Линклар

logo-print

Питерда тўрт кунлик чақалоқни сотмоқчи бўлган ўзбекистонлик аëл ушланди


Азиза Давурова (чапда) ва Сайлигул Нуралиева Россия полицияси томонидан бошқа жиноятлар¸ хусусан¸ фоҳишалик билан шуғулланганликда гумонланмоқда. Суратлар полиция расмий сайтидан олинди.

Азиза Давурова (чапда) ва Сайлигул Нуралиева Россия полицияси томонидан бошқа жиноятлар¸ хусусан¸ фоҳишалик билан шуғулланганликда гумонланмоқда. Суратлар полиция расмий сайтидан олинди.


Санкт Петербургда 22 яшар ўзбекистонлик аёл янги туғилган ўғлини сотиш пайтида бу савдога ëрдам берган 29 яшар тожикистонлик шериги билан бирга қўлга олинди. Тўрт кунлик болани сотмоқчи бўлган муҳожир аёллар пулни регистрациядан ўтиш учун ишлатмоқчи бўлганини билдирди.


Ўзбек боласи 25 минг рублга пулланди


11 март куни Санкт-Петербургнинг Красногвардейский туман суди янги туғилган чақалоқни сотишда айбланаётган 1985 йилда туғилган Тожикистон фуқароси ва 1992 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлларни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.

Айтилишича¸ 5 март куни Красногвардейский тумани полиция бўлимига мурожаат қилган шахс Косигин проспектидаги “Народний” универсами ёнида ёш болани сотишга уринаётган аёл тургани тўғрисида хабар берган..

"Дарҳол айтилган жойга фуқаро кийимидаги оператив ходим жўнатилди", дейди Петербургнинг Красногвардейский тумани бўйича Жиноят-қидирув бўлими бошлиғи ўринбосари Алексей Макеев:

- Оператив-қидирув амалиёти давомида 25 минг рубль эвазига болани топшираётган воситачи аёл ва тўрт кунлик ўғил боланинг онаси қўлга олинди. Россия қонунчилигига кўра, бундай жиноят учун уларга 15 йилгача қамоқ жазосига тайинланиши мумкин. Марказий осиёлик бу шахсларнинг бошқа жиноятларга ҳам алоқаси бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бу аёллар тўғрисида бирор маълумотга эга бўлганлардан бу ҳақда бизга хабар беришларини сўраймиз, деди полиция ходими Алексей Макеев.

Маълум бўлишича, полиция "мусодара қилган" чақалоқ ҳозирда шифохонада қолмоқда.

Озодлик ўз манбаларидан бола сотишда айбланиб, 7 март куни ҳибсга олинган боланинг онаси хоразмлик 22 яшар Сайлигул Нуралиева, ëш онани боласини сотишга ундаган 29 яшар тожикистонлик аёлнинг эса Азиза Давурова эканини аниқлади.

(Бу оператив лавҳа Озодликка Петербург Ички ишлар бошқармаси томонидан тақдим қилинди)

Муҳожир аёллар муаммолари билан ким шуғулланади?

Санкт-Петербургдаги “Ёшлар” Бутунроссия ҳаракати раҳбари Мақсуд Абдужабборов Россия шимолий пойтахтида¸ айниқса¸ муҳожир ўзбек аёллари томонидан чақалоқ сотиш ҳолати кескин кўпайиб кетганидан жиддий хавотирда эканини Озодликка маълум қилди.

У Сайлигул Нуралиева ва Азиза Давурова билан шахсан суҳбатлашиб, нима учун уларнинг бундай ноинсоний йўл билан пул топишга қўл урганини аниқлашга уринганини айтади:

- У менга “Регистрациям йўқ, ҳеч нарсам йўқ, пулга болани сотиб регистрация қиламан”, деб тушунтирди. Одамлар қандай ҳолга етди – регистрация учун боласини сотишга тайёр булар! Мен бу ҳақда губернатор билан гаплашаман. Регистрация қила олмаганлари пул топишнинг энг осон йўлини топиб олди – фоҳишалик билан шуғулланиш. Ўтган ҳафта Питерда ўтказилган рейдлар давомида олтита исловотхонада 35 нафар ўзбек аёли қўлга олинди. Айнан шу аёллар ўз “иш жойини” йўқотишдан қўрқиб, исталмаган ҳолда туғилиб қолган болаларни сотаяпти, ташлаяпти. Ташланган болаларнинг ярмидан кўпининг онаси фоҳишалик қилади, дейди Мақсуд Абдужабборов.



Жамоатчилик фаолига кўра¸ сўнгги бир ой давомида шимолий пойтахтда муҳожир аёлларнинг тўрт маротаба ўз боласини пуллашга уриниши қайд этилган:

- Илгари фоҳишалар сони бунчалик кўп эмас эди. Нари борса 5-10 бутун шаҳарда. Ҳозир бу иш билан кун кечираётган аёллар сони беҳад ошиб кетди! Куни билан ишлаб 500 рубл пул топиш қаердаю, бир марта ётиб турганга 500 рубл олган қаерда...Мен Ўзбекистонда ҳам бундай аёлларга нисбатан жиноий иш очилишини талаб қиламан, зора бошқаларга ўрнак бўлса! Айниқса¸ бола савдоси учун бу жавобгарликка тортилган аёлнинг яқинлари ҳам жавоб берсин – қаёққа қараяпти улар! Ўтган ҳафтада ўз боласини 80 мингга пуллашга уринган иккита аёл қўлга олингани ҳамма жойга жар солинган эди. Боласини сотишга қўл ураётган аёллар ҳеч нарсадан қўрқмай қолди, жавобгарлигини тушуниб етмаяпти, дейди ҳукуматнинг бундай иллатга кескин жавоб бериши даври етганини айтган “Ёшлар” ҳаракати раҳбари.

Мақсуд Абдужабборов¸ муҳожир аëлларнинг исталмаган чақалоғидан туғруқхонадаёқ воз кечиш имконияти борлигига қарамасдан, улар кўпчилиги бу чақалоқларни сотиб даромад қилишга уринаётганини гапиради.

У муҳожир аёллар муаммолари билан на давлат, на жамият шуғулланаётгани, мусофирликда оғир аҳволга тушиб қолаётган ўзбек аёллари мутлақо ҳуқуқий ҳимоясиз эканини ҳам эслатиб қўйди.

Суҳбат сўнггида Мақсуд Абдужабборов Петербургда марказий осиёлик хотин
-қизлар муаммолари билан шуғулланувчи “Аёллар маркази” очишга тайёргарлик кўраётганини қўшимча қилди.

“Ёшлар” ҳаракати раҳбаридан олинган маълумотларга кўра, Петербургдаги биргина “Транзит” деб номланган болаларни вақтинчалик сақлаш марказида депортацияга тайёрланган 13 нафар қаровчисиз ўзбекистонлик бола сақланмоқда¸ шаҳардаги болалар уйларида эса ота-онаси ташлаб кетган жами 70 га яқин вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси мавжуд.

27 февраль куни Озодлик радиоси ўзбекистонлик она-бола янги туғилган чақалоқни Петербургда 80 минг рубль эвазига сотишга уринганида қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG