Линклар

Маҳалла посбони давлат идораси билан маҳалла ўртасидаги кўприкми?


Ўзбекистондаги маҳаллалардан бири.

Ўзбекистондаги маҳаллалардан бири.

Шу йилнинг 4 март куни мамлакатдаги барча фуқаролар йиғинлари таркибида “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаларини тузиш ҳақида Ўзбекистон ҳукуматининг қарори тасдиқланди.


Ўзбекистондаги Фуқаролик жамиятининг шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти тарқатган маълумотга кўра, бу тузилма мамлакатдаги тинчлик, барқарорлик, хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хушёрлиги ва фаоллигини ошириш масалаларида фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва давлат идоралари ўртасида узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида тузилмоқда.

“Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси тўғрисидаги низом, қайд этилишича, “Фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари тўғрисидаги” қонунга мувофиқ равишда ишлаб чиқилган. Аслида маҳалла посбонлари тўғрисида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси 1999 йил апрелида низом қабул қилганди. Аммо янги низом қабул қилиниши билан ҳукуматнинг 15 йил аввалги қарори ўз кучини йўқотди.

“Маҳалла” жамғармаси вакилларига кўра, ҳукуматнинг янги низоми “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси иши янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Жамғарма ходимлари мавзуга оид бошқа саволларимизга кейинроқ жавоб беришларини айтишди, бироқ шундан кейин улар билан сўзлашишнинг имкони бўлмади.

Тошкентлик Темур ака фикрича, ҳукуматнинг маҳалла қўмиталарига оид қарорини ўзбек расмийларининг фуқаролар устидан назоратни янада кучайтириш истаги билан изоҳлаш мумкин. Темур акага кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда маҳалла қўмиталари бутунлай ҳокимиятларга тобеъ.

- Агар маҳалла қўмитасини ҳокимият тизимидан чиқарса, унда уни маҳаллага нафи тегадиган орган, деб ҳисобласа бўларди, гапнинг очиғини айтганда. Агар бу ҳокимият тизимида бўлса, ҳокимиятнинг мардикори-да, - дейди Темур ака.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистонда одамлар устидан назорат ҳар томонлама кучаяётганига Украинада содир бўлаётган воқеалар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди. Темур аканинг бу фикрига маҳалла қўмиталари иши билан яқиндан таниш бўлган Абдуқаҳҳор ака ҳам қўшилади. Унинг айтишича ҳам, “ўз-ўзини бошқариш органи” дейиладиган маҳалла қўмиталарининг ихтиёри ўзида эмас.

- Ҳақиқий ўзини ўзи бошқариш бўлса, ваколатни домкомга бериш керак. Бўйсуниши керакмас ҳокимиятга. Улар ҳоким нима деса, ўша ишни қилишади-да – мана бу ерда проблема қаерда. Бўлмаса, маҳалла ўзини ўзи бошқариши мумкин, йўли жуда кўп бунинг, - дейди Абдуқаҳҳор ака.

Унинг айтишича, маҳалла қўмиталари таркибидаги маҳалла посбонлари ҳам расмий идораларга боғлаб қўйилган.

- Маҳалла посбони битта маҳалладан иккита сайланади. Дружинник дердик-ку олдин – шу каби. Лекин буларга ойлик берилади. Улар участковойнинг измидан чиқмайди. Ўзимизчасига айтганда “қулоқ” дейишади. Шунинг учун кўп болалар кирмайди: “Мен “қулоқ” бўламанми милицияга?” деб, - дер экан Абдуқаҳҳор ака Ўзбекистонда маҳалла институтининг обрўси йилдан-йилга тушиб бораётганидан таассуф изҳор қилди.

Суҳбатдошимиз фикрича, маҳалланинг обрўсини кўтариш учун, аввало, фуқаролар йиғинларига ўзини ўзи бошқариш учун имконият яратиб бериш ва коррупцияни йўқотиш керак.

Тошкентлик Темур ака ҳам ҳозирги ижтимоий таназзул сабабини амалдорларнинг янгича ишлашга ўзларида журъат топа олмаётганида, деб билади.

- Дунёдаги цивилизованний давлатларда давлат тузуми қандай тузилган бўлса, [Ўзбекистонда ҳам] худди шу тузумни яратиш керак. Мана бу ерда ўтирволиб, элитанинг ҳам ўша тузумга ҳаваси келади – бола-чақаси ўша ёқда ўқийди, ўша ёқда яшайди. Лекин ўша нарсани бу ёққа олиб киргиси келмаяпти. Пулдан қуруқ қолади-да, агар тузум ўзгарса, - дейди Темур ака.

Маълумотларга кўра, шу кунда Ўзбекистонда 9 минг 756 та маҳалла қўмитаси фаолият кўрсатмоқда. Суҳбатдошларимиз айтганидай, ҳар бир маҳалла қўмитасида икки нафардан посбон бўлса, Ўзбекистонда шу кунда 20 минг чоғли маҳалла посбони жойларда тартиб сақлаш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига кўмаклашаётгани маълум бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG