Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:38

Шерали Жўраевнинг ўғли отасининг Роғун ҳақида қўшиқ айтганини инкор қилди


Шерали Жўраев кейинги 20 йил ичида Ўзбекистоннинг етакчи телеканаллари ва катта концерт залларида қўшиқ айтмайди.
Шерали Жўраев кейинги 20 йил ичида Ўзбекистоннинг етакчи телеканаллари ва катта концерт залларида қўшиқ айтмайди.

Шерали Жўраевнинг Интернетда тарқалган навбатдаги қўшиғи Роғун ва Қамбарота ГЭСларининг экологик зарарига бағишланди. Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо сўзи билан ёзилган мазкур қўшиқ Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимларида қурилаётган йирик гидроиншоотларнинг минтақамизга етказиши мумкин бўлган зарарини оҳанг василасида ифода этади.



Ўзбекистон халқ артисти, 67 яшар Шерали Жўраев Роғун ва Қамбарота ГЭСлари ҳақидаги қўшиғи Интернетга сизиб машхур бўлаëтган бир пайтда ҳофизнинг ўғли Зоҳиршоҳ Жўраев бу қўшиқнинг отасига оидлигини рад қилди.

Интернетдаги sayyod.uz нашри, Зоҳиршоҳ Жўраев “Бугунги кунда интернетда тарқалган Шерали Жўраевнинг янги сув(ГЭС)га аталган қўшиғи хақидаги хабарларни инкор этди!” дея хабар тарқатди.

Зоҳиршоҳ Жўраевнинг айтишича¸ “Отаси бундай қўшиқ куйламаган, шунчаки бир ижодкор тарафидан таклиф бўлган холос”.

Бундан аввал Шерали Жўраевнинг экологик мавзуда қўшиқ айтганини ҳофизнинг матбуот котиби Озодликка тасдиқлаган эди.

Ҳофизнинг шахсини очиқлашни истамаган матбуот котиби “қўшиқ тайёр бўлса-да, ҳофиз уни янада қиёмига етказиш устида изланаëтганлигини” билдирган эди.

Интернетда тарқалган қўшиқ аудиосини ummonmp3.net нашридан ҳам юклаб олиш мумкин.

Ўзбекистондаги Уммон гуруҳининг ўзини Анвар деб таништирган продюссери Шерали Жўраевнинг бу қўшиғини Интернетга жойламагани ва ummonmp3.net нашрига алоқаси йўқлигини айтди.

Айни пайтда, Интернетга жойлаштирилган қўшиқ ичига Уммон гуруҳи промоси жойлаштирилган.

Шерали Жўраевга оидлиги камида икки аудио эксперт тарафидан тасдиқланган "Дарёлар" номли қўшиқни youtube.com порталида ҳам тинглаш мумкин.


Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай...

Ўзбекистон халқ шоири¸ сенатор Иқбол Мирзо қаламига мансуб бу қўшиқда Тожикистон ва Қирғизистондаги Роғун ва Қамбарота ГЭСларининг номи аниқ келтирилмайди.

Қўшиқда тўғон қуриб, ўз қўшнисига чоҳ қазиган қўшнилар маломат қилинади. Қўшиқ матнида “Тўғон қуриб, дарёларга тўғаноқ бўлган зотлар” ва “Қишда қорни қизғангувчи паст”лар танқид қилинади.

Тўғон қуриб, дарёларга тўғаноқ бўлган зотлар,
Офтоб сочган зиёларнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.

Бу мисралардан кейин минтақадаги икки давлат Қозоғистон ва Туркманистон манфаатлари ҳақида ҳам ишорат кетади.

Бу дарёда қозоқ қувган маролнинг ҳам ҳаққи бор,
Махтумқули экиб кетган ниҳолнинг ҳам ҳаққи бор,

Кейинги мисраларда эса Орол фожеси ва трансчегаравий дарёлар қуйи оқимидаги ҳудудга етказиладиган экологик зарар тўғон қурган қўшинлар зиммасига юкланади.

Нон урмасин, туз тутмасин, Оролнинг ҳам ҳаққи бор,
Самум чалган наволарнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.
Қишда қорни қизғангувчи пастдан Ўзи асрасин,
Ҳамсояга чоҳлар қазган касдан Ўзи асрасин,
Табиатдан қайтар қасос-қасддан Ўзи асрасин,

Қўшиқнинг сўнгги бандида эса “дарëларни тўсмоқчи бўлган номард қўшни”ларнинг мақсади амалга ошмаслиги таъкидланади:

Сирли-сирли нидоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.
Ҳасадгўйнинг қўрғонига қуш ҳам қўнмас дейдилар,
Худойимнинг берганига номард кўнмас дейдилар,
Ношукрнинг тўғонию кўнгли тўлмас дейдилар,
Саболарнинг, ҳаволарнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.

Озодлик мухбири бу қўшиқ ҳақида изоҳ сўраб, Шерали Жўраевнинг маъмурига мурожаат қилди ва жавоб ололмади.

Баъзи маҳаллий журналистлар Шерали Жўраевнинг рафиқаси сўзларига таянган ҳолда, бу қўшиқ ҳали-бери концертларда куйланмаслигини Озодлик мухбирига билдиришган эди.

Озодлик суҳбатлашган Шерали Жўраевга яқин манбаларнинг таъкидича¸ ҳофиз бу қўшиқ орқали Ўзбекистон раҳбариятига ëқиб, ўз ижодига қўйилган норасмий тўғонни синдирмоқчи бўлган.

Манбаларнинг айтишича¸ қўшиқ ниҳоясига етгандан кейин эса баъзи сиëсий андишалар боис Шерали Жўраев бу ашуладан вақтинча масофаланишни маъқул кўрган.

67 ёшли ўзбек ҳофизи Шерали Жўраев кейинги 20 йил ичида Ўзбекистоннинг етакчи телеканаллари ва катта концерт залларида қўшиқ айтмайди.

Озодлик манбаларининг айтишича, Шерали Жўраевнинг катта саҳнада қўшиқ куйлашига юқоридан “норасмий тақиқ” қўйилган.

1947 йил 12 апрелида Андижон вилоятининг Асака туманида таваллуд топган Шерали Жўраев 1966 йили Ўзбекистон телеканалида “Ҳормангиз" деган ашулани айтганидан кейин ëшлар орасида машҳур бўлиб кетганди.

XS
SM
MD
LG