Линклар

logo-print

Қрим Россияга қўшилиш учун мустақиллик эълон қилди


Украина парламенти қримликларни референдумни бойкот қилишга чақирмоқда.

Украина парламенти қримликларни референдумни бойкот қилишга чақирмоқда.

Украинанинг Қрим Мухтор Республикасида Россияга қўшилиш борасида референдум ўтказилиши арафасида рус қўшинлари эгаллаб олган минтақа парламентининг россияпараст депутатлари Мустақиллик декларациясини қабул қилди. Декларацияда Қрим Россия таркибида алоҳида Республика сифатида мавжуд бўлиши белгиланди.



Қрим парламентида 11 март куни ўтказилган овоз беришда залдаги 81 депутатдан 78 нафари Декларация учун овоз берди.

Ушбу Декларация Қримнинг Россияга қўшилиш масаласини референдумга олиб чиқилишини қонунийлаштириш учун кераклиги айтилди. Қрим Мухтор республикасининг навбатдан ташқари сессиясида қабул қилинган ҳужжат учта асосий моддадан иборат:

1. Агарда 2014 йилнинг 16 мартида бўлажак умумхалқ овоз беришда Қрим халқлари ва Севастополь шаҳри Россияга, унинг субъекти ўлароқ қўшилишини ёқлаб овоз берса, референдумдан кейин Қрим республика бошқарув шаклига эга мустақил давлат, деб эълон қилиниши;

2. Қрим Республикаси ўз ҳудудида тинчлик, миллатлараро ва конфессиялараро иттифоқни қўллаб-қувватловчи демократик, дунёвий ва кўпмиллатли давлат бўлиши;

3. Қрим Республикаси, мустақил ва суверен давлат сифатида, референдумнинг тегишли натижаларига мувофиқ Қрим Республикасини Россия Федерациясига таркибига Россиянинг янги субъекти сифатида қўшиб олишни сўраши билдирилган.

Бундан ташқари, депутатлар ўз йиғилишида Қрим татарлари тили ва маданияти, уларнинг мактабгача, ўрта ва олий таълимини қўллаб-қувватлашни ваъда қилди.

- Биз ягона уйимизда – Қримда биргаликда яшашни ўргандик. Биз ўзаро муаммоларимиз ва турмушимизни яхши тушунамиз. Бугун бизга улкан имконият – Қримда миллий тотувлик ва тинчликка асосланган миллатлараро жамият қуриш имконияти берилди, деди Қрим Олий Кенгаши раиси Владимир Константинов.

Шу билан бирга, Константинов қрим-татарлари билан музоқаралар олиб борилаётгани ва ҳозирча натижалар очиқланмаслигини айтиб ўтди. Озодлик Қрим татарларининг аксар қисми Украинадан ажралиш ниятида эмаслиги тўғрисида хабар берган эди.

Парламент йиғилишига татарларни “қўллаб-қувватлаш учун” Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов етиб келди. У янги тузилаётган давлат билан аллақачон муносабатлар ўрнатилганидан мақтанди.

Айни пайтда, яриморолда 16 март кунга мўлжалланган референдумга тайёргарлик кўрилмоқда. Жами умумхалқ овоз беришда 1250 сайлов участкаси фаолият кўрсатиши хабар қилинди.

Якшанба кунига белгиланган референдумда фуқаролардан Қримнинг Россияга қўшилишини қўллаб-қувватлаши ёки қўлламаслиги сўралади.

Украина парламенти Қрим парламенти референдумни бекор қилмаса, уни тарқатиб юборишга таҳдид қилди.

Ғарб давлатлари ва Украинанинг янги ҳукумати Қримдаги референдумни ноқонуний дея атаб, унинг натижаси тан олинмаслигини таъкидлаган. Украина ҳукумати Қрим аҳолисини референдумни бойкот қилишга чақирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG