Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:15

“УзГазОйл”да савдо йўқлиги боис 500 киши ишдан бўшатилди


Ўзбекистонда кўпчилик “УзГазОйл” ширкатида ишлашни орзу қилади.
Ўзбекистонда кўпчилик “УзГазОйл” ширкатида ишлашни орзу қилади.

“УзГазОйл” ширкатига қарашли ўнлаб АËҚШда тижорий жиҳатдан ўзини оқламагани боис сервис ходимлари ишдан бўшатилди. Бу ходимларнинг пора эвазига бошқа ишга ёллангани иддао қилинган эди.

Ширкат раҳбариятининг кўп сондаги ишчиларни қисқа муддатда асоссиз бўшатаëтгани ҳақидаги иддаони “УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда исмини айтилмаслик шарти билан гапирди:

- “УзГазОйл”нинг 500 ходими март ойида ишдан бўшатилди. Улар асосан сервис ходимларидир. Яна камида 100 кишини ишдан бўшатиш режаланган. Сабаби бензин кам. Бензин кам бўлганидан кейин уни сотадиган АËҚШларда кирим бўлмаяпти. Фойда келтирмайдиган АËҚШларда қисқартириш кетмоқда. Мана шунақа давом этаверади энди қисқартириш. Бундан олдин юздан ошиқ ходимни атайлаб тиббий кўрикдан ўтказиб, "касалсан" деб, ишдан бўшатишди, - деди “УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, қисқартиришга бензин нархининг ошиб, савдо айланмаси тушиб кетгани сабаб бўлган.

- Ўзини ўзи оқламаяпти. Савдо тушиб кетган. Кирим йўқ. АËҚШ ишчиларига берилаëтган ойликни кўтармаяпти сотилган бензин. Ëзларга бориб яна 400 кишини бўшатиб юбориш режаланган, - дейди Озодлик манбаси.

“УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс иддаосича¸ ишдан асосан савдо кам бўлган АËҚШлардаги таниш-билиши йўқ ишчилар бўшатилмоқда. Аввалроқ бу ходимларнинг пора эвазига бошқа ишга ёллангани иддао қилинган эди.

Бу орада 2200 киши ишлайдиган “УзГазОйл” ширкати ишчилар сони 1700 нафарга тушгани билдирилди.

Озодлик мухбири “УзГазОйл”дан ишдан бўшатилган ва исми очиқ айтилмаслигини истаган 36 ёшли тошкентлик йигит билан ҳам суҳбатлашди.

“УзГазОйл” бензин қуйиш шохобчаларидан бирида ишлаган ва "пул тушуми кам" дея ишдан бўшатилган бу йигит ўз исм-шарифи ва манзилини аниқ айтган ҳолда, Озодликка ишдан бўшатиш тафсилотларини гапириб берди.

- Мен ўзим 1200 доллар пора бериб, сервисга бензин қуювчи бўлиб ишга кирганман. Оператор бўлиб кирмоқчи эдим, пулим етмади. Хуллас, сервисда ишлаб юрувдим. Ойлик яхши эди, аммо бир йил ҳам ишламасдан бўшатишди. Қисқариш бўлганда "йўғон қисқариб, ингичка узилди". Мен ўша ингичкалар сафида бўлдим, чунки танишим йўқ тепада, - дейди ишдан бўшатилган ишчи Озодлик билан суҳбатда.

Шу кунларда ишсиз юрган йигит “УзГазОйл” кадрлар бўлими юритаëтган “иш ўрни сотиш” тижоратининг қурбони бўлганига ишонади.

Озодлик кейинги олти ой мобайнида “УзГазОйл” ишчиларининг турли сабабларга кўра ва касаба уюшмаси қоидаларига зид равишда ишдан бўшатилгани ҳақида қатор мақолалар эълон қилди.

Бу мақолалардан бирида ўз норозилигини ифода қилган “УзГазОйл” ишчилари калтаклангани айтилган эди.

Озодлик суҳбатдошлари “УзГазОйл” ширкатида республикадаги меҳнат ҳақидаги қонун шартлари бузилиб, ишчилар ҳуқуқлари поймол қилинаëтгани борасида бир неча бор прокуратурага қилинган шикоятлар бесамар қолганидан афсус билдиришган эди.

“УзГазОйл” бошқарувига яқин шахснинг Озодлик билан суҳбатда аниқлик киритишича¸ “УзГазОйл” ишчилари Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза берганларидан кейин прокуратура ширкатда тафтиш ўтказган, ана шундан кейин ишчилар билан шартнома янгиланган ва тилхатлар ëздирилган.

“УзГазОйл” ҳақида

2010 йилгача “УзГазОйл” Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати таркибига кирар эди.

2010 йилда “УзГазОйл” асосан нефть, газ ва олтин қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва текстиль саноати билан шуғулланган “Зеромакс” таркибидан чиқарилиб, давлат корхонасига айлантирилди.

Кузатувчиларга кўра, “УзГазОйл” давлат тасарруфига ўтганидан кейин ширкатда коррупция аломатлари кўпайган.
XS
SM
MD
LG