Шу ҳафта охири ёки кейинги ҳафтада келсангиз уни кўргазмага қўямиз. Сотиш шарти билан кўргазмага қўямизми ёки фақат тақдимот учунми, бу ҳам номаълум, ҳозирча,- деди "Driver`s Village" ходими.

Унинг айтишича, "Chevrolet Orlando" фақат нақд пулга сотилиши назарда тутилган.

-Унинг нархи ва қайси валютага сотилиши ҳозирча номаълум. Лекин у нақд пулга сотилади. Пул ўтказиш йўли билан ҳозирча сотилмайди, -деди ходим.

General Motors O’zbekiston ширкати расмийси ҳам 10 март куни тақдимот маросими ўтказилган "Chevrolet Orlando" юзасидан ҳозирча кўп нарсалар аниқлаштирилмаганини, ширкат раҳбарияти бу масалани эндигина ўрганишни бошлаганини айтди:

-Автомобилнинг презентацияси кеча бўлиб ўтди. Раҳбарият томонидан ҳозирча бу борада бирор маълумот айтилгани йўқ, унинг сотувга қачон чиқарилиши ҳақида. Ҳозир бу масалага ойдинлик киртаётган эдик,- деди General Motors O’zbekistan ширкатининг ўзини таништиришни истамаган расмийси.

Янги автомобил тўғрисида тарқатилган маълумотда айтилишича, "Chevrolet Orlando" 7 ўринли, ўртача ҳажмдаги оилавий минивэн ҳисобланади ва "Chevrolet Cruze" седани платформаси асосида яратилган. Мазкур автомобил "General Motors Korea" гуруҳи томонидан лойиҳалаштирилган.

"Chevrolet Orlando" Хоразмдаги заводда йирик тармоқли йиғиш технологияси асосида ишлаб чиқарилади. Минивэн двигатели 141 от кучига эга. Машина юз километрга 7,9 литр бензин сарфлайди ва олти босқичли автомат трансмиссиясига эга.

"Chevrolet Orlando" автомобили лойиҳаси 2009 йилда General Motors ширкати томонидан ишлаб чиқилган ва 2010 йилда Жанубий Кореядаги заводда конвейерга қўйилган. 2011 йилдан бошлаб "Chevrolet Orlando" Европа мамлакатларида сотувга чиқарилган ва ўртача 23 минг АҚШ долларидан сотилади.

Айни пайтда, Фарғонадаги Озодлик манбалари АËҚШ соҳиблари General Motors O’zbekiston ширкатида ишлаб чиқарилган нархи қиммат автомобилларни, яъни 90 миллион сўм турадиган Captiva 3 сотиб олишга мажбурланаётгани ҳақида маълумот берган эди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган автомобиллар нархининг Россия ва Украинада ўзбекистонликларга сотилаëтганидан қарийб икки баравар арзон экани кузатилади.

Йилига 250 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга экани айтиладиган GM Uzbekistan қўшма корхонасида Nexia, Cobalt, Lacetti, Malibu, Gentra каби седан, кичик ҳажмдаги Matiz ва Spark, Damas кичик автобуси ва Captiva русумидаги автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда.
XS
SM
MD
LG